25.10.2024 14:32
3151
Теглар
Дэвид Бекҳэм — ошпазлик қобилияти, Мессининг кадр ортидаги сиймоси ва яқин дўстини ишдан бўшатишга мажбур бўлгани ҳақида

Рио Фердинанд ўзининг «YouTube» саҳифасида Дэвид Бекҳэм билан суҳбатини эълон қилди ва ушбу интервю таржимасининг 2-қисмини эътиборингизга ҳавола этамиз. Бу қисмдa Бекҳэмнинг «Реал»га ўтиши, МЛСни қандай ўзгартиргани ва Мессининг сиз кутмаган даражадаги меҳнаткашлиги ҳақида сўз боради.

Фердинанд: «Сен ўз вақтида «Манчестер Юнайтед»дан «Реал»га ўтгандинг. Ҳозир Жуд Беллингҳэм ва Киллиан Мбаппе каби футболчиларнинг бу йўлдан бораётганига қараб сендан сўрамоқчиман: бу — қанчалик қийин вазифа?»

Бекҳэм: «Жуд каби футболчиларнинг бу каби ёш вақтида «Реал»га ўтиб, у ерда амалга оширган ишлари ҳайратланарли. Лекин унинг бундан ҳам ёш пайти «Бирмингҳэм»дан «Боруссия Дортмунд»га ўтишга қўрқмагани ҳам қандай даражадаги шахсиятга эга эканлиги ва уни ўраб турган яқинларининг унга нисбатан қандай ишончда эканлигини кўрсатиб турганди. У фаолияти давомида кўплаб мардонавор қарорлар қабул қилди. Лекин унинг Мадрид меҳрини қозонишига фақатгина ўйини эмас, самимийлиги, майдонда ва унинг ташқарисида меҳнат қилишдан қочмаслиги, уларнинг тилини ўрганишга бўлган интилиши — барчаси бир бўлди ва у мухлисларнинг севимлисига айланди.

Биласанми, «Реал»да доим меҳнаткаш футболчилар ва севимли футболчилар бўлган. Мен кўп меҳнат қилувчилар қаторида эдим, мисол учун. Мухлислар меҳрини қозонишнинг бирдан бир йўлини шунда кўрганман. Сабаби, жамоамизда юлдузлар кўп эди, мен эса доим ҳаммасига қаттиқ меҳнат эвазига эришиш керак, деб ҳисоблардим. Жуд эса ҳар иккала гуруҳ футболчилари қаторига кира олди. У — мухлисларнинг севимли юлдузи, шу билан бирга жуда меҳнаткаш. Менимча, мана шу ҳислати унинг дастлабки мавсумдаги муваффақиятига сабаб бўлди».

Фердинанд: «Жуд Беллингҳэмга қараб, у менга сенинг майдондан ташқаридаги муваффақиятинг йўлидан кетаётгандек туюлади: Ким Кардашианнинг лойиҳасида иштирок этмоқда, «Луи Вуиттон» компаниясининг юзига айланди… Сен ҳам унинг майдондан ташқаридаги ишларида ўзингни кўрасанми?»

Бекҳэм: «Айтиб ўтганимдек, Жуднинг атрофида яхши инсонлар жам бўлган. Ота-онаси ажойиб одамлар, укаси ҳам яхши йигит. Аммо энг аввало, Жуд қабул қилаётган ҳар бир қарор жуда тўғри бўлиб чиқмоқда. У майдонда яхши ўйин намойиш этаверар экан, шунга ўхшаш катта шартномалар унинг манзили томон келаверади. У ҳам, ота-онаси ҳам бу каби ишлар унинг майдондаги фаолиятига салбий таъсир кўрсатиш даражасига етмагунига қадар давом этишаверади».

Фердинанд: «Сенинг ўзинг ҳам дунёнинг жуда кўплаб брендларининг юзи бўлгансан. Бундай шартномаларни имзолашда нималарга эътибор қаратардинг?»

Бекҳэм: «Мен доим узоқроқ вақтни кўзлаб, қарор қабул қилишга ҳаракат қиламан. Бренднинг менинг имижимга қандай мос келишини ўйлайман ва узоқ муддатли шартномалар имзолашга уринаман. Мисол учун, «Adidas» билан шартномам мана 20-25 йилдан бери давом этяпти, бизнинг алоқаларимиз фарзандларимнинг ёшидан ҳам катта ёшга эга. Бироқ ҳар қандай компания билан шартнома имзолашда, энг биринчи навбатда, бу келишув футболимга салбий таъсир кўрсатмаслигини ўйлайман».

Фердинанд: «Мен бошқа жамоадошларимиз билан суҳбатлашганда ҳам бу саволни бердим, сендан ҳам сўрамоқчиман. Сен билан мен катта фаолият олиб бордик ва бугун турли йўналишлардамиз. Фарзандларимизга имкон қадар яхши шароит яратиб бердик, лекин уларни муваффақиятларга очлик ва меҳнат қилишга қандай ўргатиш ҳам муҳим. Сен бу борада қандай йўл тутасан?»

Бекҳэм: «Бу — жуда қийин масала. Чунки улар бизникидан мутлақ фарқли ҳаёт тарзидан ўсиб келишди. Лекин улар билан яхши муносабат ўрната олсанг, гаплашиб турсанг, уларда мана шундай менталитетни шакллантириш мумкин. Агар қилаётган ишларига меҳр қўйишса, уни бажаришлари аниқ. Мен фарзандларим масаласида ҳам омадлиман. Бруклин фотографлик қилди, ҳозирда ошпазлик билан шуғулланяпти. Ромео йиллар давомида теннис ва футбол ўйнади. Круздек кечаси билан гитара чалиб чиқадиган одамни умримда кўрмаганман. Уларда ўзларининг ишларига муҳаббат бор, сендан талаб қилинадигани — йўл-йўриқ кўрсатиб юбориш».

Фердинанд: «Сени яхшигина ошпаз эканлигингни биламан. Бу қандай шаклланган?»

Бекҳэм: «Ҳаммаси онамдан, у жуда яхши овқат пиширарди. Бундан ташқари, анча ёшлигимдан бошқа шаҳарга кўчиб ўтишимга тўғри келган, шулар сабаб ошпазликка меҳрим тушиб қолган. Бир куни Майамида эканлигимда Серхио Бускетс билан гаплашиб ўтиргандик, у менга испанча омлетни яхши пиширишини айтиб қолди. У пиширган таом менга жуда ёқиб қолди ва тайёрланиш услубини олиб, келгуси бир ҳафта давомида шу овқатни яхши тайёрлашни ўрганиш билан шуғулландим».

Фердинанд: «Кел, яна бир меҳринг тушган нарса ҳақида гаплашамиз, сен футбол клуби сотиб олдинг. Ёш болалигингда бутсиларингнинг ипини боғлаётиб, шундай нарса ҳақида ўйлаганмисан? Чунки сен ҳаётингдаги ҳар бир нуқтага ўзига хос стратегия билан келасан».

Бекҳэм: «Мен клуб хўжайини бўлишни болалигимда орзу қилганман дея олмайман, лекин ёш футболчи сифатида буни хоҳлай бошлагандим. Мен ҳеч қандай мураббий ёки менежер бўлишни истамаганман, бунга иқтидорим йўқ деб ҳисоблардим, лекин клубим бўлишини орзу қилардим. Буни яхши уддалай оламан, деб ўйлардим. Америкага келган вақтимда эса менда шундай имконият пайдо бўлди. «Лос-Анжелес Гэлакси» билан шартномамнинг бир қисми клубга эгалик қилиш имконияти эди ва мен бу таклифни дарҳол қабул қилганман. Бу жуда яхши шартнома эди ва улар яна шундай келишув амалга оширишади, деб ўйламайман.

Мен учун биргина масала — шаҳар танлаш қолганди. Мен «ЛА Гэлакси»да 6 йил ўйнадим ва ўша вақтда Майамининг ўз жамоаси йўқ эди, ўтмишда бўлган. Майамини шаҳар сифатида яхши кўрардим, у ерда кўп вақт ўтказганман. Одамларининг футболга бўлган меҳрини биламан, уларнинг этник хилма-хиллиги ҳам футбол клубининг муваффақият қозонишига замин яратарди ва энг аввало, мен футбол клуби ташкил этар эканман, уни одамларнинг кайфиятини кўтариши ва қизиқтиришини истаганман. Майамининг яшаш тарзи билан одамларни қизиқтириш учун сенга дунё футболи юлдузлари керак. Лос Анжелесдаги вақтим яхши ўтган, оилам мазза қилиб яшаган, Викторияга ҳам ушбу шаҳар ёқарди ва мен ўзим ўйнаган тажрибали клубдан қандай қилиб америкаликларни стадионга жалб қилиш йўлларини ўрганганман. Бу борада босснинг (Сэр Алекс Фергюсон) фикрини ҳам олганман. Унинг олдига борганман, клуб сотиб олганимни айтганман ва у менга ўз маслаҳатларини берган. У бир неча соат давомида мен билан ўтириб, қайси йўлдан боришим, қайси футболчиларга эътибор қаратишим ва академияни қандай юритишим ҳақида кўрсатмалар берган. Бундан ташқари, мен Флорентино Пересдан кўп нарсани ўрганганман. У клубига доим энг кучли юлдузларни олиб келган ва ўта муҳташам стадион қуришга эришди.

Сен ҳам биласан, босс академияларга жуда катта эътибор қаратарди. Мен Лос Анжелесга келганимда клубдагилардан Америкада академиялар қандай ишлаши ҳақида сўраганман, улар эса мамлакатда бирорта футбол академияси йўқлигини айтган. Мана ҳозир ҳар бир клубнинг ўз академияси бор. Бу — нафақат МЛС учун, балки бутун мамлакат учун муҳим воқеа. Ҳа, жамоамизда Лео, Серхио Бускетс, Хорди Алба ва Луис Суарес каби юлдузларни кўришдан жуда бахтиёрман, лекин улар ўзаро пас ўйнаётиб, тўпни Бенжамин Кремаскига — академиямиздан чиққан ёш йигитчага узатиши ва унинг мана шу юлдузлар билан ўйнаши мени ғурурга тўлдиради.

Хуллас, 12 йил аввал имзоланган шартнома мендан жуда кўп ишлашни талаб қилди ва бу ўзига хос чақириқ эди. Бугун эса мана шу меҳнатимиз мевасини таркибимиз ва эришган ютуқларимизга қараб оляпмиз ҳамда уларнинг қилган меҳнатларимизга арзишини кўришдан хурсандман.

Фердинанд: «Академиялар қуришни айнан сенинг таклифинг билан бошлашганми?»

Бекҳэм: «Ҳа, айнан мен — Дэвид Бекҳэм бу ишни бошлаганман ва бу менинг масъулиятларимдан бири эди. Ҳа, мен бу лигага «Лос-Анжелес Гэлакси» футболчиси бўлиб келганман, аммо менинг келишимдан бошқа бир мақсад — мамлакатда футболнинг спорт сифатидаги мавқейини кўтариш эди. Ўша пайтда МЛСда 14та жамоа ўйнарди, келгуси мавсумдан бизда 30 та жамоа бир мусобақада иштирок этади. Бугун 26 та фақат футбол учун мўлжалланган стадион бор, ўша вақтда эса бутун АҚШда бундай майдонлар сони 6 та эди.

Бундай катта ишнинг бир қисми бўла олганимдан фахрланаман, бироқ олдимизда қилинадиган ишлар кўп. Леони олиб келишда ҳам асосий мақсадимиз уни Америкага совға қилиш бўлган. Чунки унинг келиши жуда кўплаб ёш болаларни футболга нисбатан илҳомлантиради ва бу — мамлакат учун муҳим ҳодиса. Баъзида ўзим ҳам уни жамоамизда кўриб, кўзларимга ишонмайман. Ҳалигача уни пуштиранг либосда кўриш мени тўлқинлантириб юборади».

Фердинанд: «У шартнома имзолангунига қадар ва ундан кейин ўзини қандай тутди?»

Бекҳэм: «Лео — жуда ажойиб инсон. Боссдан ўрганган асосий нарсам шуки, гап сенинг энг катта юлдузларни олиб келишингда эмас, жамоангга мос футболчиларни жалб этишингда. Агар сен энг катта футболчилардан бирини олиб келсанг ва у сенинг жамоангга мос келса, ошиғинг олчи. Лео билан шундай муваффақиятли келишув амалга оширдик. Мен унинг майдонда ажойиб ўйнашини билардим, лекин унинг майдон ташқарисида ҳам жамоамизга ёрдам беришидан умидвор эдим. У ўзини яхши ҳис қилиши учун ўзига яқин бўлган инсонлар — Серхио, Луис ва Хордини унинг атрофига йиғдик. Унинг оиласи яхши шароитда яшаши, болаларининг яхши мактабда таҳсил олишини таъминлаш биз учун муҳим вазифа эди. Барчаси ўз ўрнида экан, Лео ўз ишини бажараверади ва у ўргатиш масаласида жуда беназир. У шундай инсонки, академиядан чиққан ҳеч бир футболчини назардан четда қолдирмайди ва уларга ўргатишга ҳаракат қилади. Академиямизда ёш футболчиларнинг ўйинини томоша қилгани келади. У машғулот залига энг биринчи бўлиб келади ва охирги бўлиб кетади».

Фердинанд: «Қизиқ, биз уни бундай деб билмасдик. Доим шундай гап юради-ку: Роналду ютуқларига қаттиқ меҳнат орқали эришган, Мессида эса ҳаммаси туғма истеъдод».

Бекҳэм: «Менимча, сенда шундай менталитет бўлмай туриб, бу қадар катта ютуқларга эришишинг имконсиз. Сендан ташқари жуда кўплардан Криштианунинг қаттиқ меҳнат қилиши ҳақида эшитганман ва унинг бу учун мухлислар томонидан ҳурмат қилинишини тушунаман.

Кел, сенга Леонинг клубдаги биринчи куни ҳақида айтиб берай. У дастлабки кунги машғулотларга тонгги 6:50да етиб келган. Машғулот базасида уни ичкарига киритиб юборган йигитдан бошқа бирор кимса бўлмаган. Жамоа эса соат 10да машғулот ўтказиши керак эди. Шунча пайт давомида у нима қилган деб ўйлайсан? У машғулотга тайёрланган. Залга кирган, майдонда чигилёзди машқларини бажарган. Ёш болаларга машғулотни бошлашдан олдин бажартириладиган машқлар бор-ку, шуларни у бутун фаолияти давомида бажариб келган. Уни ҳаммамиз анчайин босиқ одам сифатида билардик, лекин мен уни ғолиб инсон деган бўлардим. Чунки шунча ютуқларга эришиб ҳам, у ҳамон ғалабаларга нисбатан очликни сақлаб қолган. У ҳамон чемпионликни хоҳлайди, футболчиларнинг ўз вазифасини тўғри бажармаслигидан жаҳли чиқади, ҳали ҳам ютказиб қўйганида ғазабланади. У жароҳат олиб, майдонга туша олмайдиган кунларида ҳам трибунада ўтиради. Ваҳоланки, келишга мажбур эмас, лекин Лео бирорта ўйинни ўтказиб юбормайди».

Фердинанд: «Унинг қаттиқ ишлаши ҳақида гаплашаётиб, сенинг ҳам сидқидилдан меҳнат қиладиган футболчи бўлганингни эсладим. Бу қаердан келган?»

Бекҳэм: «Отамдан ва у берган тарбиядан. Мен ҳар куни ота-онам қандай қийналиб меҳнат қилишини кўрардим. Ёшлигимдан унинг юзини ерга қаратишни хоҳламаганман. Улар мен учун, машғулотим учун пул сарфлашарди, ҳар йили янги бутсилар олиб беришарди ва шунинг учун ҳам ота-онамнинг ишончларини оқлаш учун жонимни бериб ишлардим. Дадам кечқурун 8да ишдан келса ҳам, ҳовлимизнинг боғида мен билан футбол ўйнашга ўзида куч топарди».

Фердинанд: «Раҳбар сифатида доим қийин қарорлар қабул қилишинг керак ва энг қийинларидан бири яқин дўстларингдан бири Фил Невиллни истеъфога чиқариш бўлса керак. Шу воқеа ҳақида гапириб бер, Гари бундай қилмасликни сўраб, сенга телефон қилганми? (кулади)»

Бекҳэм: «Йўқ, Гари билан бу ҳақда гаплашмаганмиз (кулади). Биласанми, Фил узоқ йиллардан бери мураббий бўлиб ишлаб келяпти ва у бу олам қандай ишлашини билади. У келган кундаёқ биз ўзаро гаплашиб олганмиз ва қачондир шундай қилишга тўғри келса, бу дўстлигимизга таъсир қилмаслиги кераклигини айтганман. У бунинг дўстлигимизга ҳеч қандай таъсири бўлмаслигини айтган. Фил келибоқ жамоамизга меҳнаткашлик менталитетини олиб кирди, ундан бунинг учун миннатдорман. Лекин унинг ўзи ҳам ишининг натижалар билан ўлчанишини биларди ва якуний суҳбатимиз ажойиб ўтган, бир-биримизни тўғри тушунган ҳолда хайрлашганмиз».

Фердинанд: «Сендан бирга тўп тепган жамоадошларинг ҳақида сўрамасдан суҳбатни якунлай олмайман. Менга дарвозабонларни истисно қилган ҳолда 5 кишилик жамоа тузиб бер ва иложи бўлса, уларга кичик таъриф бериб кет».

Бекҳем: «Хўш, ҳимояга Роберто Карлосни оламан. У ҳужумга яхши қўшиларди, ҳатто ҳимояланишдан кўра ҳужум билан кўпроқ машғул бўларди. Унга шерик қилиб Малдинини оламан. «Милан»далигимда у билан ўйнаш шарафига сазовор бўлганман.

Марказда Зизу (Зинедин Зидан). Унга қандай таъриф беришга ҳайронман — Зизу ҳар қандай баландлик ва тезликда оширилган тўпни пинагини бузмай бошқара оларди. Майдондаги ҳар бир қадами, ҳар бир узатмасини ўзига хос назокат билан, усталик билан амалга оширарди. Мадриддалигимда шундай мухлисларни билардим: шунчаки унинг тўпни қандай бошқаришини кўриш учун футболга келишарди.

Ҳужумда ҳақиқий туғма страйкер Роналдо (Назарио) бўлиши шарт. У билан биринчи машғулотимиз Хитойдаги турне пайтида бўлган. Эсимда, унга узатган тўпимни оёғи остига босиб олиб, менга қараб жилмайиб, дарвозабон етиб келишига озгина вақт қолганда дарвозага секин тепиб қўйганди. У билан жуда кўп марта кечги овқатни бирга ўтказганман, жуда меҳрибон ва қувноқ инсон.

Охиргиси… Биласанми, кимни танламоқчиман? Ҳа, Кинни (Рой Кин) — менинг 5-футболчим. Сенга доим етакчи, майдонда росмана подкат ташлай оладиган жангчи керак. Сен билан мен бу йигитлар бор жамоада заҳирада ўтирамиз (кулади)».

Абдулбасит Валихонов таржимаси

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар