«Реал»нинг муҳим ўйинлардаги кетма-кет мағлубияти Карло Анчелоттининг мураббийлик курсисини «қимирлатмоқда».
Мадрид клуби ЕЧЛ 4-тури доирасида Мадридда «Милан»га мағлуб (1:3) бўлгач, раҳбарият жамоа мураббийи Карло Анчелоттининг истеъфоси масаласини кўриб чиқмоқчи бўлган.
Relevo хабарига кўра, «Реал» раҳбарияти мавсум ўртасида Анчелоттини истеъфога чиқаришни истамаяпти, аммо жамоа натижалари яқин орада яхшиланмаса, италиялик мураббийни истеъфога чиқариш масаласини кўриб чиқмоқчи.
Айниқса, клуб раҳбариятини Жуд Беллингҳемнинг вазияти ташвишлантирмоқда. Анчелотти англиялик футболчини турли нуқталарда ўйнатмоқда, аммо у ўтган йилги ўйинини топа олмаяпти. Шунингдек, клубдагилар Арда Гюлер ва Эндрикга нега кам имконият берилаётганини тушунмаяпти.
Маълумот учун, Мадрид клуби навбатдаги баҳсни 9 ноябр куни «Осасуна»га қарши ўтказади.