29.10.2024 11:49
3345
Теглар
«Динамо» – бу йил энг ўйнайдиган жамоа бўлди». Бердиев камбэк, чемпионлик ва ОЧЛдаги имконият ҳақида

«Динамо» - «Насаф» (1:2) учрашувидан кейин Қарши жамоаси бош мураббийи Рўзиқул Бердиев матбуот анжуманида иштирок этиб, ҳали чемпионлик масаласи ҳал этилмаганини айтиб, «Динамо» жамоасини бу мавсумдаги ўйини учун эътироф этди.

- Қўшнилар жанги айнан мана шундай ўтиши керак – дербига хос ўйин бўлди. Ўйинга келадиган бўлсак, «Динамо» жамоаси голига қадар бизга нисбатан эркинроқ ҳаракат қилди. Бизда эса босим сезилгандек эди. Лекин «Динамо» ҳисобни очгач, ўз жамоамни таний бошладим ва босим йўқолгандек бўлиб, эркинроқ ҳаракат қила бошладик. Бунинг эвазига, ўзгаришлар ва ғалабага бўлган иштиёқимиз билан бугун ғалаба қозондик, деб ўйлайман. Чунки, «Динамо» гол урганидан кейин кўпроқ ҳимояланишга ва ҳисобни сақлаб қолишга эътибор қаратди. Бугун ғалаба қозонишимиз шарт эди, очко йўқотишга ҳақимиз йўқ эди. Мухлисларимизни бу муҳим ғалаба билан табриклайман.

- «Насаф» азалий орзуси – чемпионликка неча фоизга етишди?
- Биз яқинмиз. Аммо деярли деган жумлани олиб ташлашимиз керак. Қолган ўйинларга ҳам жиддий ёндашамиз ва шундан кейин мақсадга етишиш мумкин. Ўз вазифамизни бажариб бўлгандан кейингина тўхташ мумкин. Йигитлар буни тўғри тушуниб турибди. 

- «Насаф» сўнгги ўйинларда очколарни йўқотди, ОЧЛдаги охирги баҳсда мағлуб бўлди, бугун ҳам сўнгги дақиқалардагина ўйин тақдирини ҳал қилди. Бу нима билан боғлиқ?
- Руҳият билан эмас, манимча сабаб бошқа. Бизнинг шиоримиз бор – «Насаф»га ўхшаши йўқ», дейишади. Баъзи бир ўйинларда шунақа камчиликларимиз билан ўйнаб турамиз. Ҳаммани ҳурмат қиламиз, аммо баъзи жамоаларга қарши етарлича руҳий тайёргарлик билан майдонга туша олмаймиз. Шу боис ўртамиёна жамоалар ва ҳимояланадиган рақибларга қарши муаммога дуч келамиз.

ОЧЛда эса ҳаммаси ҳали олдинда. Эътибор берган бўлсанглар, Иорданиядаги аввалги ўйинда тўлиқ таркибда бормадик, ўйин амалиёти кам бўлган ўйинчиларни туширгандик. Кейинги турлар Қаршида ўтади ва бу баҳсларда вазиятни ўнглаш мумкин. ОЧЛ баҳсига ҳамма ўйинчиларни олиб борганимизда бугунги ўйинга таъсир қиларди. Чунки «Динамо» жамоаси биз мағлуб бўлган «Ал-Ҳусейн» жамоасидан жиддийроқ рақиб. Шу боис ОЧЛ ўйини эмас, Самарқанддаги баҳсга кўпроқ эътибор қаратгандик. Аммо барибир сафарлар ўйинимизга таъсир қилди.

- «Насаф» деярли чемпион, «Динамо» эса 8-ўринда. Аммо бу йилги ўзаро ўйинларда 3 марта дуранг қайд этилди ва бугун ҳам тенгкураш кузатилди. Cизнингча, ўринлардаги катта фарқ нима билан боғлиқ?
- «Динамо» бизга жиддий қаршилик кўрсатиши аввалдан бўлган. Олдин ҳам баъзида «Динамо», баъзи биз ютганмиз. Ҳозир буни аниқ айта оламан, тан олиш керак – «Динамо» бу йил энг ўйнайдиган жамоалардан бўлди. Таркиби ҳам шунга мос. Шу сабабли бизга бемалол қаршилик кўрсата олаяпти. Яна бир жиҳати «Динамо»нинг бизга қарши ўйини бошқача чиқади ва тайёргарлиги ҳам. Бу дерби мақомидаги баҳс бўлганлигидан бўлса керак. Бугун ниҳоят 4-ўйинда уларни мағлуб этдик, шунда ҳам мағлубиятга учраб тургандик. «Динамо» ҳужумкор ўйинни яхши кўрадиган жамоа, - дейди Рўзиқул Бердиев матбуот анжуманида.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар