09.11.2024 23:05
3429
Теглар
«Чемпионликка эришиш учун барчаси Швейцария соатидек ишлаши керак». Левченко «Нефтчи»даги қарздорлик ва совриндор бўлиш имконияти ҳақида

Суперлига 24-тури доирасида Самарқандда бўлиб ўтган «Сурхон» - «Нефтчи» (0:0) учрашувидан кейин дастлаб Фарғона клуби бош мураббий Виталий Левченко матбуот анжуманида қатнашиб, журналистлар саволларига жавоб қайтарди.

- Бу учрашувни вазиятлардан фойдаланилмаган ўйин, деган бўлардим. Агар биринчи бўлимда вазиятларимизни голга айлантирганимизда учрашув бошқача ўтган бўларди. Ўша вазиятларимизда тўп қандай дарвозага кирмаганига ҳайронмиз. Бугун позицион футбол бўлди, майдонда кўпроқ кураш кечди. Ғалаба қозониш хоҳиши кучли эди, аммо бунинг учун озгина нимадир етишмади.

- Суперлига тугашига икки тур қолди. «Нефтчи»нинг совриндорлар сафига кириш имкониятини қандай баҳолайсиз?

- Қўлни туширмоқчи эмасмиз, курашишда давом этамиз. Қолган икки турдаги очколар олтинга тенг. Битта ёки иккита ғалаба турнир жадвали катта таъсир қилиши мумкин. Шундай экан, кейинги ўйинга чиқиб фақат ғалаба учун ўйнаймиз.

- Йил бошида Фарғона вилояти ҳокими чемпионлик вазифасини қўйган эди, аммо ҳозирга келиб жамоада маошлар бўйича қарздорлик борлигидан хабардормиз. Айтингчи, молиявий қийинчиликлар жамоанинг мақсадига етиша олмаганига қанчалик таъсир қилди?

- Яхши савол бердингиз. Аммо бунга жавоб бермоқчи эмасман. Чунки бу масала менга таълуқли эмас. Мен мураббийман ва ўз ишимни қиляпман. Молиявий масалалар билан боғлиқ саволларга эса мен жавоб бермаслигим керак.

- Унда саволнинг ўзингизга боғлиқ жойига жавоб берсангиз – чемпионлик мақсадига етиша олинмаганига «Нефтчи»га нима етмади?

- Чемпионликка эришиш учун барчаси Швейцария соатидек ишлаши керак. Ҳаммаси аниқ, тизимдаги ҳар бир шахс ўзи жавобгар бўлган ишига жавоб бериши лозим ва албатта, барқарорлик бўлиши лозим. Ўшанда нимадир ҳақида гапириш мумкин... Шунга қарамай, биз курашаяпмиз.

- Жамоа Нсунгуси Эффионгга қанчалик боғланиб қолган?

- Унинг жамоавий ўйиндаги жанговорлиги муҳим роллардан бири. Ҳар қандай ўйинчининг таркибда йўқлиги таъсирини ўтказмай қолмайди. Шу боис бугун у бизга етишмаган бўлиши мумкин.

(давоми бор)

Усмон Ибодов ёзиб олди.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар