Ўзбекистонлик мутахассис, ФИФА ташкилий қўмитаси аъзоси Алишер Никимбаев миллий жамоа бош мураббийи Сречко Катанецни танқид қилаётганларга муносабат билдирди.
«Катанец танқид остига олинган ва ҳимоя қилинган кўплаб мақолаларга кўзим тушди.
Катанец жамоамизга эҳтиёткор ва прагматик футбол сингдирди. У камдан-кам ҳолларда эксперимент ва ротация қилади, бир хил таркиб билан ўйнашни афзал кўради. Табиийки, буни ёқтирмайдиган журналистлар ҳам бор.
Лекин футболнинг моҳияти шундаки, мураббийнинг меҳнати саралаш турнири давомида қанча футболчидан фойдаланганига қараб эмас, нечанчи ўринни эгаллаганидан баҳоланади. Катанец бошчилигидаги Ўзбекистон миллий жамоаси эса 3-ўриндан 6 очколик фарқ билан ўз гуруҳида ишончли тарзда топ-2да. Мен мағлубиятсиз серия ҳақида гапирмаяпман – Қатар билан Осиё Кубогининг чоракфиналидаги натижани мағлубият деб ҳисобласак ҳам, Катанец бошчилигидаги жамоа ЖЧ саралаш турнирининг 10 та ўйинида ютқазгани йўқ — бунақаси тарихимизда содир бўлмаган.
Ҳа, тушунаман, Ўзбекистон миллий жамоаси Катанец билан ютган рақиблар қитъанинг энг яхши жамоалари рўйхатида эмас. Аммо рақибларни Катанец танламайди ва биз ўзимиз ҳам жамоамизга қуръа ташлашда осонроқ рақиблар тўқнаш келишини хоҳлаймиз. Масалан, Австралия эмас, Қатар биз билан бир гуруҳда бўлишини ўзимиз хоҳлагандик.
Ва топ жамоалар билан ўйинларга келсак. Биз Японияни неча марта мағлуб этганмиз? Бир марта - аҳамиятга эга бўлмаган ўйинда. Жанубий Кореяни неча марта енгдик? Бир марта — 30 йил олдин. Ўшанда корейслар Осиё ўйинларига асосий таркиби билан келмаганди. Эронни неча марта мағлуб этгандик? Бир бор. Яна 4 та дуранг ва 10 та мағлубият бор эди. Аммо Катанец қўл остида қаторасига 3 та дуранг қайд этилди. Улардан бири камбэк бўлиб, биринчи бўлимдан сўнг жамоамиз 0:2 ҳисобида ютқазаётганди.
Ўз вақтида жамоамизнинг муаммоларидан бири сифатида иродали ғалабаларни қўлга кирита олмаслиги ҳақида ёзгандим. 25 йил давомида биз фақат битта шундай ўйин билан фахрланишимиз мумкин эди — 2005 йилнинг августида Кувайтга (3:2) қарши. Ҳозирги авлод (Катанецнинг ёрдами билан ёки йўқ) бу синдромни енгиб ўтганга ўхшайди.
Ҳа, Катанецга омад кулиб боқди. У жаҳон чемпионати иштирокчилари сони ошган бир пайтда Ўзбекистон миллий жамоасига келиб қолди ва энди ОФКда ТОП-4га эмас, ТОП-8га кириш кифоя. Шу боис гуруҳимизда аввалгидек икки фаворит йўқ, фақат биргина Эрон бор.
Ҳа, Катанецнинг омади келди. Чунки у 2021 йилда Ўзбекистон миллий жамоасини қабул қилган ва биринчи жиддий турнирга бир йилдан кўпроқ вақт бор эди. 1992 йилдан кейинги даврда Рустам Акрамовдан бошқа Ўзбекистоннинг бирор мураббийида тайёргарлик, таркиб танлаш, тактика билан шуғулланиш учун бунчалик кўп вақт бўлмаган. Аммо Ўзбекистон ЖЧ-2022 саралаш турниридаги иштирокини ҳар қачонгидан ҳам эрта якунлаганида Катанецнинг айби йўқ эди.
Бир журналистнинг Ўзбекистоннинг ҳозирги миллий жамоаси жаҳон чемпионатининг финал турнирига чиқа олмаса, ҳеч нарса билан эсда қолмайди, деган фикрига гувоҳ бўлдим. Хўш, биринчидан, жамоамиз жаҳон чемпионатига чиқади. Иккинчидан, ҳар биримиз ўзига хос хотираларга эгамиз. Масалан, 2011 йилги Осиё Кубогидан кимлардир Қатар устидан қозонилган ғалабани (2:0) эсласа, яна бировлар Австралиядан учралган мағлубиятни (0:6) ёдга олади. Ҳатто бир хил ўйин ҳам одамлар томонидан турлича эсланади. Баъзи футболчилар, масалан, ўша баҳсда Австралиядан яхшироқ ўйнаганликлари ҳақида ҳалигача гапиришади.
Қандай бўлмасин, мен ҳозирги баҳсларнинг сабабларини тушунмаяпман. Катанецнинг кетишини ким хоҳлайди? Нимага асосланиб? У натижа беряпти. Қолаверса, мураббийни оғир касал бўлиб қолган вазиятда ишдан бўшатиш ҳам маънавий жиҳатдан нотўғри бўлади. Агар Катанецнинг ўзи шартномани бекор қилишга қарор қилса, бу — бутунлай бошқа масала», — деб ёзади Никимбаев ўз телеграм каналида.