19.10.2024 17:00
2720
Теглар
«Ливерпул», «Барса» ва «Юве» учун жиддий синов. Дам олиш кунларида тавсия этиладиган 4 учрашув

Миллий жамоалар билан боғлиқ танаффус тугаб, клублар навбатдаги бир ойлик марафонга ҳозирлик кўрмоқда. Кутилаётган ҳафталарда бизни бир қатор қизиқарли учрашувлар кутиб турибди. Эл Класикодан тортиб, Англия, Италия ва Чемпионлар Лигасидаги топ-тўқнашувларнинг гувоҳи бўламиз. Қуйида эса кучли тўртликдаги биттадан ўйинга батафсилроқ тўхталишга ҳаракат қилдик.

ЮВЕНТУС – ЛАЦИО (19 октябр, 23:45)

«Ювентус» Чемпионлар Лигасида анча ишончли ва сермаҳсул ўйин кўрсатаётган бўлса-да, Италия чемпионатида бироз тескари. Мотта шогирдлари 7 ўйинда атиги 10 гол уришди холос – пешқадам жамоа учун жуда кам. Шу билан бирга ҳимоядаги ишончли ўйинни ҳам қайд этиш керак – «Ювентус» нафақат Италия, умуман Европада энг кам гол ўтказган жамоа бўлиб турибди. Шу пайтгача фақат 7-турга келибгина «Ювентус» ўз дарвозасидан гол ўтказиб юборди. У ҳам пеналтидан урилди. Жамоанинг айни пайтда «Наполи»дан атиги 3 очко кам жамғаргани ҳолда 3-ўринда бораётгани ҳам айнан ҳимоядаги ўйиннинг самараси деб ҳам бемалол айтиш мумкин. Зеро, кучлироқ рақибларга қарши ҳозирча туринликлар етарлича ишончли эмас – «Рома» билан ҳам, «Наполи» ўз майдонида голсиз дуранг қайд этилди.

Лекин «Лацио» билан ўйинлар голсиз ўтишига ишониш қийин. Жамоа иштирокидаги 7 ўйинда жами 25 гол урилган. Фақат «Аталанта»нинг бу борадаги кўрсаткичи «Лацио»дан кўпроқ холос. Римликлар гол уриш бўйича лигада 3-кўрсаткични қайд этаётган бўлишса-да, ҳимояда саволлар бор – Италияда 12 жамоа «Лацио»дан камроқ гол ўтказишни уддалай олган. Демак, ҳужумкор, аммо ҳимояда мукаммал бўлмаган рақибга қарши «Ювентус»нинг ўйини ҳар томонлама қизиқарли бўлиши шубҳасиз. «Лацио»ҳисобида ҳам худди «Ювентус» каби 13 очко борлигини, ғалаба римликларни ҳам деярли пешқадамга айлантиришини таъкидлаш лозим. Барча мусобақаларда 4 ўйиндан бери фақат ғалаба қозониб келаётган «Лацио» «Ювентус»нинг ушбу мавсумдаги мағлубиятсиз сериясига чек қўя оладими?

Сўнгги йилларда ўзаро ўйинларда майдон эгалари бўлган жамоанинг қўли баланд келмоқда. «Лацио» охирги марта Туриндан икки йил олдин бир очко олиб кетган. Охирги ғалаба эса, 2017 йилда содир бўлган эди. Аммо римликларнинг охирги сафар ўйини айнан Туринда ғалаба билан якунланганини ҳам айтиб кетиш керак. Икки тур олдин Марко Барони шогирдлари «Торино» устидан сафарда устун келганди.

Жароҳатлар борасида «Ювентус»да муаммолар етарли. Нико Гонсалес, Корминерс, Маккениларда жароҳат бор, Бремер деярли бутун мавсумга сафдан чиққан. Консенсау эса, «Кальяри» қарши дуранг бўлган ўйиннинг охирида ҳакам томонидан майдондан четлатилганди.

БАВАРИЯ – ШТУТГАРТ (19 октябр, 21:30)

Компанининг мураббийлик фаолиятидаги энг масъулиятли палла бошланди деб бемалол айтиш мумкин. Унинг қўл остида «Бавария» жуда яхши бошлади, агар ўртоқлик ўйинларини ҳам қўшса, қаторасига 10 учрашувни ғалаба билан якунлади. Энг чўққи эса сўнгги ўйинларда содир бўлди – жамоа қаторасига уч ўйинни 6:1, 9:2 ва 5:0 ҳисобида якунлади ва тўхтатиб бўлмайдиган машинага айлангандек эди. Аммо кейинги уч ўйин аслида етарлича муаммо борлигини ҳам кўрсатиб қўйди. Сўнгги рақиблар анча кучли эканини эътиборга олсак, бу «Бавария»даги шунчаки пасайиш эмас, демак кучлироқ рақибларга қарши ҳали Компанида муаммолар йўқ эмас. Дастлаб «Байер» билан дуранг, кейин Берминҳэмда мағлубият, ўтган турда эса Франкфуртдаги баҳсда 3:3 ҳисоби қайд этилди.

Агар қандайдир яққол муаммони кўрсатиш керак бўлса, аввало реализацияни айтиш мумкин. Мана шу уч ўйинда мюнхенликлар рақиб дарвозасига 60 та зарба беришди, аммо атиги 4 гол уришга муваффақ бўлишди. Рақибларда 14 зарба бор – 5 гол. Айниқса, «Айнтрахт» 6 зарбадан 3 тасини, «Байер» 2 зарбадан бирини голга айлантиргани ҳам иккинчи муаммони қайд этади – Мануэл Нойер ҳам у қадар яхши спорт формасида эмас. Компанининг масъулиятли даври деганда, «Бавария» учун оғирроқ тақвим давом этаётгани, анча кучли «Штутгарт»дан сўнг, жамоа «Барселона» меҳмони бўлиши назарда тутилган эди. Мана шу икки ўйин натижаси, қай суръатда бориши «Бавария»нинг кейинги, айниқса, катта ўйинларида ўзига бўлган ишонч борасида етарлича асос сифатида ҳизмат қилиши мумкин.

Дарвоқе, мана шу сўнгги уч ўйинда одатда сермаҳсул кўрсаткичлар қайд этаётган Харри Кейн майдонни голсиз тарк этаётганини ҳам таъкидлаш керак. Франкфуртдаги голлардан иккитасини марказий ҳимоячилар урган бўлса, «Байер» дарвозасига таянч зонасида тўп сурадиган Павлович узоқ масофадан урган эди.

«Штутгарт» ҳақида ҳам икки оғиз тўхталадиган бўлсак, жамоа ҳозирча икки фронтда жанг қилишда муаммоларга дуч келмоқда. Чемпионлар Лигасида Мадриддаги мағлубиятни тушуниш мумкин, аммо ўз майдонида «Спарта» билан дуранг албатта, немисларнинг муваффақиятсизлиги сифатида баҳоланади. Умуман «Штутгарт» охирги уч ўйинни дуранг билан якунлади ва ҳам ЧЛ да, ҳам Бундеслигада ўз аҳволини анча ёмонлаштириб қўйди.

ЛИВЕРПУЛ – ЧЕЛСИ (20 октябр, 20:30)

«Ливерпул»нинг пешқадамлик қилаётгани, мураббий алмашгани ҳам сезилмаётганини баъзилар нисбатан осон тақвим билан изоҳлашмоқда. Бир томондан мантиқли бўлиши мумкин, «Ливерпул» Миланда ва «Олд Траффорд»да ғалаба қозонган бўлса-да, бу икки клубдан ҳозирча номи қолгани ва ўз муаммолари гирдобида экани маълум. Анча дадил тўп сурадиган «Болонья» билан ўйинда гарчи ливерпулликлар ғалаба қозонган бўлишса-да, анча қийналишди. Шу жиҳатдан «Челси»га қарши ўйин жиддий имтиҳонларнинг бошланиши ўлароқ баҳоланиши мумкин. Ҳа фақат бошланиши, зеро кейинги танаффусгача бўлган бир ойдан камроқ вақт мобайнида «Ливерпул» «Челси»дан ташқари, «Лейпциг», «Арсенал», «Байер», «Астон Вилла» ва икки марта «Брайтон» билан ўйнайди. Бирортаям оддий ўйин эмас, ҳаммаси мураббий қўли бўлган анча кучли жамоалар. Слот ҳақиқатан ҳам «Ливерпул»ни ўтган йилги даражасида сақлаб қола олдими ёки янги мураббий дастлабки синовларни ёки балким илк муваффақиятсизликларни қай тариқа енгиб ўтиши жуда аҳамиятли масала бўлиб турибди.

«Челси» ҳақиқатан ҳам жиддий рақиб. Мареска жамоасида ожиз нуқтани топиш мушкул. Лондонликлар ҳар қандай сценарийда, қарши ҳужумда ҳам, прессингда ҳам, позицион ўйинда ҳам самарали бўла олишларини исботлаб улгуришди. Ҳатто доим танқид остига олинадиган Жексоннинг ҳам гол+пас бўйича кўрсаткичлари анча жойида. «Челси» айни пайтда АПЛ да фақат «Манчестер Сити»дан камроқ гол урган холос. Шу билан бирга сафар ўйинларида юз фоизлик натижа қайд этиб турибди.

Жароҳатлар борасида «Челси»дан муаммо йўқ. Аксинча, Мареска матбуо анжуманида Рис Жеймснинг ҳам қайтаётганини тасдиқлади. Аммо «Нотингем Форест»га қарши ўйиннинг сўнгги дақиқасида ҳам Фоффана, ҳам Кукурелья ҳакам томонидан огоҳлантирилишганди. Бу футболчилар учун бешинчи сариқ карточка бўлиб, «Энфилд»даги баҳсни ўтказиб юборишади. Слот жамоасида эса, Алисон ва Эндода жароҳатлар бор. Слот матбуот анжуманида шунингдек, Макалистернинг ҳолати шубҳа остида эканини билдириб ўтди.

Ўзаро ўйинларга келсак, «Ливерпул» қаторасига 9 ўйиндан бери «Челси»га ютқазмаяпти. Тўғри, бу ўйинларнинг ярмидан кўпи дуранг билан якунланган. Агар фақат «Энфилд»даги учрашувларни олсак, ўтган мавсумдаги 4:1 ҳисобидаги йирик ғалабадан олдин «Челси» анча ноқулай ҳисобланаётганди. Аввалги уч мавсумда қаторасига «Ливерпул» ғалаба нималигини билмаган – «Челси» ҳисобида бир ғалаба ва икки дуранг бор эди.

БАРСЕЛОНА – СЕВИЛЯ (20 октябр, 23:55)

«Барселона»нинг айни пайтдаги ҳолатини «Ливерпул»га қиёслаш ҳам мумкин. Янги мураббий, жуда ишончли ва сермаҳсул старт, аммо муваффақиятларнинг тақвим билан қисман боғлиқлиги. Худди ливерпулликлар каби «Барселона» ҳам масъулиятли даврга кириб келмоқда . «Севиля» нисбатан олганда чигалёзди, зеро Флик шогирдлари уч кун ўтиб «Бавария» билан, келаси ҳафта эса «Реал» билан тўқнаш келишади. Турнир борасида ҳам шу икки ўйин муҳим – Монакодаги мағлубият туфайли Чемпионлар Лигасида вазият назорат остида эмас, «Реал»дан мағлубият эса, Ла Лигадаги пешқадамликка хавф солиши мумкин. Бу учрашувлардаги ижобий натижа айниқса, Фликнинг ёш жамоасига ўзига бўлган ишонч учун жуда аҳамиятли.

Аслини олганда «Севиля» у қадар хавфли бўлмаслиги керакдек. Ўзаро ўйинларни олганда ҳам охирги 40 ўйиндан атиги 4 тасида андалуслар ғалабаси қайд этилган, турнир жадвалида ҳам қарийб уч йилдан бери «Севиля»ни юқори ўринларда кўрмаяпмиз. Аммо яна шуни биламизки, «Севиля» алоҳида ўйинларда доим кучли жамоаларга муаммо туғдириб келган. Таркибдаги Навас, Сусо, Саул, Гудел каби тажрибали футболчиларни синдириш қийин. Шунингдек, сўнгги йилларда «Севилья»нинг таркиби анча ёшарди, авлодлар алмашинувини бошдан кечирмоқда. Фернандес, Агум, Кармона каби ёш футболчилар аста секин асосий футболчиларга айланиб боришмоқда. Табиийки, бу уйғунлик «Барселона»га етарлича муаммо туғдириши турган гап.

Бунинг устига жароҳатлар «Барселона»нинг ажралмас қисми бўлиб қолди. Жароҳатланган футболчилар тикланиб улгурмай, бошқалар лазаретни тўлдиришмоқда. Педри, де Йонг каби яримҳимоячилар сафга қайтиб, жамоа таркиби анча кенгаяди деб ўйлаб турганимизда, Ферран Торрес, Кристиансен, Бернал кабилар жароҳатланишди. Фликнинг Осасунадаги бемаврид ротацияси аслида асосга эга эди, зеро мураббийнинг ўзи таъкидлаганидек, кўп футболчилар мавсум бошидан бери катта хажмда меҳнат қилишларига тўғри келмоқда, уларни алмаштириш учун эса футболчилар кам. Тер Стегеннинг жароҳати эса нафақат дарвозабон позицияси учун, балким бутун ҳимояга таъсир қиладиган йўқотиш ҳисобланади. «Севилья»га қарши ўйинда катта эҳтимол билан Войцех Шесни дебют қилса керак. Клуб немис дарвозабонининг узоқ муддатга сафдан чиққанини инобатга олиб, эркин агент бўлган Шесни билан шартнома имзолашга мажбур бўлди.

Меҳмонлар сафида эса, Саул камида яна икки ҳафта шерикларига ёрдам бера олмайди. Марказий ҳимоячи Нянзу Куасси эса «Бетис»га қарши дербида ҳакам томонидан майдондан четлатилганди. У дисквалификация туфайли муҳим баҳсни ўтказиб юборишга мажбур.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

19 октябр. ТОТТЕНҲЭМ – Вест Ҳэм (16:30), БАЙЕР – Айнтрахт (18:30), Фулҳэм – АСТОН ВИЛЛА (19:00), НЬЮКАСЛ – Брайтон (19:00), МИЛАН – Удинезе (21:00), Борнмут – АРСЕНАЛ(21:30), Сент Этьен – ЛАНС (22:00), Селта – РЕАЛ МАДРИД (23:55), ПСЖ – Страсбур (23:55)

20 октябр. Эмполи – НАПОЛИ (15:30), Венеция – АТАЛАНТА (18:00), Вулверҳэмптон – МАНЧЕСТЕР СИТИ (18:30), АТЛЕТИКО – Леганес (19:15), Рома – ИНТЕР (23:45).

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар