«Манчестер Юнайтед» бош мураббийи Эрик тен Ҳаг АПЛ 9-туридан ўрин олган «Вест Ҳэм» (1:2) билан ўйиндан кейин ўз фикрларини билдирди.
«Футболда доим ҳам энг яхши жамоа ғалаба қозонавермайди. Бугун биз рақибдан анча яхши ўйнадик ва имкониятларимиздан фойдалана олмадик, ҳакам эса жуда нотўғри қарор қабул қилди — майдонда ҳам, унинг ташқарисида ҳам.
Ўйлайманки, биз жуда яхши ўйнадик. 60-дақиқагача жамоамизни
томоша қилиш жуда ёқимли эди. Ўйинимиз динамик, ўзгарувчан, креатив эди, кўплаб вазиятлар яратдик. Бизга етишмаётган нарса — «қотиллик».
Мавсум олдидан бизга VAR жараёни қандай ташкил этилиши ҳақида кўрсатма берилганди: у яққол хатодагина аралашади. Бу сафар аниқ хатолик йўқ, шунинг учун VAR аралашмаслиги керак эди. Улар Брунунинг қизил карточкасига аралашишлари керак бўлган «Тоттенҳэм»га қарши ўйинда буни қилишмади, бу нотўғри қарор эди ва энди улар бизга қарши вазиятдан аралашиш орқали яна бир ёмон қарор қабул қилишди. Иккала қарор ҳам ўйин ҳисобига сезиларли таъсир кўрсатди.
Айтганимдек, мен шахсан кимнидир эмас, балки жараённинг ўзини танқид қиляпман. Майкл Оливер VAR тизимига масъул эди, лекин майдондаги ҳакам қарор қабул қилиши керак ва у 3 дақиқа давомида такрорни кузатди. Шубҳасиз, шунчалик узоқ кўришдан сўнг эпизоднинг ўйинга таъсирини ҳисобга олсак, пеналти белгилашдан ўзини тийиши керак эди.
Ҳакамлар билан гаплашдим, лекин қарор аллақачон қабул қилинган, ортга қайтиш йўқ, бу футбол. Бу мавсумда учинчи марта адолатсизликни ҳис қиляпман. Бу жамоага ва натижаларимга, шунингдек, жадвалдаги ўрнимизга катта таъсир кўрсатмоқда. Бу нотўғри», — дея нидерландиялик мутахассиснинг сўзларини келтиради MEN.
Эслатиб ўтамиз, 87-дақиқада манкунианликлар ҳимоячиси Маттейс де Лигт жарима майдончаси ичида Дэнни Ингз билан тўқнашиб кетди. Аввалига бош ҳакам Дэвид Кут қоида бузилишини кўрмади, бироқ видеоассистентнинг маслаҳатидан сўнг такрорни томоша қилиш учун кетди. Вазиятни кўриб чиқиш жараёни тахминан икки дақиқа давом этди, шундан сўнг ҳакам пеналти белгилади. Жарредд Боуэн эса ғалаба тўпини киритди.