29.10.2024 16:35
10401
Теглар
Эгасини топган «Олтин тўп». Ёки «Реал»га нисбатан адолатсизлик қилиндими?

Кеча футболда ҳеч қандай муҳим учрашув бўлмади, ҳеч ким навбатдаги чемпионликни нишонламади, бирор ҳакам ҳақли голни бекор қилмади, ҳеч ким жароҳат олмади. Шунчаки, тугаганига анча вақт бўлган мавсумнинг якунлари бўйича кимларгадир турли индивидуал совринлар топширилди, холос. Аммо ижтимоий тармоқларда икки лагер ўртасида тортишувлар авж олди ва ҳамон тинмаяпти.

Қайсидир маънода ташкилотчилар ниятига етишди – футбол майдонида содир бўлмаган ҳодисалар футболда муҳим воқеликка айланмоқда. Бу бир тарафдан яхши, албатта, йил бўйи тер тўккан футболчиларнинг ҳам шу тарздаги celebrity онлари бўлиши керакдек, аммо бошқа томондан, УЕФА Винисиусни мем қилиб тақдим этиши, «Реал» клубининг эса аразлар тадбирга келмаслиги жуда хунук – тадбир савиясини туширади.

Шундай бўлса-да, қарийб 70 йиллик тарихга эга бўлган совринда қайд этилган номлар муҳим. Бу футбол тарихининг муҳим парчаси ўлароқ ёзилади ва ҳеч қачон ўчмайди. Шу жиҳатдан олсак, турли саволларга жавоб излаш мантиқли. Ўзи «Олтин тўп» ғолиби қандай аниқланади ва қай даражада адолатли? Мухлислар нега норози ва улар нима дейишяпти?

Натижа адолатсизми?

Натижа адолатсиз бўлгани, Родрини кимлардир танимаслиги ҳақидаги иддаолар энг кулгили, зеро «Франс футбол» қандайдир ҳисоб китоблар билан ғолибларни эълон қилмайди ёки «Оскар» совринига ўхшаш ҳайъат аъзолари ҳам йўқки, танловнинг мантиғи ҳақида фикр юритилсин. Айнан нималарга эътибор қаратиш, овоз бериш сиёсати, қайсидир футболчининг ёки позициянинг устунлиги ҳақида тавсияномалар бермайдики, бу овоз берувчиларга босим бўлсин. Биргина тавсия, футболчиларнинг айнан 2024 календар йилида эмас, 2023/24 йиллар футбол мавсумидаги иштирокига баҳо бериш сўралади (Дарвоқе, мана шу тайминг ҳам қайсидир маънода мухлислар кайфиятига, вазиятни баҳолашга ёки қабул қилишга халақит бериши турган гап. Ўтган сафар Мессининг ғолиблиги ҳам қандайдир шубҳали кутиб олинган, чунки аргентиналик футболчининг жаҳон чемпионатидаги ғалабаси 2022 йил охирида содир бўлганди, овоз бериш ва ғолибларни эълон қилиш пайтида эса, Месси аллақачон «фаолиятини тугатган», «Манчестер Сити» требл қилиб, Ҳоланд ва Родри лойиқроқ экани ҳақида фикрлар кўпайганди. Бу сафар ҳам қисман таъсир қилди – атиги уч ой олдин кўпчилик Родрининг Испания миллий жамоасидаги ўйинларидан сўнг бемалол «Олтин тўп»ни унга бемалол топшираётганди, футболчи жароҳат олиши, айни пайтда футбол ўйнамаётгани ўша кайфият унутилишига сабаб бўлди. Менимча, 2023/24 йиллар мавсуми якуни бўйича топшириладиган соврин ўша мавсум тугашидан бироз ўтиб топширилиши мақсадга мувофиқ).

Хуллас, «Олтин тўп» соҳиби қандай аниқланади?

Жорий мавсумдаги кўрсатган ўйини, жамоаси билан эришган ютуқларидан келиб чиқиб, нашр номзодларнинг 30 талик рўйхатини тақдим этади. Ушбу номзодлар ичидан ҳар бир овоз берувчи ўз ўнлигини тақдим этади ва ўнликдаги ўрнига қараб 15, 12, 10, 8, 7, 5, 4, 3, 2 ва 1 балл берилади. Барча овозлар йиғилиб, баллар жамланади ва ғолиб аниқланади.

Кимлар овоз беради? Барча давлатдан футболга ихтисослашган етакчи журналистлар, айни пайтда рейтингда топ-100 да турган футболчилар, шунингдек, 50 нафар аёл футболчи. Яъни, жуда кўп. Бир неча юзлаб овозларни назорат қилиш, кимнингдир ғолиблигини таъминлашга ҳаракат қилиш имконсиз, зеро, масалан, жаноб Перес бемалол ўз жамоаси билан керакли суриштирувни амалга ошириб, овозларни ҳисоблашдаги эҳтимолий хатоликни аниқлаши мумкин. Бу фақат вақт талаб қиладиган жуда осон юмуш ва агар шу пайтгача ҳеч ким овозларни қайта ҳисоблаб, фарқни тақдим этмаган экан, «Франс футбол»ни адолатсизликда айблаш ноўрин.

Ҳа, аниқлаш тизими кимгадир ёқмаслиги мумкин, аммо токи ушбу тизим ичида хато йўқ экан, уни адолатсиз деб баҳолаш мантиқсиз. Бу соврин тўғри ёки нотўғри эмас, бу соврин шунақа, тамом.

Эътирозлардан яна машҳури – ўтган йиллардаги ғолиблар ёки ғолиб бўла олмаганларни мисол қилиб, «агар Родри бўлса, нега Иниеста олмаган?» қабилидаги фикрлар. Бу ерда аввало, мантиқий адашиш бор – хўп, агар сиз Иниестани «Олтин тўп»га лойиқ эди, деб ҳисобласангиз, нега Родрига ҳам норози бўляпсиз? Иниеста лойиқ бўлса, Родри ҳам лойиқ дегани эмасми? Яъни Родрининг ғалабасини ҳақиқатнинг рўёбга чиқиши сифатида нишонлаб, яна Иниестанинг ҳам олиши кераклигини айтишда давом этиб юраверганингиз тўғри эмасми? Агар Родри нолойиқ деб ҳисобласангиз, нега Иниестани лойиқ ҳисоблагансиз?

Месси ва Роналду даври тенденцияни ўзгартириб юборган

Албатта, бу ерда узвийлик талаб қилиниши ҳақида ҳам гап бор. Доим бир хил мантиқ ишлаши кераклигини талаб қилиш бор. Лекин агар ростан ҳам 2010 йилда хато бўлган деб ҳисобласак, шундан кейин деярли ҳар сафар ўша хатони такрорлаш қанчалик тўғри бўлади?

Ўша йиллардаги «Олтин тўп»лар ҳақида Жозе Моуринио жуда яхши фикр билдирди яқинда:

— 2010 йилда Снайдернинг «Олтин тўп»ини «ўғирлашганмиди»?

— Ўшанда ким олганди совринни?

— Месси.

— У ҳолда йўқ, ўғирланмаган. Ҳа, Снайдер ўшанда менинг қўл остимда треблга эришган, Жаҳон чемпионатида финалгача борган. Ажойиб, албатта, Снайдер бундай мавсум учун учликда бўлишга арзийди. Аммо Месси ва Роналду даври шундай даврки, уларнинг «Олтин тўп»ларини «ўғирланган» дейиш хато.

Мен шу фикрга тўлиқ қўшиламан. Доим «Олтин тўп»ни «Эл класико»га айлантириб юборадиган «Реал» ва «Барселона» мухлислари ҳам қувватлаши керак. Ростан ҳам Месси ва Роналду ўзга даража, бошқа оламга чиқиб кетгандики, уларнинг даврида бошқа кимгадир «Олтин тўп» бериб бўлмасди.

Ҳа, ўша пайтларда ҳам жамоа билан қўлга киритилган совринлар аҳамият касб этган, аммо фақат иккиси ўртасида. Месси ва Роналдунинг қайси бири ўша йили кўпроқ соврин ютса, овозлар ўшанга кетаверган. Иккиси ҳам катта соврин ютмаган йилларда ҳатто статистикага қараб ҳам устунлик оғиб кетаверган. Месси ва Роналду турганида, Рибери, Снайдер, Иниеста ёки Азар ҳақида ўйлаш ростан ҳам жуда қийин бўлган. Албатта, баъзи алоҳида журналист ёки футболчи бошқача фикрлаши ва ўз овозини ўз мантиғидан келиб чиқиб ишлатиши мумкин, аммо жуда кўп овоз берувчилар бўлганда, барибир умумий натижа умумий мантиққа бўйсунаверади. Умумий мантиқни эса, юқорида Моуринио жуда яхши тушунтирган.

Шунинг учун «Олтин тўп» мантиғини англашга ҳаракат қилганимизда, Роналду ва Месси тўп юқори савияда тўп сурган мавсумларни қўшмаслик керак. Келинг, аввалроққа қайтамиз, хўш, Винисиуснинг Чемпионлар Лигасидаги қаҳрамонликлари тош босадими ёки миллий жамоадаги ўйинларми?

Чемпионлар Лигаси шунчалик муҳим турнирми?

2008-2020 йилларда, яъни Роналду/Месси даврида Роналду 5 марта, Месси 3 марта Чемпионлар Лигасини ютади ва ўша йиллари «Олтин тўп»ни олади. Шу даврда ўтган миллий жамоалар турнирларида фақат бир марта Роналду Португалия билан Европа чемпионатини ютган, холос. Ўша йили у ЕЧЛда ҳам зафар қозонган. Айтмоқчиманки, Месси ва Роналдунинг қайси бирига «Олтин тўп» топширилиши кераклиги ҳақида бош қотирилганда, табиийки, 8 марта Чемпионлар Лигаси ғолиблиги муҳим аҳамият касб этган. Бири ЕЧЛ ютган мавсумида иккинчисига «Олтин тўп» берилиши имконсиз эди. Назаримда, айнан мана шу омил мухлислар наздида Чемпионлар Лигаси даражасини «Олтин тўп» сўровномасида аслидан анча юқорига кўтариб қўйди. Гўёки, «Олтин тўп» айнан ЕЧЛ ғолибига берилиши керак деган нотўғри тасаввур пайдо қилди.

Асослаш учун Месси/Роналду давридан аввалги совриндорларга қараймиз. Чемпионлар Лигаси пайдо бўлган 1990-йиллардан буёғини олганда фақат 2 марта, ҳа, атиги 2 марта «Олтин тўп» Чемпионлар Лигасида ғолиб чиққан жамоа аъзосига берилган. 2000 йилда Луиш Фигу ва 2007 йилда Кака. Қолган 13 мавсумда «Олтин тўп»ни олган футболчи Чемпионлар Лигаси ғолиби эмас, тасаввур қиляпсизми?

Миллий жамоалар мусобақалари эса, аксинча, керагидан ҳам кўпроқ тош бош босганига гувоҳи бўламиз. «Олтин тўп» тарихига қарасак, қуйидаги тенденция кузатилади:

– агар жаҳон чемпиони Европа мамлакати бўлса, «Олтин тўп» эгаси ўша жамоадан бўлган;

– Европа чемпионати ўтказилган йилларда «Олтин тўп» эгаси чемпион жамоа вакили бўлган.

– 1996 йилдан сўнг, яъни соврин бошқа қитъа вакилларига ҳам берила бошлангач, 1998-2006 йиллар давомида «Олтин тўп» жаҳон чемпиони бўлган жамоа вакиллари – Зидан, Роналдо ва Каннаварога топширилган.

Яъни, агар Роналду/Месси даврини қавс ичига олсак, ушбу соврин ғолиблари тенденциясига кўра, 2023/24 йиллар мавсуми учун Винисиус Жуниор эмас, Родрига берилиши мантиқан мос келади. Ҳар иккиси ҳам ўз мамлакатида клуби билан чемпионга айланди. Винисиус «Реал» билан Чемпионлар Лигасини ютган бўлса, Родри Испания билан Европа чемпионига айланди. Ҳар иккиси ҳам чемпионлик йўлида энг муҳим фигуралардан бўлишди.

Аммо Европа чемпионати Чемпионлар Лигасидан кўра салмоқлироқ ҳисобланишини юқорида кўриб чиқдик. Родри бир йил олдин Европада требл қилиб, финалда ҳал қилувчи голни урганида совринни жаҳон чемпиони Мессига топшириб, аслида ундан пастроқ мавсум билан ҳам Европа чемпионатида ғолиб чиққан йили шоҳсупага чиқаётганида ҳам тушунарли мантиқ бор – миллий жамоалар футболи устун. Бу аслида тўғри ҳам. Футболчилар клубда катта маош олишади, кўпроқ эътибор қаратишади, умуман футбол клублар бошқарувига ўтиб бўлган бир даврда миллий жамоалар нуфузини ушлаб туриш ҳам аҳамиятли саналади.

Шунингдек, Дани Карваҳал ҳам бор. У Винисиус билан Чемпионлар Лигасини ҳам, Родри билан бирга Европа чемпионатини ҳам ютди. ЕЧЛ финалида гол урди, Еврода етакчилардан бўлди. Шахсан мен учун унинг Испаниядаги ўрни Родриникидан кам эмас ва агар овоз бериш имконияти менда бўлганида Карваҳални биринчи ўринга қўйган бўлардим. Лекин бу Родрининг ғолиблиги ноҳақ эканини англатмайди. Сиз Винисиусни энг лойиқ ҳисоблашингиз ҳам мумкин, бу ҳам инкор қилинмайдиган бир фикр. Овоз берган журналистлар ичида Винисиусга овоз берганлар ҳам жуда кўп, ҳеч ким уларни ноҳақ дея олмайди. Ҳамма масала ҳам шунда. Бир қанча овозлар йиғилиб, якуний натижа пайдо бўлади. Биз эса буни қабул қиламиз, холос.

Хулоса ўрнида савол туғилади, агар «Манчестер Сити» мухлисларига Родрининг «Олтин тўп»и ўрнига ўтган баҳордаги ЕЧЛ ғолиблигини таклиф қилишса рози бўлишармиди? «Реал» мухлислари-чи? Менимча, жавоб аниқ. Футбол майдонда ҳал қилинадиган жамоавий ўйин. Жамоанинг ютуқлари, совринлари энг олий мақсад бўлиши керак ва аслида шундай ҳам. Кечаги каби тадбирлар ҳеч қачон футболни ўз ортидан эргаштира олмайди, аксинча, футболнинг ортидан юришга мажбур. Шундай экан, аввалдан белгиланган шартлар остида ҳақли тарзда ғолибни табриклайлик ва ниҳоят, бундан буён энг жамоавий футболчи ҳам «Олтин тўп»ни қўлга кирита олиши мумкин бўлаётганини нишонлайлик.

Қ. Асланов

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар