Биз «Ливерпул»нинг Арне Слот бошқарувида атиги 10та учрашув ўтказганини кўрдик, бироқ бошқаларга 3 йиллаб вақт ҳам етмаётган бир пайтда нидерландиялик мураббий «қизиллар»ни Премьер-лига жадвали карвонбошисига айлантирди. Opta статистик маълумотлар портали янги «Ливерпул»нинг мавсум аввалидаги ўйинларидан таҳлилий рақамларни ҳавола этди.
«Манчестер Юнайтед» ва «Арсенал»нинг Сэр Алекс Фергюсон ва Арсен Венгернинг узоқ йиллик бошқарувидан кейин йўлиққан муваффақиятсизликлари сингари, «Ливерпул»га ҳам Юрген Клоппнинг 9 йиллик эрасидан сўнг, турнир жадвалининг юқори қисмидаги ўрнини сақлаб қолиш қийин кечиши тахмин қилинганди. Аммо мана Арне Слот мерсисайдликлар билан 10та ўйин ўтказди: клуб Англия лига кубогида 4-босқичда, Чемпионлар Лигасининг лига босқичида максимал очко тўплаб турибди ва Англия Премьер-лигасининг биринчи ўринида. 46 ёшли мутахассис дастлабки 10 учрашувининг 9тасини ютган «Ливерпул»нинг биринчи мураббийи бўлди ва умуман илк 10 ўйинда 9та ғалабага «Ливерпул» ўз тарихида 3 марта эришди (бундан аввал: 1961/62, 1990/91). Ва бу шунчаки бошланиши эканлигини ҳам эслатиб ўтиш жоиз. Унаи Эмери «Арсенал»даги 10та учрашувининг 8тасини ютган эди, кейин эса… «Фейеноорд»нинг собиқ мураббийи учун ҳам бир зумга огоҳликни қўлдан бой бериш мумкин эмас, чунки «Ливерпул» ҳам катта ўзгаришлар арафасида бўлиши мумкин. Ҳар ҳолда, етакчилардан учтаси: Муҳаммад Салоҳ, Виржил Ван Дейк ва Трент Александр-Арнолднинг клуб билан амалдаги шартномалари келгуси йилнинг ёзида якунига етади ва ҳозирча улар билан келишувларнинг узайтирилиши борасида жиддий гап-сўзлар йўқ. «Ливерпул»нинг статистикалари мавзусига қайтамиз ва улар айниқса, меҳмондаги учрашувларда ажойиб кўриниш олган, зеро сафардаги учрашувларда «Ливерпул» 100% натижа қайд этди. Улар орасида «Милан» ва «Манчестер Юнайтед»га қарши катта ўйинларда эришилган ғалабалар ҳам борлиги ушбу натижанинг қийматини оширади. Солиштириш учун, «Ливерпул» ўтган мавсумдаги 19та меҳмондаги беллашувнинг 9тасида ғалабага эриша олган (7та дуранг, 3та мағлубият). «Ливерпул»нинг муваффақиятли старти ҳақидаги рақамларни ўрганишда уларнинг Премьер-лига аввалида энг қулай тақвим асосида ҳаракат қилганини ёддан чиқармаслик керак: «Ипсвич Таун», «Брентфорд», «Манчестер Юнайтед», «Ноттингҳем Форест», «Борнмут», «Вулверҳемптон» ва «Кристал Пелас».
Муваффақиятнинг асосий сабабларидан бири «Ливерпул»нинг собиқ мураббийи Юрген Клоппнинг услуби янгисиникига жуда ўхшаш бўлганлигида, дейиш мумкин. Уларнинг ҳар иккиси 4та ҳимоячи билан ҳаракатланади ва узоқ қанот ҳудудларидан ичкарига ёриб кириш қобилиятига эга вингерлардан унумли фойдаланади. Яримҳимоядаги услуб бироз фарқ қилсада, ҳар икки мураббийнинг талаби ҳам марказдаги футболчилардан жамоанинг қолган қисми учун ҳам «қора меҳнат» қилишига асосланади. «TNT Sports» каналига мавсум аввалида берган интервьюсида Арне Слотнинг ўзи ҳам ушбу масалага тўхталиб ўтганди: «Менимча, сиз ҳам мавсумолди йиғинда ўтказган учрашувларимизда қураётган услубимиз Юрген Клоппникига жуда ўхшаш эканлигининг гувоҳи бўлдингиз. Биз худди Юрген даврида бўлганидек тўпга эгалик қилишни хоҳлаймиз ва тўпсиз ҳаракат қилган вақтимизда интенсив прессинг амалга оширишга ҳаракат қиламиз. Юрген даврида жамоа тўп билан ҳам жуда интенсив ҳаракат қиларди, лекин мен назоратнинг бизда кўпроқ сақланиб қолинишига қарши эмасман. Балки, Юрген ҳам тўп назоратини ушлаб туришга қарши бўлмагандир, лекин менинг услубимда биз тўпни кўпроқ ўз ихтиёримизда сақлаб туришга уринамиз».
«Ливерпул»нинг мавсум бошидан ҳозиргача бўлган статистикаларига қарасак, Арне ваъда қилган ўзгаришларни, дарҳақиқат, пайқаймиз. Аммо, лига миқёсида ливерпулликларнинг яна 31та учрашуви бор ва ҳали кампания якунигача рақамлар анча ўзгариши мумкин. «Қизиллар» ҳар бир учрашувда 2,0 xG — гол кутилмаси қайд этмоқда ва Клопп даврида фақатгина 2021/22 ва 2023/24 йилги мавсумларда бундан яхшироқ натижа қайд этилган. Ўз навбатида, ўтказиб юборилиши кутилган голлар кўрсаткичи ўтган мавсумдагидан (1,22) сезиларли пасайган — 0,74. Юрген Клоппнинг энг яхши мавсумида ҳам кўрсаткич 0,76 xG’ни ташкил этганини инобатга олсак, ушбу натижа ажойиб эканлигини англаймиз.
Ваҳоланки, «Ливерпул»нинг xG’сидаги яхшиланиш зарбалар сонининг кўпайгани билан боғлиқ эмас. Ўтган мавсумда улар ҳар битта учрашувда 20,8тадан зарба берган бўлса, жорий мавсумнинг ҳозиргача бўлган давридаги ўйинларда Слот шогирдлари ўртача 15,3тадан зарба бериб келмоқда. Клопп ўзининг сўнгги мавсумида дарвозаси томонга берилган зарбаларнинг ўртача ҳисобини 10,9тага тушириб, ўз даври рекордини ўрнатганди. Ҳозиргача бўлган даврдаги Арненинг натижаси (9,1) эса бу натижани ҳам яхшиламоқда.
Лекин бир жиҳатдан «Ливерпул» мураббийи хоҳлаётган жиҳат статистикада акс этмаяпти, у ҳам бўлса — тўп назорати. «Энфилд» эгалари ҳар ўйинда ўртача 570,1тадан узатма амалга оширмоқда ва бу Клопп ушбу клубда тўлиқ мавсум ўтказган исталган мавсумидан паст кўрсаткич. Аммо шунда ҳам ушбу узатмаларнинг аниқлик кўрсаткичи (86,6 фоиз) германиялик ҳамкасби клубда қайд этган барча мавсумлардаги рақамлардан яхшироқ кўриниш олган. «Ливерпул»нинг ўртача 60,3 фоиз тўп назорати клубнинг 2015/16 йилги мавсумдан бери энг ёмон кўрсаткичи, лекин шунда ҳам ушбу статистика бўйича Премьер-лигада «Манчестер Сити» (63,5) ва «Тоттенҳем»дан (62,4) кейинги учинчи поғонани банд этиб турибди.
«Ливерпул»нинг ўйини Юрген даврида ҳужумда хаос юзага келтириш орқали амалга ошириларди, кўплаб позиция футболчилари ўзаро ўрин алмашиш орқали ҳимояланаётган жамоаларни шошириб қўярди. Энг турфа позицияларда ҳаракат қилувчи футболчи сифатида Трент Александр-Арнолдни билардик. Зеро, Клопп уни ҳатто яримҳимояда ҳам ўйната бошлаган, ҳужумга қўшилишида анчагина эркинлик берилганди. Ушбу мавсумда эса Слот Трентдан соф ўнг қанот ҳимоячиси ролида фойдаланяпти. Буни унинг ҳар 90 дақиқа ҳисобидан ўртача тўпга тегинишлари фарқидан ҳам пайқаш мумкин. Ўтган мавсумда 90 дақиқада ўртача 100 бор тўпга тегинган англиялик футболчининг жорий мавсумдаги тегинишлари сони қарийб 77тани ташкил этмоқда. Қуйидаги фаол зоналар харитасида унинг бажараётган ишлари кўлами ҳақида ҳам умумий маълумот олишимиз мумкин:
Бу ташаббус Слот томонидан илгари сурилган, Трентнинг жамоа ўйини қурилишидаги иштироки, аҳамиятини пасайтириш ва миш-мишлари кўпайиб қолган эҳтимолий трансфери ҳолатига тайёрланиш ҳаракати сифатида кўрилиши мумкин.
Ливерпулликлар ўтган мавсумда умумий ҳисобда 41та гол ўтказиб юборганди, Слот билан эса 7та учрашувда атиги 2 бор ўз дарвозасидан тўп олиб чиқди. Ундан кейинги энг яхши натижани лигада «Арсенал» ва «Ноттингҳем Форест» 6тадан гол ўтказиб юборган ҳолда қайд этиб турибди. Хўш, улар тўпсиз қандай ҳаракат қилмоқдалар? Ахир, биз Клопп жамоасини тўпсиз ўйинда тенгсиз деб билардик. Юргеннинг ассистенти Пеп Лайндерс кўпинча жамоани «прессинг монстрлари» деб аташи бежиз эмасди. Қайд этиш керакки, Слот жамоаси собиқ мураббий давридагидан анча кам агрессия намойиш этмоқда, яъни улар рақиб тўпни қабул қилган заҳоти унга ташланиб, юқори зоналарнинг ўзида уларга босим ўтказмаяпти. Аксинча, янги «Ливерпул»да бу жараён шошмасдан, маълум тартиб асосида амалга ошмоқда. Рақибга «нафас олишга берилаётгани» статистикада ҳам акс этган. Ўтган мавсумда «Ливерпул» тўпни олдириб қўйгач, рақиблари ўртача 8,9та узатма амалга оширишга муваффақ бўлаётганди. Жорий мавсумнинг ҳозирги вақтгача бўлган қисмида «қизиллар» қайта тўпни ютиб олгунича қарши томон 10,4 маротаба пас беришга улгурмоқда. Шунда ҳам Слот жамоаси бу кўрсаткич бўйича лигада тўртинчи ўринда («Тоттенҳем» – 8,0; «Арсенал» – 8,9; «Брайтон» – 9,4). Бу ерда ҳеч қандай ҳайрон қоладиган жиҳат йўқ: бу — Слотнинг услуби. Ўтган мавсум у бошқарган «Фееноорд» худди шу статистика бўйича 10,1 кўрсаткич қайд этган. Шунингдек, «Ливерпул» ўтган мавсумдагидан фарқли равишда камроқ ҳисобда ортда қолган ҳолатда ўйнамоқда. Бу борада ҳам лигада етакчилик қилмоқдалар.
Ўтган мавсум улар 16та баҳсда биринчи бўлиб дарвозаларидан тўп олиб чиққанди, ушбу мавсумда эса 7та учрашувнинг фақат биттасида шундай вазият юз берди. Ваниҳоят, «Ливерпул» жорий мавсумда барча дуэллар (елкама-елка кураш)ларнинг ўртача 51,3 фоизида ғалаба қозонмоқда ва бу Клопп давридаги ҳар қандай мавсумдагидан яхшироқ кўрсаткичдир.
Албатта, юқоридаги барча статистикалар, аввал ҳам таъкидлаб ўтганимиздек, кичик давр ичида эришилди ва ушбу натижалар қайд этилган ўйинларда «Ливерпул»нинг тақвими анчайин қулай эди. Тўйдан олдин ноғора чалиш ниятида эмасмиз, бироқ тан олиш ҳам керакки, мерсисайдликлар янги мураббий қўл остида яхши старт олишди. Олдинда эса машаққатли мавсум кутиб турибди. Унда жароҳатлар, омадсиз ўйинлар, жамоа ичидаги кризис вазиятларга дуч келиш ҳолатлари бўлади. Балки, мавсум давомида буткул бошқа рақамлар акс этган мақола билан яна «Энфилд»га қайтармиз.
«Opta» маълумотлари асосида Абдулбасит Валихонов тайёрлади.