Ўтган ҳафтада «Металлург» клубидан истеъфога чиқарилган Григорий Колосовский жорий мавсумнинг ўзида учинчи жамоада иш бошлади.
«Юртимиздаги таниқли мутахассислардан бири Григорий Колосовский «Локомотив» бош мураббийи этиб тайинланди.
Клубимиз бугун Григорий Анатолевични бош мураббий сифатида ЎзПФЛ рўйхатидан ўтказди. Мураббийлар штабида Денис Тойменсов ёрдамчи мураббий сифатида фаолият олиб боради. Мавсумнинг қолган учта ўйинида Григорий Колосовский жамоани бошқаради.
Григорий Анатолевич билан 2024 йил охиригача шартнома имзоланди. Навбатдаги ўйинларда янги бош мураббийимизга омад ва зафарлар тилаб қоламиз», - дейилади «темирйўлчилар» клуби матбуот хизмати хабарида.
Tribuna.uz манбасига кўра, «Локомотив» жамоасини аслида Самвел Бабаян бошқаради, Колосовский эса одатдагидек унга ёрдам бериб, расман бош мураббий сифатида фаолият юритади.
Эслатиб ўтамиз, Колосовский 2019 йилнинг иккинчи ярмида ҳам «Локомотив»да Самвел Бабаяннинг ёрдамчиси сифатида фаолият юритган эди.
Маълумот учун, «Локомотив» 18 очко билан Суперлига якунига 3 тур қолганда 13-ўринни эгаллаб турибди. 14-ўриндан эса 16 очкога эга Колосовскийнинг собиқ жамоаси «Металлург» ўрин олган. «Локо» эртага, 7 ноябр куни Самарқандда «Динамо» меҳмони бўлади.
Аввалроқ, «Локомотив» Александр Крестининни истеъфога чиқарган эди.