«Манчесте Сити» бош мураббийи Хосеп Гвардиола АПЛ 8-туридан ўрин олган «Вулверҳэмптон»га (2:1) қарши ўйиндан сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
«Биз Юрген Клоппнинг «Ливерпул»и каби сўнгги дақиқаларда ғалаба қозонишга ўрганмаганмиз. Бу яхши «таъм»га эга.
Албатта, Стоунзнинг голи дастлаб бекор қилинганини, нега лайнсмен бошқача фикрда бўлганини тушунмадим, Бернарду Силва дарвозабонга халақит бермаганди. Аввалига буни тушуниш қийин бўлди. Фоденнинг узатмаси ва Стоунзнинг бош билан берган зарбаси чиройли чиқди.
Жуда қийин бўлди, «Вулвз»нинг 11 футболчиси жарима майдончаси атрофида турди. Жамоалар бизга қарши йиллар давомида қандай ўйнаган бўлишса, «Вулвз» ҳам шундай услубни танлашга қарор қилди. Рақиб қарши ҳужумлар уюштирди, уларда тезкор ҳужумкор ўйинчилар ва жисмонан кучли яримҳимоячилар бор эди, лекин биз сабр қилдик. Биз ҳали ҳам ўзимизмиз, бу ажойиб.
Албатта, жадвалдаги вазиятни кузатиб боряпмиз, лекин АПЛнинг 10-12-туридан кейин бунга ҳожат йўқ. Ҳаммаси энди бошланмоқда. Лекин, албатта, ғалаба қозониш ажойиб.
Худди шу руҳда давом этишимиз керак, футболчиларнинг фидойилиги ақл бовар қилмайди ва бу мени қувонтиради», — дея испаниялик мутахассиснинг сўзларини келтиради ВВС.