Ўзбекистон бокс федерацияси Умар Кремлёв раҳбарлигидаги IBA’ни тарк этиб, World Boxing халқаро бокс ташкилоти аъзолигига қабул қилинди. Бу ҳақда ташкилот расмий сайти хабар қилган.
Қайд этилишича, World Boxing Ўзбекистондан ташқари, Қозоғистон, Гватемала ва Лаоснинг аъзолик аризасини қабул қилган ва шу тариқа, ташкилотга аъзо миллий федерациялар сони 55та мамлакатга етган.
Кеча, 3 ноябр куни АҚШнинг Колорадо штати Пуэбло шаҳрида ўтган бутунжаҳон бокс федерациясининг йил якунларига бағишланган конгрессида Ўзбекистон ва яна уч мамлакатнинг ташкилот аъзолигига қабул қилингани эълон қилинган.
«Ўзбекистон ва Қозоғистон сингари етакчи бокс мамлакатларининг World Boxing аъзосига айлангани улкан воқелик бўлиб, Осиёда ҳали 13та аъзо мамлакатга эга янги ташкил этилган халқаро федерациянинг қитъадаги ўрнини сезиларли даражада оширди», - дейилади баёнотда.
Ташкилот хабарида, Ўзбекистон сўнгги Париж Олимпиадаси бокс баҳсларида 5та олдин медал билан умумжамоавий рейтингда биринчи ўринни эгаллагани эътироф этилган.
Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон бокс федерацияси ушбу маълумотни ҳали расман тасдиқламаган.
Эслатиб ўтамиз, Париж-2024 Олимпиадасидан олдин Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) Халқаро бокс ассоциациясига (IBA) аъзо бўлган миллий федерациялар спортчиларига 2028 йилги ёзги Олимпиада ўйинларида иштирок этишни тақиқлаганди.
«Бокс 2028 йилги Олимпиада ўйинларининг спорт дастурига киритилмаган. ХОҚ бокс бўйича бундай олимпия мусобақасини бошқа ўтказа олмаслигини маълум қилди. Буни бартараф қилиш учун Олимпиада бокси ишончли ва яхши бошқариладиган халқаро федерация томонидан ташкил қилиниши керак. Миллий федерацияси IBA аъзоси бўлган ҳар қандай боксчи 2028 йилги Олимпия ўйинларида иштирок эта олмайди. МОҚ ишончли ҳамкор ташкилотисиз боксни Олимпия ўйинларида ташкил этмайди. Миллий федерациялар уларнинг боксчилари Олимпия медалига эга чиқишни истаса, унда ишончли, барча талабга жавоб бера оладиган, яхши бошқарувга эга халқаро федерация атрофида бирлашишсин», - деган эди МОҚ президенти Томас Бах.
Маълумот учун, Париж-2024 бокс баҳсларида етакчи бўлган Ўзбекистон ва яна бир қатор мамлакатлар ушбу ташкилот аъзоси саналарди. ХОҚ қарори эса Ўзбекистон бокс федерациясини бу борадаги қийин танлов олдида қолдирди ва якунда ЎБФ World Boxing аъзосига айланди.