08.11.2024 00:06
2177
Теглар
«Футбол бизни жазолади» – Абрамов «Локомотив»га мағлубият, Халиловнинг голи, Мустафоев ва Ратиньонинг жароҳати ҳақида

«Динамо» - «Локомотив» (1:2) учрашувидан кейин жамоамиз бош мураббийи Вадим Абрамов матбуот анжуманида қатнашиб, журналистлар саволларига жавоб қайтарди.

- Нима ҳам дердим, бу тарзда мағлуб бўлиш жуда ҳам аламли. Айниқса, уйда, учрашувнинг сўнгги сонияларида... Бугун ғалаба қозонишни истагандик. Ҳисоб 1:0 бўлиб турганда иккинчи голни уриш керак эди. Ўшанда ўйин тақдири ҳал бўларди. Шу боис, футбол бизни жазолади. Сен урмасанг, сенга уришади. Ҳисоб 1:1 бўлиб турганда ҳам вазиятларни голга айлантира олмадик, улар эса сўнгги сонияларда уришди. Футболда шунақаси бўлиб туради. Рақибни ғалаба билан табриклайман.

- Анваржон Ҳожимирзаевни сўнгги дақиқаларда нега алмаштирдингиз?

- Ўйин охирида у ҳимояга қайтмай қўйди ва қанотидан хавфли вазиятлар юзага кела бошлади. Унинг қанотида ҳимояга қўйилган дебютант Азизбек Аҳмедов эса ҳар доим икки ўйинчига қарши курашишига тўғри келди. Анвардаги чарчоқ аломатлари учун уни майдондан олишга мажбур бўлдим.

Узатмалардаги хатолик эса аксарият ўйинчиларнинг ўз позициясида ўйнамагани билан боғлиқ бўлиши мумкин. Қайдномамизда ўзи зўрға 19 футболчи жой олганди. Жароҳатлар сабаб ўзгаришларга қўл ургандик. Энди ФИФА кунлари сабабли танаффус юзага келади, ўйлайманки, жароҳат олган ўйинчилар қайтишади ва барчаси ўрнига тушади.

- Майдон марказидаги етакчи Ратиньо кетма-кет ўйинларни ўтказиб юбормоқда. Унинг ҳолати қандай ва Салим Мустафоев нега майдонга тушмади?

- Салим Мустафоев «Қизилқум» билан ўйиндаги жароҳати сабабли машғулот ҳам ўтказа олмаяпти. Ратиньо эса даволанишни давом эттирмоқда.

- «Динамо»нинг кейинги икки ўйини «Андижон» ва «Сўғдиёна» билан. Мотивациясиз кўринаётган жамоани қандай руҳлантирмоқчисиз?

- Буни айтиш қийин. Аммо энди бизда вақт бўлади ва кейинги ўйинлар олдидан йигитлар бироз дам олиб, баҳсларга тайёр бўлишади. Бугун ҳам аслида кўп ҳаракат қилишди, аммо омад келмади. Мавсумни яхши кайфиятда якунлаб, келаси мавсум олдидан янги мақсадлар қўйишимиз керак.

- Хислат Халиловга сиз узоқдан зарба бер деб кўрсатма берасизми ёки бу ўзининг креативлигими?

- Бу унинг устунлиги. Бунақа зарбалар йўллашга уни ўргатиш қийин. Бу машғулотнинг ўзи билан бўладиган нарса эмас.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар