20.10.2024 12:11
1692
Тактик мослашувчанлик, титуллар ва катта ўйинлардаги муваффақиятлар — Англия нега айнан Тухелни танлади?

Англия миллий жамоаси Гарет Саутгейт бошчилигидаги 8 йиллик барқарорлик, кимлар учундир турғунлик давридан сўнг кичик мавҳумлик даврини ўтказди. Аввал бошдан катта ишонч билдирилмаган вақтинчалик мураббий Ли Карсли амалда ҳам қисқа муддат фаолият олиб борди ва Англия футбол ассоциациясини ишонтира олмади. Натижада бош мураббийликкка Томас Тухел таклиф қилинди. «Opta» статистик маълумотлар портали германиялик мураббийнинг фаолиятига доир ўзига хос статистикаларни тақдим этди.

Мана 60 йилдирки, Англия миллий жамоаси катта соврин ютмади ва мамлакат футбол ассоциациясининг фикрича, бу нохуш серияга айнан Томас Тухел чек қўя олади. 1 январдан ишга киришадиган «Германия пасспортли» мутахассис камида жаҳон чемпионати якунигача «уч шерлар» мураббийлик курсисини эгаллаб туриши ўзаро шартномада белгилаб қўйилган. Тухелнинг ушбу вазифани қабул қилиши кутилмаган тезликда юз берди, чунки Англия матбуоти миллий жамоа мураббийлигига Пеп Гвардиола вариантини илгари сураётган ва қандайдир миш-мишлар ҳам эълон қилинаётганди. Томаснинг эса «Манчестер Юнайтед» билан музокараларда қатнашаётгани хабар қилинаётганди ва бирданига Англия ФА йўналишни ўзгартириб, у билан шартнома имзолади. Томас Тухел Англия миллий жамоаси тарихидаги 3-хорижлик мураббий бўлади. У билан матбуот анжуманида журналистлар Томаснинг бошқа миллатга мансублиги ҳақида кўп тўхталган бўлишса-да, таъкидлаш жоизки, Англия бугунги кун футбол мураббийлари бозоридаги энг яхшиларидан бирини қўлга киритди. Буни унинг статистикалари кўрсатиб турибди.

Аввало, Томас Тухел 2014 йилда «Майнц»ни 5 йиллик фаолиятидан сўнг тарк этганидан буён ҳеч бир клубда уч мавсумдан ортиқ ишламаганини айтиб ўтиш керак. Демакки, ундан Саутгейтники сингари узоқ йиллик лойиҳа тузишни кутмаслик тўғри бўлади. Шу билан бирга, унга ҳеч қачон жамоага ўз таъсирини кўрсатиш ва натижалар қайд этишга катта вақт керак бўлмаган. Унинг тезкор таъсири, айниқса, «Челси» мисолида яққол кўринади. Гап титуллар ҳақида эмас, ўйиннинг ўзи ҳақида. 2021 йил январида жамоани қабул қилиб олган немис мутахассиси дастлабки 14 та учрашувда мағлубиятга учрамаганди ва бу «Челси» мураббийларининг стартдаги натижалари борасидаги рекорд кўрсаткич саналади.

Бунинг асосий сабаби Тухелнинг жамоа ҳимоясини сезиларли даражада кучли ҳолатга олиб кела олганидадир. Лондонликлар юқорида таъкидлаб ўтганимиз 14 та ўйиннинг 11 тасида ўз дарвозалари даҳлсизлигини сақлашга муваффақ бўлган. Қолган учала учрашувнинг барчасида биттадан тўп ўтказиб юборган. «Вест Бромвич»га қарши 2:5 ҳисобидаги мағлубият жуда шармандали бир тарзда серияга нуқта қўйган бўлса-да, Тиаго Силванинг 29-дақиқадаги қизил карточкасигача жамоа 1:0 ҳисобида олдинда бораётганини таъкидлаб ўтиш керак. Майдонда тенг ҳаракат қилган мавсумнинг қолган ўйинларида «кўклар» бирорта баҳсни рақибларига биттадан кўп гол фарқи билан бой беришмаган. Қисқа муддатдаги бу қадар позитив ўзгариш Англиянинг мураббий танлови борасидаги танлови таҳлилий олиб қараганда ақлли юриш бўлганини кўрсатади. Зеро, Тухел клубда бўладиганидек футболчиларга тинимсиз машғулотлар ва ҳар куни кўришиш орқали ўз услубини сингдира олмайди, аммо қисқа муддатда миллий жамоа машғулотларига келган футболчиларни тез фурсатда ўз ғояларига мослаши мумкин бўлади. Лекин бунга қарши статистика ҳам мавжуд, Томас «Бавария»даги дастлабки 7 та ўйинининг атиги 2 тасида ғалаба қозона олган, холос.

Назаримизда, кўпчилик Гарет Саутгейтнинг Англиядаги ишини ижобий баҳолайди, у «уч шерлар»ни яна дунё футболининг энг катта фаворитлари қаторига қайтарди, мундиал яримфиналига олиб борди ва икки бор Евро финалида ўйнади. Муаммо шунда эдики, Англия ушбу йўлларда деярли катта жамоаларни мағлуб этолмади ва энг ҳал қилувчи нуқталарда аламли мағлубиятлар қабул қилиб олди. Мухлислар орасида ўзаро англашилган хулоса шундайки, Саутгейтга катта ўйинларда, босим росманасига катта бўлган паллаларда фавқулодда қарорларни тўғри чиқара олиш ва вазиятни ўзгартиришга қодир ўзгаришларни ўйиннинг ўзида амалга ошириш маҳорати етишмасди.

Ҳар иккала Евро финалида мағлубиятга сабаб бўлган таблодаги фарқ жуда кичик бўлган эрса-да, уларда ўша баҳсни ютишга инглизлардан ҳақлироқ томонлар ғалаба қозонганди. Жаҳон Кубогида эса ҳатто бронза медали учун курашда Хорватия Англияни классда ютиб кетганди. Мутлақо фарқли равишда Тухелни катта ўйинлар монстри деб айта оламиз. У мутлақо 2-рақамдаги жамоа бўлиб саҳнага чиқиб, фаворит рақибини еб юборишга қодир жамоа тайёрлай олади. Ёрқин мисол — «Манчестер Сити» ва «Челси» ўртасидаги УЕФА Чемпионлар Лигаси финал баҳси.

Энг қизиғи, бу ғалаба шунчаки тасодиф эмасди. Ушбу финалдан бир муддат аввал «Челси»га янги тайинланган Тухел «шаҳарликлар»ни Англия Кубоги яримфиналида мусобақадан чиқариб юборганди. Финалнинг статистик чизмаси акс этган юқоридаги сурат орқали ҳам кўришимиз мумкинки, Тухел Гвардиола жамоасини ютганда ҳам умуман имконият бермай енгган. Ўз навбатида, «Челси» ўз ҳужумларини ташкил этиш ва голли вазиятлар яратишдан биринчи бўлимда ҳам, иккинчи бўлимда ҳам тўхтамаган. Аммо бу натижалар уч мавсум аввал бўлганини ҳам эслатиб ўтиш керак. Тухелнинг тактикаси ўтган мавсум на «Байер» ва на «Реал»га ўтмади — Мюнхен клуби узоқ йиллардан бери илк марта мавсумни титулсиз якунлади.

Тактик мослашувчанлик ва хилма-хиллик — Тухелнинг яна бир устунлик жиҳатларидан бири. Клублар кесимида у турли хил тактик схемалардан фойдаланган. Англия миллий жамоасида эса «Челси»далигида қўллаган 3-6-1 тактикасидан фойдаланиши мумкин. Лекин Томасдан битта услубга боғланиб қолишни кутиш — мантиқсизлик. У ўзгаришларга нисбатан жуда очиқ ва уларни маромига етказиб бажарадиган мураббийдир. У қаерга бормасин, қўл остидаги ресурсларга қараб ўйин қурган ва тактика танлаган. Мисол учун, «Бавария» ва «Боруссия Дортмунд»да ишлаган даврларида ҳимояда 4 нафар футболчи билан ҳаракатланган (мос равишда, 4-2-3-1 ва 4-3-3). Ҳимоядаги тартибни биринчи планга олиб чиқишига қарамай, Тухел ўз жамоасининг тўп билан кўпроқ ўйнашини ёқтирувчи мураббий ҳисобланади. 2015-2016 йилги мавсумдан бери ҳар бир учрашувда бериладиган аниқ паслар сони бўйича (545) фақат Пеп Гвардиола жамоаси у бошқарган жамоалардан яхшироқ натижа қайд этиб турибди.

Шунингдек, Саутгейтнинг футболини ғояларнинг етишмаслиги ва секинлигидан нолиб келган инглиз футболи мухлислари учун ҳам Тухел қурадиган услуб манзур келиши мумкин. Чунки одатда унинг жамоалари хилма-хиллик масаласида энг яхшиларидан бўлиб келган. Қуйидаги суратда акс эттирилган узатмалар орасидаги вақт оралиқларига кўра Саутгейтнинг катта мусобақаларда иштирок этган жамоалари ва Тухел ишлаган клублар қиёсида улар қурган ўйиннинг суръати ва тезлигини яхшироқ ҳис қилиш мумкин бўлади.

Бундан ташқари, Англия миллий жамоасининг Саутгейт бошчилигида прессинг қилишга шошилмаслиги мухлисларни ташвишга солгани аниқ. Евро-2024да тўпни йўқотган «уч шерлар» уни қайтиб олгунга қадар рақиблар ўртача ҳисобда 16,1 маротаба узатма амалга оширишга улгурган. Тухелнинг «Бавария»сида эса бу кўрсаткич 11,4ни ташкил қилган — катта фарқ. Худди шу жамоалар рақиб майдонининг дастлабки 40 метри ичида, яъни юқори зоналарда прессинг қилиш орқали ҳар 90 дақиқада рақиблардан олиб қўйган тўплари «Бавария»да 9,2 та, Англияда эса 6,3 тани ташкил этгани ҳам уларнинг рақиб ҳаракатларига агрессив реакцияси қай даражада бўлганини кўрсатиб бера олади.

Ваниҳоят, Англия миллий жамоасининг Томас Тухелни танлаш қарори вазият тақозо этган мажбурият эди. Боиси, сўнгги йилларда инглиз футбол мураббийлари орасида катта майдонларда натижа кўрсата олаётганларини кўрмаяпмиз. Томас Тухел Чемпионлар Лигасида ўтказилган баҳслар сони бўйича исталган инглиз мураббийидан икки баравар кўп ўйин ўтказишга улгурган ва барча инглиз мураббийларининг ушбу мусобақадаги иштироки қўшиб ҳисобланганида ушбу кўрсаткичдан атиги 14 та ўйин ортда, холос. Ва 50 тадан кўп ўйин ўтказган мураббийлар орасида Чемпионлар Лигасида энг катта ғалабалар фоизига эга мутахассислар орасида 3-ўринда турибди.

Албатта, ҳеч бир мураббийнинг муваффақиятига кафолат йўқ, бироқ ҳозирги кунда ишсиз бўлган ва Англия миллий жамоасини бошқаришга рози бўлган мураббийлар орасида Тухел энг яхши вариантлардан биридир. У натижага эриша оладими ёки йўқ — буни айтиш қийин, лекин унинг Англияни майдонда томошабопроқ жамоага айлантиришига ишонч бор.

«Opta» маълумотлари асосида Абдулбасит Валихонов тайёрлади

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар