«Манчестер Сити» бош мураббийи Пеп Гвардиола Томас Тухелнинг Англия миллий жамоасида иш бошлагани инглиз ОАВларида унинг маҳаллий эмас, германиялик эканига урғу берилганини танқид қилди.
«Томас Тухелни Англия миллий жамоаси бош мураббийи этиб тайинлангани билан уни ва Англия футбол ассоциациясини табриклайман. Бу масъулиятли вазифа, унга омад тилайман.
Аммо унутмаслик лозим, биз қаерда туғилишимизни ўзимиз танлай олмаймиз. Ота ва онамиз буни ҳал қилишади ва 9 ойдан кейин биз туғиламиз. Мен каталониялик бўлиб туғилишни танламаганман, сиз ҳам инглиз бўлиб туғилишни танламагандек.
Ассоциация қатор ютуқларга эришган хорижлик мураббийни миллий жамоага тайинлади ва бу танловни мен қўллаб-қувватлайман. Тухел ғалабалар қозонса, уни мақташади, ютқазганда ёмонлашади. Аммо унинг миллати – ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмаслиги шарт.
Албатта, барчамиз келиб чиқишимиз, қаерда туғилганимиз билан фахрланамиз, аммо дунё жуда катта. Биз очиқ бўлишимиз керак. Айтайлик, мен бу ерда сиздан ниманидир ўрганиш учун келганман.
Ҳозирги замонда айримлар ўзини бошқалардан устунмиз деб ҳисоблайди, буни бутун дунёда кўриб турибмиз. Россия, Украина, Исроил ва Африканинг айрим нуқталарида ҳам шунақа бўлмоқда – одамлар ўзини қолганлардан устун деб ҳисобламоқда.
Менга ёқмайдигани – одамлар миллати ёки қаерда туғилгани учун танқид қилинишидир. Бу жуда ёмон», - дея «Манчестер Сити» бош мураббийининг «Вулверҳэмптон»га қарши ўйин олди матбуот анжуманидаги сўзларини келтирган BBC.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Гарри Невилл, Жейми Каррагер сингари англиялик собиқ футболчилар Тухелнинг тайинланишига муносабат билдириб, Англия миллий жамоасини инглиз мутахассиси бошқариши кераклиги ҳақида гапирган эди.