Футболчининг ўғли футболчи бўлишининг ўзига хос жиҳатлари бор. Баъзида иқтидорни мерос қилиб олган футболчилар оталарининг йўлини муносиб босиб ўтишади. Баъзида эса отанинг муваффақиятлари фарзандни мислсиз босим остида қолдириб, кутилмалар унинг фаолиятига салбий таъсир кўрсатиб қўяди. Ушбу мақолада машҳур ота-бола футболчилар ва уларнинг фаолияти хусусида сўз боради.
Чезаре, Паоло ва Даниэл Малдини
Мақоланинг эълон қилинишига асосий сабаб ҳам айнан мана шу фамилия эгаларининг учинчи авлоди ҳам Италия миллий жамоасида дебют қилганидир. Бобоси Чезаре ва отаси Паолодан сўнг «мовий гвардия»да тўп тепаётган оиланинг учинчи авлод вакилини энг биринчи бўлиб қайд этиб ўтмаслик мумкин эмасди. Чезаре — «Милан» ва Италия миллий жамоаси афсоналаридан бири ва ҳар иккала жамоани мураббий сифатида ҳам ажойиб натижаларга бошлаб борган. Ўз навбатида, мураббий сифатида ўғлини асосий таркибда мунтазам ўйнатар экан, ҳеч ким уни непотизмда айблай олмасди. Зеро, Паолонинг футболдаги иқтидори ва фаолиятининг ёрқинлиги отасиникидан ортиқроқ бўлса бор эдики, кам эмасди. Даниэл ҳам 2020 йил февралда «Милан»да дебют қилган кезларида 3-авлод «россонери»си сифатида барчанинг эътиборини тортганди. Бироқ унинг фаолиятининг дастлабки қисми у қадар омадли кечмади ва ҳозирда у «Монца» сафида ҳаракат қилмоқда. Бироқ А Серияга кўтарилганига кўп бўлмаган клуб сафидаги ўйинлари ҳам унга Италия миллий жамоасидан чақирув олишига етарли бўлди ва у Миллатлар Лигасида дебют қилди. Омон бўлсак, балки 4-авлодга ҳам гувоҳ бўлармиз.
Алекс ва Даррен Фергюсон
Тарихдаги энг яхши мураббийлардан бири ҳисобланадиган Сэр Алекс Фергюсонни таништириб ўтиришга ҳожат йўқдир. Шотландиялик мутахассис ўз даврида футболчи ҳам бўлган ва бу борада у қадар мақтана олмайди. У намунали ота сифатида ўз ўғлининг «Манчестер Юнайтед» академияси орқали футбол таҳсили олишига барча шароитларни яратиб берган, бироқ ўғли Даррен асосий жамоага ўта олмай, «Вулверҳэмптон» клубига кетган. Футболчиликдаги ишлари юришмаган Даррен отаси каби мураббийликда омади чопишига умид қилиб, ушбу йўналишда ишлай бошлаган. Ҳозирда у Англиянинг ҳисоб бўйича 3-дивизиони ҳисобланувчи, Биринчи лиганинг «Питерборо Юнайтед» клуби бош мураббийи саналади.
Ҳарри ва Жейми Реднапп
Қария Ҳарри футболчилик фаолиятининг асосий қисмини «Вест Ҳээм» ва «Борнмут»да ўтказган. Кейин эса футбол оламида унга росмана шуҳрат олиб келган мураббийлик фаолиятини бошлаган. «Тоттенҳэм», «Вест Ҳэм» ва «Портсмут»да муваффақиятли фаолият олиб борган мутахассис «Борнмут» ва «Саутҳэмптон»да мураббийлик қилаётган кезлари ўз ўғлига мураббийлик ҳам қилган. Фаолиятининг энг чўққисини «Ливерпул»да ўтказган Жеймига жароҳатлар доим халал бериб келган. Ҳозирда у «Sky Sports» телеканалида эксперт бўлиб ишлайди.
Пeтер ва Каспер Шмейхел
«Манчестер Юнайтед» билан требл ва Дания билан эртакнамо тарзда Еврони ютган Пeтер Шмейхел ҳақли равишда тарихдаги энг яхши дарвозабонлар борасидаги сўровларнинг доимий иштирокчисидир. Лекин у ўзининг ютуқларидан кўра, Каспернинг «Лестер» билан ютган АПЛ чемпионлигини юқорироқ баҳолайди. Отаси каби дарвозабон бўлишни танлаган Каспернинг фаолиятини ҳақиқатан ҳам муваффақиятли дейиш мумкин. Ҳа, у Пeтердек совринларни қалаштириб ташламади. Бироқ мана неча йилдирки, Даниянинг асосий посбони бўлиб келмоқда ва фаолиятида фахрланса арзийдиган ютуқларга эришиб улгурди.
Данни ва Дэйли Блинд
Данни Блинд улкан техник маҳоратга эга ҳимоячи бўлган ва унинг ўғли Дэйли ҳақида ҳам худди шу фикрни билдириш мумкин. Блиндларнинг каттаси фаолиятини Нидерландиянинг ўзида ўтказган, бироқ бу давр 90 йиллардаги «Аякс»нинг гуллаган даврига тўғри келганди. Дэйли эса футболчи сифатида кўплаб лигаларни кўрди, айниқса, «Манчестер Юнайтед»даги 4 йиллик фаолияти билан машҳур. У ўтган мавсум «Жирона»га Чемпионлар Лигасига тарихий йўлланмани қўлга киритишда ёрдам берди ва ҳамон каталонияликлар сафида ҳаракат қилмоқда.
Арнор, Эйдур, Свайн Арон, Андри ва Даниэл Гудйонсен
Ота ва фарзанднинг бир клуб ёки миллий жамоа сафида бир вақтнинг ўзида ҳаракат қилишини учратиш жуда мушкул, аммо шундайларини ҳам учратасиз. Эйдур Гудйонсен Исландия миллий жамоасидаги дебют учрашувида майдонга тушаётганида отаси Арнор унга майдондаги ўрнини бўшатиб берган. Фаолияти давомида 10 дан ортиқ клубларда ўйнаган Эйдурнинг асосий юлдузлик онлари «Челси» ва «Барселона»да ўтган. Буни қарангки, унинг учала ўғли: Свайн Арон («Сарпсборг»), Андри («Малмё») ва Даниэл («Гент») ҳам футболчи бўлиб етишишди. Ҳа, улар отаси даражасига эриша олганича йўқ, лекин Андри яқинда ўз клуби билан «Челси»га қарши ўйнаб, Гудйонсенлар фамилиясини «Стемфорд Бриж»га қайтаришга эришди.
Йоҳан ва Хорди Кройф
Ўз миллатинг туғган энг буюк футболчининг изини босиш қанчалик оғир? Хорди Кройфдан сўрасангиз, балки, жавоб топарсиз. «Барселона» ва «Манчестер Юнайтед»да ўйнаганига қарамай, унинг натижаларига отаси эришган чўққилар ва даража олдида баҳо бериш анча мушкул. Йоҳан футболчилигида ҳам, мураббийлигида ҳам бутун футбол оламини ўзгартира олган, дунёга янги нафас олиб кирган ҳақиқий новатор, ўз даврининг энг кучли футболчиларидан бири бўлган. Мураббийлигидаги даражаси билан ҳам дунёни ўзи томон жалб этган отанинг сояси Хордига ғоят катталик қилгандек.
Футболчиликда отасига ета олмаган Хорди мураббийликда нимагадир эришишига кўзи етмадими, кўпроқ спорт директорлик фаолияти билан машғул бўлиб келмоқда.
Зинедин, Энцо, Лука, Тео ва Илёс Зидан
Зинединнинг 4 ўғли бор ва барчаси футболни танлаган. Отасининг номидан қўрқмаган бу тўртовлоннинг тўнғичи 28 ёшида клубсиз юрибди ва фаолиятини якунлаб, эътиборини моделликка қаратмоқчи. Лука ҳозирда «Гранада»да асосий таркиб учун курашмоқда. Тео ҳам «Реал Мадрид Кастиля»даги бир неча йиллик фаолиятдан сўнг ўз омадини бошқа ерда излашга ҳаракат қилиб кўрмоқда ва Сегундага янги кўтарилган «Кордоба»га бориб қўшилди. 2005 йилда туғилган Илёс эса ҳозирда «Бетис» ўринбосарлари таркибида ўйнамоқда. 2007 йилда туғилган футболчилар «Олтин тўп»нинг топ-50 рўйхатига кираётган бир пайтда ундан ҳам қандайдир оламшумул натижаларни кутиш қийиндек.
Балки, сулоланинг барча муваффақиятлари Зинединнинг футболчилик ва мураббийлик фаолиятига бағишлангандир.
«Squawka» маълумотлари асосида Абдулбасит Валихонов тайёрлади