29.10.2024 18:34
3179
Теглар
Вадим Абрамов: «Иккинчи голимизни ҳисоблашмади, майли «Насаф»нинг вазияти пеналти экан, нега сўнгги дақиқалардаги вазиятда бизга пеналти берилмади?»

«Динамо» - «Насаф» (1:2) учрашувидан кейин дастлаб Самарқанд жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов матбуот анжуманида журналистлар саволларига жавоб қайтарди.

- Биз деярли мамлакат чемпионига айланган клуб билан ўйнадик. Уларни ғалаба билан табриклайман. Голгача яхши ўйнадик, ваҳоланки иккинчи голни ҳам киритган эдик, бироқ негадир уни ҳисобга олишмади. Билмадим, эҳтимол қоидалар ўзгарган бўлса керак. Ҳар ҳолда офсайдда бўлган Кожога пасни рақиб ўйинчисининг ўзи берганди. Ўша вазиятга ВАР аралашиб, голни инобатга олади деб ўйлагандим. Аммо бутун бригада биргаликда қарор қабул қилиб, голни бекор қилишди. Ўйин охирида эса дарвозамиз томон пеналти белгилашди. Яхши, мана шундай вазиятда пеналти қўйишар экан, нега сўнгги дақиқаларда тўп рақиб футболчисининг қўлига текканида бизга пеналти беришмади? Тушунарсиз. Айтаяпманку, ВАР аслида адолатни тиклаши керак эди, аммо охирги пайтларда ВАР ёрдам бера олмаяпти, ВАРда адолат бўлаётганини мен кўраётганим йўқ. Офсайд бўлса ВАР буни кўрмаяпти, билмадим, бизга келганда ВАР ёмон ишлаяпти. Ўзимизни ВАРни ташкил қилишимизга тўғри келади, шекилли.

- Бугун «Динамо»га нима етишмади деб ўйлайсиз? Ратиньо ва Иминовнинг йўқлиги сезилдими?
- Уларда жароҳат бор. Менимча гол киритгунча яхши ўйнадик. Нега, ҳимояга ётиб олиб тўпни тепиб юборишни бошлаганимизни билмайман. Аслида ўзимиз айбдормиз. Голдан кейин футбол ўйнашни тугатдик. Тажрибали фурболчилар тўпни сақлаб қолиши ва жамоани олдинга бошлаши керак эди.

- Жамоанинг режалари қандай?
- Мавсумни бир текисда ўтказа олмадик.  Асосий вазифамиз йигитларнинг миясини тўғирлашимиз керак, чунки мавсум ҳали тугагани йўқ, бундай кайфият бўлмаслиги керак. Аввало, бу мавсумни яхшилаб тугатиб олишимиз керак. Кейинги йил учун йил охирида режа тузамиз. Афсуски, бугун тушиб қолган ҳолатимизга ўзимиз сабабчимиз. Насафни табриклаймиз. Уларда анчадан бери бирга ўйнаётган таркиб бор. Худди улар сингари олдимизга чемпионликни мақсад қилиб қўйишимиз керак.

- Келаси мавсумда раҳбариятни талабларида ўзгариш бўладими?
- Албатта, биз ҳам бундан умидвормиз. Бу шаҳарда футболни яхши кўришади. Футболга келишади. Улар бунга ҳақли. Шу ўринда мухлисларимиздан яна бир бор мағлубият учун узр сўрайман. Шундай жамоа тузишимиз керакки, Самарқандда қачон мағлуб бўлганимиз мухлисларни ёдидан чиқиб кетсин.

- Хислат Халилов гол киритганидан сўнг сизни олдингизга келди. Бу ёқимли ҳолатми?
- Албатта, йигитлар ҳаракат қилишмоқда. Хислат буни уддалаётганидан хурсандман. Тўғриси, кўпроқ ёшлар жамоада бўлишини истайман. Агар Самарқандда ёш футболчилар учун машғулот ва ўйин ўтказиш учун шароитлар яратилса, иқтидорли футболчилар жуда кўп. Уларга имкон бериш керак.

- Кожога бугун бир неча бор танбеҳ бердингиз. Вазиятни тушунтириб бера оласизми?
- Тўғриси, унинг терма жамоага ҳаммадан олдин кетиб, ҳаммадан кейин келиши жаҳлимни чиқаради. Бу борада у билан суҳбатлашиб олдик. Тушунаман, бу терма жамоа, аммо клубга ҳам вақтида келиш керак. Бу ўз-ўзидан машғулот жараёнига салбий таъсир кўрсатади. У бугун ўзига ўхшамади. Футболни алдаб бўлмайди, - дейди Вадим Абрамов.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар