«Реал» Испаниядаги сув тошқини қурбонлари учун хайрия қилди.
Испания жануби-шарқидаги Валенсия провинциясида кучли ёмғир ва Дана бўрони кенг кўламли сув тошқинларига сабаб бўлди. Охирги маълумотларга кўра, камида 95 киши ҳалок бўлган. Валенсиянинг айрим ҳудудлари сув босган йўллар туфайли узилиб қолган, электр ва алоқада узилишлар юзага келган, кўприклар вайрон бўлган.
Пайшанба куни Испания Қироллик футбол федерацияси Ла Лига ва Сегунданинг 5 та ўйини, шу жумладан, 2 ноябр куни Месталяда ўтиши керак бўлган «Валенсия» — «Реал» баҳси қолдирилишини эълон қилди.
Аввалроқ «Реал» жамғармаси Қизил Хоч жамияти билан биргаликда сув тошқини жабрланувчилари учун маблағ йиғиш аксияси очилиши ҳақида хабар берганди. Мадрид клуби аксияни 1 млн евро хайрия билан бошлади.