«Наполи» бош мураббийи Антонио Конте А Серия 10-туридан ўрин олган «Милан»га (2:0) қарши ўйиндан сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
«Биз бу мавсумда шунчаки реалистмиз. 10-турдан кейин пешқадамлигимиз ақл бовар қилмас кўринади, бу бизнинг энг идеал орзуларимизда ҳам йўқ эди.
Ўйиндан ўйинга ўтишимиз керак. Мен ўз номим ва касбим билан бошиданоқ масъулиятни ҳис қиламан, чунки қандайдир муваффақиятларга эришдим. Ҳар бир клуб мавсумни бошлашда ўз мақсадларини билади — биз ҳам шундай. Мақсадимиз — еврокубокларга қайтиш, чунки «Наполи» 14 йил ичида биринчи марта халқаро майдонда йўқ. Йўлланма олсак яхши, лекин биламизки, яна 5-6 та клубда ҳам шундай амбиция бор.
Ўтган мавсумда бу жамоа пешқадамдан 41 очкога ортда қолганини унутманг. Биз «Наполи» мухлисларининг орзуларини рўёбга чиқаришни хоҳлаётганимизни яширмаймиз, бироқ оёққа туришимиз керак.
Мени ғурурлантирадиган нарса шундаки, биз 4 ой ичида алоҳида ўйинчиларни эмас, балки жамоа ҳақида ўйлайдиган яхлит коллективни ярата олдик. Клуб раҳбарларидан тортиб, тиббиёт ходимлари, агрономларгача — ҳамманинг қараши, нияти бир. Буларнинг барчаси ажойиб муҳит яратади.
Мен шу эҳтирос ва иштиёқ билан нафас оламан. Ҳам хавотирдаман, чунки доим ғалаба қозонишни хоҳлайман. Ходимлар ва футболчилардан миннатдорман, чунки мен уларни стрессга солаётганимни тушунаман ва ўзимдан қанча талаб қилсам, улардан ҳам кўп нарса сўрайман. «Наполи»даги иштиёқ — жуда катта масъулият ва агар ғалаба қозонмасангиз, ўйинлардан кейинги кунлар қийин бўлишини тушунаман. Бу — кайфият тезда ўзгариши мумкин бўлган эмоционал жой.
Жамоа яхши ишлаётганидан хурсандман, лекин муваффақиятсизликлар ва хатоларга тайёр бўлишимиз керак. Биз «Наполи» мухлислари ўз жамоаси билан фахрланишларини истаймиз ва, менимча, улар буни бугун барча футболчиларда, ҳатто бир неча дақиқа ўйнаганларда ҳам кўришди. Бу жамоа билан ишлашда иштиёқмандман, чунки улар биз қилаётган ишимизга ишонишади», — беди неаполликлан устози DAZN'га берган интервюсида.