Суперлигада чемпионлик остонасида турган «Насаф» клуби келаси мавсум таркибини кучайтиришни мақсад қилган.
Қарши клуби янги мавсумда Элит Чемпионлар лигасида иштирок этиши кутилаётгани сабабли раҳбарият бир қатор янги ўйинчиларни таклиф этиши, улар орасида жамоа «Динамо» ўйинчиларига қизиқиш билдираётгани ҳақида хабарлар тарқалганди. «Насаф» бош мураббийи Рўзиқул Бердиев янги мавсум олдидан клубнинг трансфер шорт-листи катта экани, улар орасида «Динамо» ўйинчилари ҳам борлигини тасдиқлади.
- «Насаф» келаси мавсум ОЧЛ Элит лигасида ўйнашга яқин ва клуб ҳозирда «Динамо»нинг айрим ўйинчиларига қизиқиш билдираётгани ҳақида маълумотлар бор. Бу қанчалик ҳақиқат?
- Тўғри, режамизда, яъни шорт-листимизда кўп ўйинчилар бўлади, аммо қайси трансфер амалга ошиши, кимни танлашимиз ҳам кўп нарсага боғлиқ. Ҳозир режамизда 50га яқин ўйинчилар бор, улар орасида бошқа клубларда ўзини яхши кўрсата олаётган футболчилар ҳам. Келаси йил Элит лигасида ўйнамоқчи бўлсак, бизга малакали ўйинчилар керак. Шорт-листимиз кенгроқ, бу қанчалик амалга ошади, кўрамиз. «Динамо» ўйинчилари ўзини яхши томондан кўрсатяпти, аммо кимнидир шартномаси бор, яна кимнидир олишга имконимиз бўлмаслиги мумкин. Яъни, бу кўп нарсага боғлиқ. Режаларимиз қанчалик амалга ошишини вақт кўрсатади», - дея Рўзиқул Бердиевнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.
Аввалроқ, «Динамо» футболчилари Жоэл Кожо, Анваржон Ҳожимирзаев, Хислат Халилов ва Ратиньога бир қатор клублар қизиқиш билдираётгани ҳақида хабарлар тарқалганди.