Жозе Моуринио Туркия чемпионатидаги ҳакамлик ҳақида ғазабланган ҳолда нутқ сўзлади.
«Фенербаҳче» 11-турда сафарда «Трабзонспор»ни қўшиб берилган вақтнинг 12-дақиқасида киритилган тўп эвазига мағлуб этди (3:2). Мезбонлар иккала голни ҳам пеналтидан уришди. Ушбу ўйинда VAR учун Атилла Караўғлон жавобгар эди.
«Фенербаҳче» 10 ўйиндан 23 очко жамғариб, Туркия чемпионати турнир жадвалида 2-ўринга кўтарилиб олди. «Галатасарой» 28 очко билан пешқадамлик қилмоқда.
«Биз ортиқ Атилла Караўғлонни ўйинларимизда кўришни хоҳламаймиз. Тизимга қарши курашамиз! Майдонда ёш ҳакам бор эди, лекин унинг ортида Караўғлон турди. У кўринмаган ҳолда учрашувнинг асосий «қаҳрамон»ига айланишга муваффақ бўлди.
Мен «Фенербаҳчe» номидан гапираман. Биз бу ҳакамни на VAR'да, на ҳакам сифатида кўришни истамаймиз. Ўзим ишонмаган баъзи нарсаларни муҳокама қилдик, лекин ҳамма нарса бундан ҳам баттарроқ эканлиги маълум бўлди. Кучли рақибларга қарши ўйнаймиз, шу билан бирга VAR тизимига қарши ҳам. Бу — энг қийин қисми.
Биз VAR'га қарши ўйнадик. Шу боис ғалабадан кейин жуда кўп байрам қилдик. Биз жуда ва жуда кучли одамларни мағлуб этдик. Таслим бўлмаймиз.
Мени бу ерга олиб келган фенербаҳчеликлардан жаҳлим чиқди, улар фақат ярим ҳақиқатни айтишибди. Агар улар менга ҳамма нарсани айтиб беришганида, бу ерга келмасдим.
Ҳамма нарса ўзгаради, агар VAR тизими яхшироқ бўлса. «Фенербаҳче» кўпроғидан хабардор.
Рақибнинг Брайтга қилган қўполлиги қизил карточкага лойиқмасми? Ўша вақтда Караўғлон қаҳва ичаётганди ва буни кўрмади. Аммо у иккита пеналти беришга тайёр эди. Тизим менга ҳужум қилади!
Бизга фол бўлган эпизодларда у турк чойи ичаётганмиди? Бизнинг эпизодларимизда у ухлаб қолди. Бу кулгили. Буни жиддий қабул қилиб бўлмайди.
Мен турк эмасман, сиз турклар бу ҳақда гапиришингиз керак. Агар гапирсам, жим қилишади, улар менга ҳужум уюштиришади. Сиз турклар бу ҳақда гапиришингиз керак. Биз тозамиз!» — дея португалиялик мутахассиснинг сўзларини келтиради Fanatik.