06.11.2024 15:08
7057
Теглар
ПФЛ 16та клуб иштирок этадиган Суперлига-2025 формати бўйича режаларини маълум қилди

2025 йилги мавсумдан бошлаб Суперлига ғолиблиги учун 16 клуб кураш олиб боради. Бу эса табиийки ўйинлар сонинининг ошишига олиб келади, дея ёзади ПФЛ расмий сайти.

«2019 йилдан буён Суперлигада 14 клуб иштирок этиб келаётган бўлиб, мусобақада ўйинлар сони 182 тани ташкил этаётганди. Келаси мавсумдан бошлаб эса ўйинлар сони 240 тага етади. Яъни, ҳар бир клуб 15 тадан уй ва сафар учрашувида майдонга тушади. Мамлакат кубоги учрашувларини ҳам қўшиб ҳисобласа, Суперлиганинг халқаро майдонда иштирок этмаётган жамоаси учун мавсум давомида минимум 33 та расмий ўйин кафолатланади. 

Лига режасига кўра, Суперлигада 16-ўрин билан кифояланган клуб Пролигага тушиб кетади. 12-15-ўринлар эса мусобақадаги ўрнини сақлаб қолиш учун плей-офф ўйинларида иштирок этади. 12-ўринда бораётган жамоанинг ҳам хавф остида бўлиши совринли ўринлар учун курашдан чиқиши мумкин бўлган тахминан 6 тадан 10 тагача клубни мавсум давомида хушёр бўлишга ундаши мумкин. 

Плей-офф ўйинлари финалдек ўтиши учун одатга кўра ҳар бир тўқнашув фақат бир мартадан ўтказилади. Унинг биринчи босқичида мавсумни 15-ўринда якунлаган клуб 12-жамоа майдонига сафар этади, шунингдек, 13-ўриндан жой олган жамоа 14-жамоани ўз уйида қабул қилади. Яъни, мавсумни нисбатан юқорироқ ўринда якунлаган жамоанинг имконияти бироз кўпроқ бўлади. Аммо якунда плей-офф иштирокчилари орасида нисбатан яхшироқ позисияда турган клуб ҳам Суперлига билан хайрлашиши мумкинлигини ҳисобдан чиқармаслик керак. 

Биринчи босқич ғолиблари Суперлигадаги ўрнини сақлаб қолади. Мағлуб клублар эса иккинчи босқичда ўзаро майдонга тушади. Беллашув мавсумни юқорироқ ўринда якунлаган жамоа майдонида ўтказилади. Иккинчи босқични ҳам мағлубият билан якунлаган жамоа плей-оффнинг сўнгги босқичини Пролиганинг иккинчи жамоаси майдонида ўтказади.

Суперлига иштирокчилари сонининг 16 тага етказилиши лицензиялаш талаблари билан боғлиқ ҳисобланади. Яъни, ўтган 5 йил давомида Лига айнан мана шу сабаб туфайли 16 талик формат таклифига қарши чиқиб келган. Аммо сўнгги икки мавсум якунига кўра Ўзбекистон ОФК лицензиялашида фаоллик кўрсатди ва бугунга келиб 19 та клуб ОФК лицензиясига эга бўлди. 

Суперлига учун плей-офф ўйинларини Суперлига иштирокчилари бошлаб бераётгани ҳам бежизга эмас. Боиси, мусобақада клублар сонинининг 16 тага етказилиши Пролигада лицензиялаш билан боғлиқ айрим муаммоларни келтириб чиқаради. Шу сабабдан плей-офф ўйинларига Пролиганинг бир нечта клубини жалб этишга Лига ҳозирча тайёр эмас. Шундан келиб чиқиб, 2025 йилги мавсумни Пролига ғолиби сифатида якунлаган жамоа Суперлигага тўғридан-тўғри йўлланма олса, мусобақанинг иккинчи жамоаси яримта йўлланмани бутун қилиш учун плей-офф ўйинларида иштирок этишига тўғри келади», - дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Лига шу ва бошқа режаларни тез орада ўтказиладиган ЎзПФЛ Ижроия қўмитаси йиғилишида ҳимоя қилади.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар