Яқин ўтмишда шундай даврлар бўлдики, «Арсенал»нинг қайси манзил томон ҳаракатланаётганини англаш ва уларнинг ривожланиш йўлидан мантиқий кетма-кетликни топиш қийин бўлиб қолди. Аммо Эду ўзининг 5 йиллик фаолиятида трансфер бозорида бир қатор ақлли юришларни амалга оширди. Уларнинг энг яхши ўнтасини ушбу мақола орқали ёдингизга солишга уринамиз.
10. Габриэл Жезус
Албатта, бразилиялик футболчининг «Арсенал»даги фаолиятини у қадар омадли деб даъво қилиб бўлмайди. Бироқ ушбу харид амалга оширилган кезларни яхши эслайдиганлар Эдунинг вазиятдан унумли фойдаланиб кетиш маҳоратини эътироф этмай қолмайди. Эрлинг Ҳоланднинг келиши ортидан жамоадаги ўрнини йўқотиши ойдинлашган Габриэл билан нима қилишни на «шаҳарликлар», на футболчининг ўзи биларди. Бундай мавҳумликдан устамонлик билан фойдаланган спорт директори келишувни 45 миллион фунт-стерлинг эвазига амалга оширганди. Ўз навбатида, Жезус ҳам стартни яхши амалга оширишга эришганди, бироқ орада жароҳатлар ва 9 ойлик голсиз сериялар унга бўлган ишончни пасайтириб юборди. Лекин бу унинг трансферидаги ажойиб ишга соя сола олмайди.
9. Давид Райа
Аслида, испаниялик посбон ушбу рейтингда анча юқорироқдан ўрин олиши мумкин эди, бироқ дарвозабонларнинг фаолияти шу қадар тахмин қилиб бўлмаски, бир йилдан кейин улар қандай ўйнай бошлайди ва мухлислар уларга қай тахлит муносабатда бўладилар, билмайсиз. Ёрқин мисол сифатида Аарон Ремсдейлни олишимиз мумкин. Райа келгунича ўтган 1,5 йил муддат ичида унинг трансфери омадли юриш сифатида қараб келинарди. Райанинг ўзи ҳам келибоқ асосий посбон бўлиб кетмади. Аммо бир муддат захирада ўтириш билан бошлаган дарвозабон тез орада рақобатчисини ўз ўрнига ўтказиб, ўзи устунлар орасидан жой олди. Шунингдек, унинг нархи ҳам бу даражадаги дарвозабон учун идеал кўринишда. Дастлабки мавсумда 3 миллион фунтлик ижара шартномаси асосида «тўпчилар» постини қўриқлаган футболчи яна 27 миллион фунт-стерлинг эвазига тўлақонли трансфер қилинди.
8. Олександр Зинченко
Гарчи у аллақачон лондонликларнинг энг севимлилари рўйхатидан тушиб қолган эрса-да, украиналик ҳимоячининг «Арсенал»ни кучли тўртлик учун курашадиган жамоадан чемпионликка номзодга айлантиришдаги хизматларини камситиш ярамайди. «Сити»даги жамоадоши Жезус билан бир вақтда шимолий Лондонга олиб келинган футболчининг кучли жиҳатларини Артета «Этиҳад»даги давридан яхши биларди. «Шаҳарликлар» мухлислари ҳам, майдонда у қадар кўп вақт ўтказмаган бўлсада, унинг кетишидан бироз ранжишганди. Албатта, Зинченко ҳужум вақтида марказ зонасида жамоани қўллаб-қувватлайдиган ягона ёки биринчи футболчи эмас, бироқ у мана шу ролда ўйнайдиган футболчилар орасида энг яхши техник маҳоратга эга бўлганлардан биридир.
7. Леандро Троссард
2023 йилнинг январида трансфер бозорига кириб борар экан, Леандро Троссард «Арсенал»нинг асосий мақсади эмасди. Барча Михайло Мудрикнинг Эду томонидан «Эмирейтс»га олиб келинишини кутаётганди, бироқ «Челси» яна бир Европада ўзини исботлай олмаган ёш футболчи учун даҳшатли сумма тўлаб, украиналикнинг Лондонга сафари шаҳарнинг бошқа ҳудудида якунланишини таъминлади. Бироқ бугун Мудрик қаерда-ю, унинг ўрнига мажбурликдан харид қилинган Троссард қандай даражада?! Ўша вақтда белгиялик футболчининг «Тоттенҳем»га ўтиши ҳақида ҳам тахминлар бор эди, бироқ «шпорлар» қишки трансферлар ойнасида бу юришни амалга оширмасликка қарор қилган. Натижада, «тўпчилар»га «Брайтон» юлдузининг хариди 21 миллион фунт-стерлингга тушган. Доимий бошланғич таркиб вакили бўлмасада, ўтган 18 ой ичида 20та гол уришга эришди.
6. Бен Уайт
Ҳозир ҳеч ким Бен Уайтнинг 50 миллион фунт-стерлингга тушган трансферининг қимматлиги ҳақида гапирмайди, бироқ ўша пайт учун бу шов-шувли трансфер бўлганди. Лекин унинг майдондаги ўйинлари Эду ва унинг штаби сарфлаган пуллар ҳавога учирилмаганини исботлай олди. У бугунги кунда Артета қурган ҳимоянинг энг барқарор аъзоларидан бири ҳисобланади.
5. Деклан Райс
Доим ҳам 105 миллион фунт-стерлингга харид қилинадиган футболчилар сарф қилинган пулни оқлай билмайди, бироқ Деклан Райс борасида Эду жойига уришга эришган. Айниқса, бу позицияда ҳаракат қилувчи футболчининг бу қадар катта суммани оқлади деб ҳисоблаш учун ундан мисли кўрилмаган аниқ ҳаракатлар ва хатосиз ўйнаш талаб этилади. Боиси, ҳужумчиларнинг хатолари кечирилади, ҳимоявий ҳаракатлар учун олиб келинган футболчининг биргина хатоси ҳам унинг манзилига танқидлар бўронини йўналтириб юбориши турган гап. Узоқ йиллар янги Патрик Виейрани кутган «каннонирлар» Декс сиймосида янги таянч яримҳимоясидаги қояни топдилар. 105 миллион фунт-стерлингга харид қилинган футболчини заргарона трансфер юриши деб бўлмайди, бироқ Англия миллий жамоаси футболчиси учун тўланган пул ҳам бесамар кетмагани Эдунинг ютуғидир.
4. Габриэл Магаляеш
Бугун Габриэл Магаляеш Премьер-лиганинг энг яхши марказий ҳимоячиларидан бири. Бироқ бу даражага у Лондонга келибоқ эришмади. Бразилиялик ҳимоячи йилдан йилга ўз ўйинини яхшилаш орқали унга шубҳа билан қаровчи мухлисларнинг севимлисига ҳам айланиб олди. 2020 йилнинг ёзида «Лилл»дан кетар экан, унга «Манчестер Юнайтед» томонидан ҳам қизиқиш бор эди. Бироқ у «Арсенал»ни танлади ва бу қарор якунда тўғри ҳам бўлиб чиқди. Виллиам Салиба билан тандемда у дунёнинг энг мустаҳкам мудофаа жуфтликларидан бирини ҳосил қилмоқда.
3. Габриэл Мартинелли
2019 йилда Бразилия 4-дивизионидан Габриэл Мартинелли исмли болакайни олиб келган вақтида Эдунинг ўзи ҳам «Арсенал» спорт директорлигини энди бошлаганди. Энг қизиғи, бу йигитчанинг Англияда ўйнаши учун рухсат берилавермагач, итальян пасспортини олиб беришга мажбур ҳам бўлишган. Мислсиз энергия эгаси бўлган вингер эса ўзи учун шунча тер тўккан ҳамюртининг ишончини оқлади ва тез орада мухлислар ёқимтойига айланиб олди. Унинг бахтига, трансферидан бир неча ой ўтиб, клуб Микел Артетани мураббийлик вазифасида «Эмирейтс»га қайтарди ва испаниялик мутахассис янги даврга Мартинелли каби ёшлар билан асос солишга қарор қилди. Албатта, Габриэлнинг ҳақиқий топ футболчига айлангунича бироз вақт кетди. Аммо 2022-2023 йилги мавсумдан бери у жамоасининг чап қанотидаги ўзгартириб бўлмас футболчиси бўлиб келяпти.
2. Виллиам Салиба
Салиба ҳам Эду эндигина спорт директори сифатида Лондонда ишлашни бошлаган кезлари ва ҳеч ким кутмаган бир ҳолда «Арсенал»га олиб келинган. Бироқ ёш футболчи «Арсенал»дек клуб даражасига етиб олиши учун унга вақт берилиб, ўз ватанининг турли клубларига ижарага бериб келинди. Ушбу давр унинг етук ҳимоячи бўлиб етишиши йўлида муҳим ўрин тутди. Ва мана Эдунинг сабот билан у учун қилган меҳнатлари ўз мевасини кўрсатмоқда: Виллиам Салиба бир неча йиллар давомида «Арсенал» ҳимоясининг ишончли бўлишига ёрдам бера оладиган истиқболли ва ҳозирданоқ жуда кучли ҳимоячи.
Мартин Эдегор
Вазиятдан фойдаланиб қолиш, футболчининг даражаси ва унга тўланган трансфер пули нуқтаи назаридан Мартин Эдегор Эду даврида амалга оширилган энг яхши трансфер. 2020/2021 йилги мавсумда «Арсенал»да дастлабки ижара муддатини ўтаган норвегиялик яримҳимоячи ёзда «Реал»га қайтиб кетганди. Артета трансфер ойнасида жамоасини «Лестер» яримҳимоячиси Жеймс Меддисон билан тўлдирмоқчи эди, бироқ «тулкилар» билан келишувга эришишнинг имкони бўлмади. Маҳоратли спорт директори эса яна вазиятдан чиқиш йўлини топди. Мадридда янги мавсумда ҳам ўз ўрнини топиши даргумон бўлган Мартин Эдегор учун 40 миллион евро тўлаган «Арсенал» уни тўлақонли харид қилди. Албатта, Меддисон ҳам яхши даражадаги футболчи. Бироқ, тахминан, 65 миллион еврога ҳам сотилмаган Меддисонни 12 ой ичида «тўпчилар» сардорига айланишга улгурган Эдегор билан солиштириб бўлмаслиги аниқ. Яшавор, Эду!
Goal рейтинги асосида Абдулбасит Валихонов тайёрлади