01.11.2024 22:38
1218
Теглар
Спорт курашлари бўйича ЖЧ-2024. Абдулрашид Садуллаев – 6 карра жаҳон чемпиони, Ўзбекистон медалсиз якунлади

Албания пойтахти Тирана шаҳрида спорт курашлари бўйича ноолимпия вазн тоифаларидаги 2024 йилги жаҳон чемпионати якунига етди. Турнир ўзбекистонлик атлетлар учун омадсиз тугаган бўлса, россиялик эркин курашчи Абдулрашид Садуллаев рекордчига айланди. Мусобақа қоидаларига кўра, ушбу жаҳон чемпионатида Париж-2024 Олимпиадасида иштирок этмаган курашчилар қатнашишди.

Ўзбекистон турнирни медалсиз якунлади

Спорт курашлари бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси Албаниядаги ноолимпия вазн тоифаларидаги жаҳон чемпионатида иштирокини эрта якунлади. Афсуски, мазкур турнир атлетларимиз учун кўнгилдагидек ўтмади.

2 нафар юнон-рум курашчимиз Абдулло Алиев (-72 кг) ҳамда Жалгасбай Бердимуратов (-82 кг) бронза медали учун ўтиш босқичида имкониятни бой беришган бўлса, эркин курашчимиз Мирзо Ҳайитов (-79 кг) иккинчи босқичида мағлубиятга учради. Шу тариқа, вакилларимиз турнирни медалсиз якунлашди.

Рекордчи Абдулрашиддан 6-чемпионлик

Эркин кураш баҳслари россиялик таниқли курашчи Абдулрашид Садуллаевнинг 6-чемпионлиги билан ёдда қолди. 92 килограмгача бўлган вазн тоифасида иштирок этган Садуллаев барча рақибларини мағлуб этишга эришди. Эътиборлиси, у бу вазн тоифасида иштирок этиши ҳақида сентябр ойида билгач, бир ярим ой ичида 98 кгдан 92 кггача вазн ташлашга эришди. Шунга қарамай, Абдулрашид Тиранада ажойиб натижани қайд этди. У финалда ЖЧ-2022 бронза медали соҳиби грузиялик Мириан Майсурадзега қарши гиламга чиқиб, рақибига имконият (6:0) қолдирмай, олтин медалга эга чиқди.

Шу тариқа, Садуллаев эркин кураш тарихида учта турли вазн тоифасида жаҳон ва Европа чемпионига айланган илк спортчига айланиб, рекорд қайд этди. Доғистонлик курашчи бунгача -92 кгдан ташқари, -86 ва -97 кг вазн тоифасида ҳам чемпионликни қўлга киритганди.

«Ҳар бир қийинчилик ортидан бир енгиллик келади. Уч йиллик танаффусдан кейин шоҳсупага қайтганимдан хурсандман. Бу менинг олтинчи олтиним. Яратганга беҳисоб шукур. Бу ғалаба билан фаолиятимдаги ўта оғир йилга якун ясадик. Шахсан мен учун Тиранадаги бу олтин – Олимпиадалардаги иккита олтиним билан тенг», - дея ёзади Садуллаев.

Умумжамоа ҳисоби: Япония – пешқадам, Озарбойжон ва Қозоғистон учликда

Эркин кураш, юнон-рум кураш ва аёллар ўртасидаги баҳслар якунига кўра, Япония жами 6та медал – 4та олтин, кумуш ва бронза билан умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллади. Озарбойжон эса 3та олтин билан 2-ўринни банд этган бўлса, Қозоғистон 1 олтин ва 2та кумуш билан учликдан жой олган.

Шунингдек, Грузия, Эрон, Хитой, Франция, Мўғўлистон, Руминия ва Туркия ўнликдан жой олди.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар