Карло Анчелотти «Реал»даги жароҳатлар ҳақида гапирди.
Мадрид клуби Ла Лиганинг 13-турида «Осасуна»ни мағлуб этди (4:0). Биринчи бўлимда «Реал»нинг 3 футболчиси жароҳат олди.
Ҳимоячи Эдер Милитао хочсимон пайлари узилиши сабаб мавсумнинг қолган қисмида майдонга туша олмайдиган бўлди. Родриго ва Лукас Васкесда эса мушак жароҳатлари аниқланиб, улар деярли бир ойга сафдан чиқишди.
«Вазиятни яқин ойларда баҳолаймиз. Ҳозир ҳеч нарса қилиб бўлмайди. Трансферлар ҳақида ўйламайман, чунки Рождество таътилигача бор таркиб билан ишлашимиз керак.
Бугун Валверде қанот ҳимоячиси сифатида ўйнади, ёш Раул Асенсио марказий ҳимояда ҳаракат қилди... Ўтган йилгидек вазиятдан чиқишга ҳаракат қиламиз.
Тақвим футболчиларга етарлича дам бермаяпти. Бу фақат бизда эмас, умумий муаммо», — дея мадридликлар устозининг сўзларини келтиради Marca.