22.10.2024 14:54
3881
Теглар
Дэвид Бекҳэм — 7-рақам аҳамияти, ўғлининг «Арсенал»га мухлислик қилиш сабаби, ўзгарган футбол ва Фергюсон билан муносабати ҳақида

Рио Фердинанд ўзининг «YouTube» каналида Дэвид Бекҳэм билан катта интервю эълон қилди. Суҳбатнинг дастлабки қисмида икки собиқ жамоадошлар «Манчестер Юнайтед»даги 7-рақамнинг аҳамияти ва бугунги кунда ушбу рақамда ўйновчи энг яхши футболчилар, ким кўпроқ унга ўхшаш футбол ўйнаши ва «МЮ»нинг муваффақиятлари сабаблари хусусида гаплашишди.

Фердинанд: «YouTube каналимдаги навбатдаги интервюга хуш келибсиз ва бу ерда доим энг катта номлар билан суҳбатларни кўрасиз. Улар ўз ҳаётлари, фаолияти ҳақида ҳеч қаерда айтилмаган нарсалар ҳақида гапиришади. Биринчи суҳбатда ўзимиз учун даражани юқори қўйдик ва Криштиану Роналду билан интервю уюштирдик. Мен энди яна бир катта ном билан давом этишим керак ва унинг даражаси Криштиануга яқин бўлиши шарт. Яна бир афсонавий 7-рақам, «Манчестер Юнайтед» афсоналаридан бири Дэвид Бекҳэм билан суҳбат қуришга қарор қилдим.

Бугун ўз жамоадошим, узоқ йиллар давомида бир кийим алмаштириш хонасида менга елкадош бўлган, жуда синчков, ақлбовар қилмас даражадаги профессионал, ҳаммадан кўп меҳнат қилувчи ва даҳшатли ўнг оёқ соҳиби билан кўришаман. У бугунги футболда нималарни кўради, кимларда ўзини топади, ўз аураси оғирлик қилмайдими, ваниҳоят, клуб эгаси бўлиш қандай кечмоқда: шулар ҳақида гаплашамиз. Дэвид, сен банд инсонсан. Кўпчилик мухлисларга қизиқ бир савол борки, «Интер Майами»дан бошқа клублар ўйинини ҳали ҳам кўриб турасанми?»

Бекҳэм: «Ҳа, албатта. Уйда болаларим кўп-ку. Улар — «Манчестер Юнайтед» мухлислари, биргина Ромео — «Арсенал» мухлиси».

Фердинанд: «Қандай қилиб бунга йўл қўйгансан, оғайни?»

Бекҳэм: «Бунинг тарихи узун. У жуда ёш эди ва бир жума оқшомида Лондонда эдик. У футболга борайлик, деб қолди. Тур баҳсларига қарасам, «Арсенал» уйида ўйнаркан. Э Худо, йўқ, дегандим. Биласан-ку, уларнинг ўйинини кўриш доим ёқимли. Биз VIP секторда ўтирдик, бизга яхши хизмат кўрсатишди, столдаги таомлар ҳам зўр эди, ўйиндан олдин Ромеони кийим алмаштириш хонасига олиб киришди, у футболчилар билан кўришди, улар унга имзолари туширилган либос совға қилишди, майдонга бирга олиб тушишди. Ўша-ўша «Арсенал»га мухлислик қилади, уни фикридан қайтаришга кўп уринганман, бироқ фойдаси бўлмаган.

Қисқаси, ҳали ҳам футбол кўраман. «Манчестер Юнайтед»нинг ўйинларини ўтказиб юбормайман. Умуман, Премер-лига ўйинларини доим кўраман».

Фердинанд: «Рафиқанг футбол кўришингни ёқтирмайдими?»

Бекҳэм: «Викторияга шунчаки футболнинг овози (шовқини) ёқмайди. У анча йиллар олдин шундай бўлиб қолган. Лекин у футбол кўришни ёқтиришимни билади. Ҳар шанбада кун ўйинини кўраман».

Фердинанд: «Футбол кўриш ҳақида гаплашар эканмиз, 7-рақам сенинг исминг билан синонимга айланиб кетган. Сендан ташқари бу рақамда Раул, Фигу, Кантона каби футболчилар ўйнарди. Бугунги 7-рақамлар ҳақида қандай фикрдасан? Ҳали ҳам бу рақамдагилар ўша йиллардагидек юқори даражадаги ўйинчиларми?»

Бекҳэм: «Менга Букайо Саканинг ўйини ёқади, уни футболчи сифатида яхши кўраман. Албатта, унинг инсонийлигини биринчи навбатда эътироф этиш керак, майдондаги ажойиб йигит ташқарида ҳам худди шундай кишини мафтун этадиган хусусиятларга эга. У ўйинига жуда катта эътибор қаратади ва мана шу жиҳатини мен ҳам ҳурмат қиламан. Шундай экан, уни ажойиб 7-рақам дейишим мумкин.

Ўзимни омадли йигит деб биламан, чунки узоқ йиллар «Манчестер Юнайтед»да 7-рақамли либосни кийиб ўйнадим. Болалигимдан ўзимга ўрнак қилиб олган қаҳрамонларим бор. Мисол учун, Жорж Бест, Эрик Кантона, Брайан Робсон. Уларнинг йўлини босиб ўтиш ва бу либосни Англия миллий жамоасида ҳам кийиш мен учун орзу эди. «Реал»да бу рақамни киймадим ва у ерда буни хоҳламаган эдим ҳам. Боиси, у ерда Раул бор эди ва ундан ҳеч ким бу рақамни олиб қўя олмасди. Хуллас, 7-рақам мен учун доим алоҳида аҳамият касб этган».

Фердинанд: «7-рақамли афсоналар ҳақида гаплашаётиб сендан кейин бу рақамни «Юнайтед»да кийган Криштиану Роналду ҳақида ҳам гапириб ўтиб кетсак»

Бекҳэм: «У жуда ажойиб фаолият ўтказди. Қаерга бормасин, тарих ярата оляпти. Ўйини ва қанчалик узоқ вақт шу даражада ўйнай олгани унинг фаолиятини ақлбовар қилмас даражага олиб чиқади. Аввал «Манчестер»да, кейин эса «Реал»да ажойиб йилларни ўтказди».

Фердинанд: «Биз уни янги келган пайтларида 7-рақамли футболкада ўйнашини айтиб, кўп жиғига тегардик ва босим қилардик. Чунки бу рақамда ундан олдин сен ўйнагандинг ва ўзинг билмаган ҳолда уни ўз устида қаттиқроқ ишлашга мажбур қилгансан.

Кел, яна замонавий футбол мавзусига қайтамиз. Ҳозирги футболни кўриб, ўзингни қаерда ўйнаган бўлардим, деб ўйлайсан? Схемалар ўзгариб кетган…»

Бекҳэм: «Мен доим ўзимни ўнг қанотда кўраман ёки марказда ҳам ўйнашим мумкин. Мен 4-4-2 схемасини жуда яхши кўраман, бу менга анча қулай эди. Чунки биз шундай ўйнаб катта ютуқларга эришганмиз. Биламан, ҳозирги футбол ўзгариб кетди, замонавий мураббийлар, масалан, Пеп Гвардиола анъанавий вингер позициясини буткул ўзгартириб юборди. Лекин мен доим ўзимни қанот футболчиси сифатида кўрганман».

Фердинанд: «Ҳозирги футболни кўраётиб, қайси футболчига қараб, мен шундай ўйнаган бўлардим, дейсан?»

Бекҳэм: «Билмадим, ўйин ўзгариб кетди-ку. Мен ўша эски давр футболчиларининг бириман: телевизорда ўйинни кўраётиб, тўпни тезроқ қанотга ошир, деб бақириб ўтираман. Чунки мураббий менга ўша қанотдан қимирламасликни айтарди ва тўп келиши билан фақатгина бир марта унга тегинишим, кейин эса уни ҳужумдагиларга етказишимни сўрарди. Мен ҳеч қачон Букайо ва бошқа футболчилар сингари тўп билан югуриб, рақибларни алдаб юрмаганман. Агар тўп узатиш, кросслар амалга ошириш каби ишларда кимдир менга ўхшаса, бу — Трент Александер-Арнолд».

Фердинанд: «Менинг хаёлимда Кевин Де Брюйне варианти бор эди».

Бекҳэм: «О , қани эди Кевин Де Брюйне каби ўйнай олганимда, оғайни. У жуда зўр. Очиғини айтишим керак, унинг майдонни кўра олиш қобилиятини тасаввурга сиғдириш қийин. Лекин Трентнинг кроссларида мен майдонда ўзим қилишим мумкин бўлган ишларни кўраман».

Фердинанд: «Латерал ҳимоячи бўлиб ўйнаш анча оммалашиб кетди-а? Олдин Гари Невиллга ўхшаган бундай футболчилар кўп бўлмасди».

Бекҳэм: «Биласанми, Газ (Гари Невилл) менга бўшлиқлар яратиб берарди. У менинг фойдам учун шунчаки олдинга югуриб берарди. Биз шу қадар кўп йилларни бирга ўтказгандикки, у бутун фаолиятини шундай югуришларга сарфлаб юборди. Ҳар 10 та ҳолатдан биттасидагина унга тўпни узатардим, лекин у ўз ишини қилаверарди».

Фердинанд: «Майдонда мана шундай шерикчиликни йўлга қўйиш қанчалик муҳим? Энди Коул ва Дуайт Йорк, Бергкамп ҳамда Терри Анри ва ҳоказо. Лекин мен сен ва Гарининг боғламини улардан юқорироққа қўяман, сиз иккалангизнинг ҳамкорлигингиз жамоа учун муҳим эди».

Бекҳэм: «Бу биз учун муҳим эди. Мен бу ишимиз «Юнайтед» ва Англия учун муҳим бўлган, деб ўйлайман. Иккимиз бир-биримизни жуда яхши тушунардик. Камдан кам ҳолларда орқага қайтадиган бўлсам, билардимки, у менинг йўқлигимни билдирмаслик учун ҳаракат қилади ёки тескариси. Шунинг учун ҳам Гари 99 фоиз эҳтимол билан ўша югурган тарафига тўпни оширмаслигимни билса ҳам, жамоа учун бу ишни чарчаш билмай бажараверган».

Фердинанд: «Гари сен учун қилган ишлари билан мақтанишни яхши кўради. Сен у учун нима қилгансан?»

Бекҳэм: «Уни энг яқин дўстимга айлантириб, машҳур қилиб юбордим (кулади). Жиддий гапирадиган бўлсам, биз шунчаки яхши дўстлар бўлганмиз. Мен каби шарқлик бир бола Манчестерга келгач, унга яхши дўст керак бўлади. Мен ўша одамни Гарида топганман. У доим мен учун профессионализм ва қаттиқ меҳнат тимсоли бўлиб келган, унга қараб мен ҳам шундай ишлашим керак, деб ўйлардим. Футболдан чалғиш жуда осон, лекин Гари энг яқин дўстларимдан бири бўлгани сабаб профессионал бўлиш учун нималар қилишим кераклигини яхши билардим. «Манчестер Юнайтед»да қолишим учун у каби йигитнинг ортидан эргашишим кераклигини билардим».

Фердинанд: «Баъзида жонингга тегиб юбормайдими, чунки Гари жуда кўп гапиради?»

Бекҳем: «У доим кўп гапирган. Энди у бу ишни ҳар куни телевидениеда қиляпти ва ҳамма буни кўряпти. Лекин у ақлбовар қилмас даражада зўр футболчи эди. «Юнайтед»га қарши ўйнаган ҳар қандай жамоа мухлиси уни ёмон кўрарди, энди эса уни бутун мамлакат яхши кўради. Қилаётган ишлари эса жуда ажойиб».

Фердинанд: «Билмадим, сен учун қандай бўлган, бироқ мен иккингизнинг майдонда тортишишингизни ёқтирардим. Катта жамоаларда шундай одамлар керак».

Бекҳэм: «Албатта, сени турткилаб турадиган кимдир бўлиши керак. Сен ҳам шундай эдинг, Кинни (Рой Кин), Газ ҳам шундай эди. Умуман, бизнинг жамоада ҳамма шундай эди. Агар ниманидир расво қилсанг, эшитадиганингни эшитардинг. Футболчилар гапирмаса, мураббий қиларди бу ишни. Менимча, шунинг учун ҳам жамоадошлар ўртасида майдонда ва ундан ташқарида яхши муносабатни шакллантира олгандик, чунки биз самимий гаплашардик. Газ доим қийин вазиятларда мен билан бирга эди ёки тескариси».

Фердинанд: «Бир неча кун аввал подкастимга Оуэн Ҳаргривзни чақиргандим ва у «Манчестер Юнайтед»га келганда кийим алмаштириш хонасида 25 та «акулалар»ни кўрганини айтганди. Ва мен унга жамоага мана шундай менталитет кераклигини айтгандим».

Бекҳэм: «Биз омадли бўлганмиз. Албатта, «акулалар» жумласини нотўғри демайман, бироқ биз росмана бирлашган («United») жамоага келиб қўшилгандик. Муваффақиятларга оч жамоага айлангандик. Бизда жамоада шунчаки юрадиган болалар йўқ эди, бизда росмана жамоа бор эди. Ортиқча таърифга ҳожат йўқ».

Фердинанд: «Мен ҳам жамоага биринчи келганимда шуларни ўйлаганман. Англияда бирга ўйнаганимиз учун сени, Газни, Сколсини (Пол Скоулз) яхши билардим. Лекин биринчи кирганимда бу жамоанинг бирдамлиги мени ҳайрон қолдирган. Бу қаердан келган?»

Бекҳэм: «Бу — юқоридан, мураббийдан ва сардордан келадиган нарса. Биз омадли эдик, чунки «Юнайтед»га энди келганимда Брайан Робсон ва Стив Брюс каби футболчилар сардорлик қилишарди. Кейинчалик Кинни сардорлик қилди, бироқ ўша жамоада амалда бундан анча кўпроқ сардорлар йиғилганди. Буларнинг бари мураббийдан келади».

Фердинанд: «МЮ» эришган ютуқларда мен ва сен қатори ҳамма мураббийнинг ҳиссасини асосий планга қўямиз. Бироқ сенинг ривожланишингда унинг ўрни қандай эди?»

Бекҳэм: «Мен доим боссни (сэр Алекс Фергюсон) отамдек кўрардим. 15 ёшимда Истленддан кўчиб келгандим. У «Манчестер Юнайтед» мураббийи бўлса ҳам, менга отамдек инсон бўлган. Ўртамиздаги муносабат ажойиб эди. У қачон сенга қаттиқ гапиришни, қайси футболчи оғир гапларни кўтаради-ю, қайси бири кўтара олмайди — ҳаммасини биларди. Мана шу муваффақиятларимизнинг асосий сабаби эди ва футболчилар ҳам унинг учун ўйнашни хоҳлашарди. Одамлар қийин даврларни ёдга олишни яхши кўришади, аммо бизда бундай ҳолатлар жуда кўп бўлмаган. Ҳаммамиз мураббийни яхши тушунардик. Лекин у доим нима бўлишидан қатъи назар биз учун туриб берарди».

Фердинанд: «Одамлар мендан сен ҳақингда сўрашса, футболни четга суриб тур, қандай одамлигинг ҳақида сўрашса,. қайсарлигингни айтаман. Иккингиз ҳам қайсар эдингиз. Сақич билан бўлган воқеани эслайсанми? Мен сенинг ўрнингда ташлаб юборган бўлардим, лекин сен охиригача курашиб, қаршилик кўрсатгансан».

Бекҳэм: «Нима бўлганини аниқ эслолмайман. Нимадир сабаб билан мен сақични ташлаб юбормайман деб туриб олганман. Машғулот вақтида жанжаллашиб кетганимизни эслайман ва ҳалигача ўшанда сақични ташлаб юбормаганимга ўзим ҳам ишонмайман. Мураббий менинг жавобимни эшитгач, «яхши», деди. Э Худо, эртага ўйнамаслигим аниқ, деб айтгандим ўзимга ўзим».

(Давоми бор)

Абдулбасит Валихонов таржимаси

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар