Ўзбекистон миллий жамоаси ёрдамчи мураббийи Владо Радманович ЖЧ-2026 саралашидан ўрин олган БААга қарши баҳс олдидан ўз фикрларини билдирди.
«Аввало, Сречко Катанецнинг аҳволи яхшиланганини айтишим мумкин. Бош мураббий ноябрдаги ўйинларда жамоа билан бирга бўлади. У машғулотларни ҳам, ўйинларни ҳам кузатиб бормоқда.
БАА билан ўйинга келсак, нохуш серия бор экан. Яъни Ўзбекистон рақибни ўз майдонида мағлуб этолмаган экан. Эртага бу анъанага чек қўйишга ҳаракат қиламиз.
Ҳа, Эрон билан ўйинда бош мураббийнинг йўқлиги билинди. Биз реакция билдиришга, ўзгаришлар қилишга кечикдик. Лекин яна бир нарсани айтиш керакки, доим ҳам ғалаба учун қилинган ўзгаришлар кутилган фойдани беравермайди.
Катанецнинг БАА миллий жамоасида ишлагани бизга фойда беради. У рақиб футболчилари менталитети ҳақида яхши билади.
БААни ўргандик. Рақиб ҳимояланганганда тўлиқ ортга қайтиб, ёпилиб олади. Босим ўтказиб, ҳимояни ёриб ўтишга ҳаракат қиламиз.
Афсуски, кечаги машғулотларда Аббос Файзуллаев жароҳат олди. Унинг ҳолатини кузатяпмиз. Шунингдек, Остон Ўруновда ҳам жароҳат бор.
Гол уролмаганимиз? Эрон ҳимояси кучлилигини тан олиш керак. Аммо биз ҳам улардан тўп ўтказмаяпмиз. 3 йил аввалги билан солиштирсак, Ўзбекистон ўсишга эришди.
Эртанги ўйин тактикаси ҳақида гапира олмайман. Аммо лозим бўлса, таваккал қилишимиз мумкин. Азиз Турғунбоев, Ҳожимат Эркинов каби футболчилар билан ўйинни кучайтира оламиз. Бизга ҳозир етишмаётган футболчи — Игор Сергеев. Иккинчи марказий ҳужумчи йўқлиги сабаб Элдор Шомуродов тўлиқ ўйнамоқда», — дея Радмановичнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.
Ўйин эртага, 15 октябр куни «Бунёдкор» стадионида бўлиб ўтади ва 19:00да бошланади.