21.10.2024 10:08
7612
Манчини тез орада Саудия Арабистони бош мураббийлигидан истеъфога чиқарилади

Роберто Манчини Саудия Арабистони миллий жамоасидан ишдан бўшатилади. 

La Gazzetta dello Sport хабарига кўра, Саудия Арабистони футбол федерацияси тез орада италиялик мутахассиснинг истеъфоси ҳақида маълум қилади. Яқин вақт ичида қарор Саудия Арабистони қироли томонидан тасдиқланади. 

Таъкидланишича, Манчинининг ишдан бўшатилишига Саудия Арабистони миллий жамоасининг қониқарсиз натижалари, шунингдек, бош мураббийнинг жамоа билан муносабатлари ёмонлашгани сабаб бўлган. Унинг ўрнига федерация «Ал Ҳилол»нинг собиқ устози Рамон Диас ва Саудия Арабистони миллий жамоасини 2019-2023 йилларда бошқарган Эрве Ренар номзодларини кўриб чиқмоқда.

Манчини ўтган йилнинг август ойида Италия миллий жамоасини тарк этгач, саудияликлар устозига айланганди. Унинг қўл остида жамоа ЖЧ-2026 3-саралаш босқичидаги сўнгги 4 ўйиндан фақат 1 тасида ғалаба қозонди ва 5 очко билан гуруҳида учинчи ўринни эгаллаб турибди. Гуруҳдан дастлабки икки ўрин эгаси мундиалга тўғридан тўғри йўлланма қўлга киритади.

ОАВга кўра, Манчини ишдан бўшатилгани учун 25-30 млн евро миқдорида товон пули олади.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар