07.11.2024 15:29
3583
Теглар
«Олд Траффорд»да «Аморим-бол»: Янги мураббий қўл остидаги «Манчестер Юнайтед» қандай тактик ечимлар тақдим этади?

Эрик Тен Ҳагга берилган икки мавсумдан кўпроқ муддат ичида манчестерликлар, айниқса, тактик беқарорликдан азият чекишди. Рубен Аморимнинг танланиши ҳам бу фикрни тасдиқлаяпти — у ўзининг хос услубига эга мутахассис ва у «Манчестер Юнайтед»ни қандай сайқаллаши мумкинлиги қизиқ.

«Спортинг»да 4 мавсум ишлаб, 2 бор Португалия чемпионлигига эриша олган Рубен Аморим, асосан, ўйинни тўп назорати, ҳимоя учлиги билан юқори зоналарда ўйновчи ҳимоя чизиғини ташкил қилиш ва интенсив прессинг устига қуради. Лекин у қаергадир эмас, «Олд Траффорд»га келяпти ва 11 ноябрдан эътиборан ўзининг янги жамоасини «Ипсвич»га қарши дебют беллашуви учун тайёрлашни бошлайди. Хўш, у қарашларини «қизил иблислар» таркибига қандай сингдиришга уринади?

Ҳимоя учлиги: Мартинезнинг аҳамияти

Аморим «Спортинг»да ўтказган 188та учрашувида воз кечмагани ҳимоя марказида 3 нафар ҳимоячи билан ўйнашни «Манчестер Юнайтед»га ҳам татбиқ этишга уринишини кутиш мантиқли бўлади. Opta маълумотларига кўра, у асосан 3-4-2-1 схемасида ўйнаган. Бундан ташқари, 3-4-3 ва 3-5-2 жойлашувлари ҳам унинг фаолиятида кузатилган.

Бу услубга кўникиш узоқ вақтдан бери Эрик Тен Ҳагнинг 4-2-3-1 схемасида ўйнаб келаётган футболчилардан бироз вақт талаб этиши аниқ. Нидерландиялик мутахассис қўл остида манчестерликлар бирорта баҳсни ҳимоя учлиги билан бошламади (Opta). Бу учликнинг маркази бўлишга Маттейс Де Лигт асосий номзод ҳисобланади. Унинг жисмоний кўрсаткичлари ва бу позициядаги тажрибаси уни ушбу мақом учун фаворитга айлантиради. Лисандро Мартинез ва жароҳатдаги Лени Йоро унинг иккала тарафидан ўрин олиши мумкин. Лени Йоро ҳанузгача Премьер-лига имтиҳонидан ўтгани йўқ, бироқ унинг иқтидорига шубҳа йўқ. Айниқса, мавсумолди йиғинида жароҳат олиб сафдан чиққан французнинг жамоага мослашиб кетиши учун ҳам орқа чизиқда уни суғурталаши мумкин бўлган яна 2 нафар ҳимоячининг бўлиши фойдали бўлади.

Учликнинг чап тарафини катта эҳтимол билан Лисандро Мартинез эгаллайди. Гарчи у Тен Ҳаг қўл остида энг яхши ўйин кўрсата олганлардан бўлса-да, жуда кўп эпизодларда ҳимояда кўмак етишмаслигидан азият чекканди. Янги услубда эса унга «Спортинг»да Гонсало Инасио бажарган роль юкланиши мумкин. Чунки унинг оёқ билан ўйнай олиш қобилияти Инасионикидан қолишмайди. Рубен Аморим собиқ клубида Инасиога тўп билан энг кўп маротаба ишлаш имкониятини берган ва унинг ҳар 90 дақиқа ҳисобига амалга оширадиган ўртача 95,9та аниқ узатмалари Португалия Примейрасидаги энг яхши кўрсаткич ҳисобланади. Инасиодан пайт пойлаган ҳолда яримҳимоячилар ва ҳужумдагиларга кескин узатмалар амалга ошириш талаб қилинарди ва бу вазифа «Юнайтед» ҳимоясида фақатгина Личага ишониб топширилиши мумкин. Second Spectrum статистик маълумотлар портали тақдим этган рақамларга кўра, унинг мавсум аввалидан бери 746 маротаба ҳимояланаётган футболчиларни ортда қолдириши (узатма орқали) «қизил иблислар» таркибидаги исталган ҳимоячининг натижасидан 54 фоизга яхшироқ. Яъни Аморимсиз ҳам Мартинез манкунияликларнинг билд-ап (build-up — паслар орқали рақиб босимини ёриб ўтиш) тизимида асосий мурват вазифасини бажарган.

Латералларнинг кенглик ҳосил қилиши

Аморимнинг ҳимоя учлиги керак ҳолларда ҳимоя бешлигига айланиши мумкинлиги табиий, бироқ у латераллардан асосан ҳужум қуроллари сифатида фойдаланади. Улар жамоанинг кенг периметр бўйича ўйнашини таъминлаши, гол ва ассистлари билан ҳужумларда иштирок этиши керак. Аслида, Тен Ҳаг қўл остидаги қанот ҳимоячилари ҳам анча юқори зоналаргача югуриб боришарди, бироқ ҳимояда 2 футболчининг қолишидан рақиблар бот-бот фойдаланиб кетишар ва қарши ҳужумларда гол уриб кетишарди.

Ҳимоя марказига яна бир футболчининг қўшилиши билан латераллар ҳужумга кўмаклашиш ишларини ҳимоядаги вазифаларидан хотиржам бўлган ҳолда амалга оширишлари мумкин бўлади. Албатта, Нуссайр Мазрауи ва Диогу Далот типик қанот ҳимоячилари, бироқ латерал сифатида ҳам ўйнай оладилар. Худди шундай таърифни жароҳатдаги Люк Шоуга нисбатан ҳам айта оламиз. Аморим «Спортинг»да кўплаб футболчиларни латерал сифатида порлашига сабабчи бўлди. Мисол учун, Педро Поррони олайлик. «Спортинг»да 2,5 мавсумда 13та гол, 14та ассист амалга оширган испаниялик ҳимоячи кейинчалик 39,7 миллион фунт-стерлинг эвазига «Тоттенҳем»га сотилганди. Сўнгги вақтларда Нуну Сантуш ҳам Аморим қўл остида ўхшаш натижалар қайд эта бошлади: 32та лига баҳсида 4та гол ва 10та ассист. Энг қизиғи шундаки, Нуну базавий жиҳатдан вингер ҳисобланади ва мураббийи томонидан латерал ҳимоячига айлантирган. Демакки, кам эҳтимол билан бўлсада, Алехандро Гарначо, Амад Диалло ёки Антони каби футболчиларнинг ушбу позицияга мослаштирилишини кутиш ҳам мумкин.

Угартенинг Аморим билан бирлашиши

Мануэл Угарте айнан Аморим қўл остида икки мавсум ичида таркибга ёриб кириш ва кейинчалик асосий футболчилардан бирига айланишга улгурганди. Кейин эса ПСЖ унинг учун португалларга 50 миллион фунт тўлади. «Юнайтед»даги ғалати стартдан сўнг, собиқ мураббийи билан яна бирга ишлаш имконияти уругвайлик яримҳимоячига қўл келиши мумкин. Албатта, унинг ўзида ҳам гап бор — Премьер-лигага мослашиши керак. Бироқ Аморим ундан қандай фойдаланишни билади. Ҳар ҳолда, «Спортинг»даги даврида шундай бўлган. Инасио каби ҳимоячилар тўпни юқори зоналарга етказиб бериш билан шуғулланиши талаб этилган услубда Угартенинг вазифаси уни жамоага қайта ютиб бериш эди. 2022/2023 йилги мавсумда Ману 90 дақиқа ҳисобига аниқ узатмалар кўрсаткичи бўйича «Спортинг» таркибидагилар орасида 6-ўринда бўлса ҳам, унинг ҳимоявий ҳаракатлардаги фойдали иш коэффициэнти жуда юқори эди. Унинг 121та муваффақиятли подкати Португалия олий дивизионида биринчи, Европа катта лигалари бўйича эса тўртинчи кўрсаткич бўлган. Таянч яримҳимоячиси бўлишига қарамай Угарте ўша мавсумда нақ 23 маротаба ҳужумдаги шериклари билан учлик ҳосил қилган ҳолда рақиблардан тўпни олиб қўйган ва бу ўз лигасидаги барча футболчиларнинг статистикасидан яхшироқ эди. Аморимнинг тўпсиз ўйинни қандай қуришини яхши тушунадиган Угартедек футболчи «Манчестер Юнайтед»нинг бўлғуси мураббий қўл-остидаги ўйинларида анча фойдали бўлиши мумкин. Шунингдек, у мураббийга ёш Кобби Майнуни камолга етказишда катта ёрдам бериши мумкин.

Бруну ҳужум учлигига қўшилади(ми?)

Мураббий учун ушбу позицияга қўйиш учун вариантлар етарли. Ҳатто Брунуни яримҳимоянинг пасткироқ зоналарида ўйнатиши ҳам мумкин. Лекин Аморим таянч зонасидаги яримҳимоя жуфтлигига кўпроқ ҳимоя ҳақида ўйлайдиган футболчиларни жойлаштиришни хуш кўради. Рубен жамоага мураббий сифатида келишидан бир неча ҳафта олдин «Спортинг»дан «Манчестер Юнайтед»га ўтиб кетган 30 ёшли яримҳимоячи страйкер ортига жойлаштирилишининг эҳтимоли юқорироқ.

Ҳар ҳолда, Брунуни қанотга кўчирилмаслигини тахмин қилиш қийин эмас. Айнан ҳужумчи ортида Брунунинг қанчалик фойдали футболчи эканини яхши биламиз. «Спортинг»да Педро Гонсалвеш ўйнаган ўринни «Юнайтед»да Бруну Фернандеш эгаллаши мумкин. Ҳужум зонасининг чапроғидан рақиб жарима майдони томон кириб борадиган Педро Гонсалвеш Аморим қўл остидаги 187та учрашувда 81та гол ва 56та ассист амалга оширишга муваффақ бўлган. Решфорднинг чап тарафда ўйнашни афзал кўриши Фернандешни ўнг тарафда ўйнашини тақозо этар, бироқ унинг вазифалари барибир Гонсалвешникига ўхшаш бўлиши эҳтимол.

Гокереш Ҳойлунд учун ўрнак

Рубен Аморим фақатгина сўнгги икки мавсумда росмана қотил ҳужумчи билан ўйнади. Гокереш жамоага келгунича унинг тўпурарлари ҳужуморти футболчилар — Пабло Сарабиа ва Педро Гонсалвеш бўлганди. Лекин унинг Виктор билан эришган муваффақияти «қизил иблислар» мухлисларини 72 миллион фунт-стерлингга харид қилинган Расмус Ҳойлунднинг Аморим қўл остида ўзини топишига нисбатан умидларини учқунлантиради. «Аталанта»дан харид қилинганидан бери 52та учрашувда майдонга тушиб, 18та гол уришга эришга ҳужумчи Гокереш сингари тўп билан рақиб ҳимоясини ёриб ўтиш қобилияти билан мақтана олмасада, унинг тезкор оёқлари янги мураббий қурадиган футболда асқатади.

Уларнинг статистикаларини солиштириб чиқсак, икки форвард ўртасидаги фарқлар яққол сезилади. Сўнгги икки мавсум давомида Ҳойлунд 90 дақиқа ҳисобига 1,6та зарба берган бўлса, унинг швециялик ҳамкасбида бу кўрсаткич ўртача 3,8тани ташкил қилади. Шундай экан, унинг голлари сони Гокерешдан сезиларли даражада кам эканлиги тушунарли. Ҳужумчилар учун энг муҳими — зарба. Ҳойлунд Эрик Тен Ҳаг услубида жамоанинг қолган қисмидан изоляция қилиб қўйилди ва 90 дақиқа ҳисобига ўртача 28,4 маротаба тўпга тегинди. Викторда эса бу рақам 44,6та ўртача тегинишни ташкил қилади. Мана шу тегинишларнинг ярмини 26 ёшли ҳужумчи рақиб жарима майдони ичида амалга оширган.

Бундай муаваффақиятли натижаларнинг сабаби ҳам Гокерешга жамоадошлари кўпроқ имкониятлар яратиб бера олганликларида. 39 ёшли мураббий «Олд Траффорд»да қурадиган ўйин услуби орқали Расмуснинг ҳам кўрсаткичлари сезиларли ўсишга эришиши мумкин.

Sky Sports сайтидан Абдулбасит Валихонов таржимаси.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар