БАА футбол федерацияси Фабио де Лиманинг ЖЧ-2026 саралаши доирасидаги муҳим ўйинда иштирок этмаслигини шахсий сабаблар билан изоҳлаган.
Футбол бўйича БАА миллий жамоасининг тўрт нафар футболчиси 15 октябр куни Тошкент шаҳридаги «Бунёдкор» стадионида Ўзбекистон миллий жамоасига қарши кечадиган ўйинда иштирок эта олмайди.
БАА футбол федерацияси сайти хабарида ҳимоячи Куаме Куадионинг сариқ карточкалари тўпланиб қолгани, унинг амплуадоши Абдулраҳмонда жароҳат борлиги, яримҳимоячи Яҳё Нодирнинг спорт формаси жойида эмаслиги айтилган, тажрибали ҳужумчи, жамоа тўпурарларидан бири (30 ўйинда 12 гол) Фабио де Лима эса шахсий сабабларга кўра Тошкентга уча олмагани кўрсатилган.
ЖЧ-2026 саралаши гуруҳ босқичининг 4-тури доирасида кечадиган муҳим ўйин олдидан мазкур рўйхатдаги айнан тўртинчи футболчи билан боғлиқ ҳолат муҳокамалар марказига чиқди. Бу у ўтмишда Ўзбекистон «фуқаролиги»ни олгани билан боғлиқ.
Асли бразилиялик бўлган Фабио Виржинио де Лима айни вақтда 31 ёшда. У 11 йил муқаддам, 2013 йилда Ўзбекистон «фуқароси»га айланиб қолган ва БАА чемпионатида осиёлик легионер сифатида рўйхатдан ўтганди. Лекин унинг паспорти сохта бўлган ва бундай рақамли паспорт аслида бошқа одамга тегишли эди.
Ўзбекистонлик футбол мутахассиси, ФИФА ташкилий қўмитаси аъзоси Алишер Никимбаев ушбу футболчи билан боғлиқ тарихни ҳикоя қилган. У 2023 йил февралида ўзининг «Футболиум» телеграм-каналида БАА миллий жамоасида муаммосиз тўп суриб келган «Ўзбекистон фуқароси»нинг паспорти муддати тугагани ҳақида хабар қолдирганди:
«Оддий тарих. 2010-йилларда БАА клубларида легионерлар лимитида осиёлик футболчига ажратилган ўрин Осиё мамлакатлари фуқаролигини қабул қилган бошқа юрт вакиллари билан тўлдириш ҳаракати бошланганди. Шу тариқа, Жусилей («Анжи»да бразилиялик эди) каби «фаластинлик»лар кўпайишди. Фаластин паспорти 25 минг долларга тушиши ҳақида ҳам гап-сўзлар тарқалганди. Хуллас, 2014/2015 йиллар мавсуми бошланиши арафасида, ажойиб кунлардан бирида «Ал-Васл» клуби ўзбекистонлик футболчини рўйхатдан ўтказди - Фабио де Лима.
Аввалига ҳаммаси мавҳум кўринди. Солиқ қўмитаси сайтида паспорт рақамини текшириш шуни кўрсатдики, бу рақамли ҳужжат русча исм-фамилияли аёл ёки эркакка берилган. Лига клубларидан бири эътироз билдирди, аммо ҳақиқатни билиши ёки тагига етиши мумкин бўлганларни жазолаш асносида ишни силлиқ ёпишди. Фабио эса навбатдаги мавсум бразилияликка айланди, кейин БАА фуқаролигини олди ва ҳалигача Ўзбекистонга боришдан қочади...»
2024 йил октябрига келиб ушбу мавзу ўртага чиққач, Никимбаев телеграм-каналида навбатдаги постларни ёзиб қолдирди.
«Фабио аввалига бир паспорт рақами билан заявка қилинган. Солиқ қўмитаси сайти текширилганида, бундай рақамли паспорт эгаси аёл киши бўлиб чиқди. Кейин Амирликлар Про-Лигаси тизимида Лиманинг янги паспорти нусхаси пайдо бўлди (фотодаги). Ва бу паспорт рақами текширилганида ҳам славянча исм-фамилияли бошқа одам чиқиб келди. Норасмий текширув давомида бу одам топилди ва у паспортини гўёки Москвада йўқотгани, шу туфайли Тошкентга боришга рухсат олгунича кўчада яшашга мажбур бўлганини айтиб берди. Ўзбекистон фуқаросининг Москвада ўғирланган паспорти нусхаси қандай қилиб Амирликларга бориб қолгани - умуман футболга оид масала эмас. Аммо, билишимча, Ўзбекистонда [бу борада] расмий текширув бўлмаган, шунинг учун бу саволга жавобни ҳеч ким билмайди», дея ёзган мутахассис биринчи постида.
У ушбу футболчининг Ўзбекистонга келишига ҳеч қандай қонуний тўсиқ кўрмаётганини қўшимча қилади.
«Унга нисбатан жиноий иш очилгани даргумон. Бундан ташқари, бундай ҳуқуқбузарликлар учун даъво муддати қандай эканини текшириш керак.
Шуни унутмангки, Фабио Ўзбекистон фуқароси сифатида ўзининг “паспорти”ни ҳеч қачон кўрмаган ва табиийки, ундан ҳеч қаерда фойдаланмаган. Бу сохта ҳужжат фақат Амирликлар чемпионатида заявка қилиниш учун керак бўлган. Нега у келмаяпти? Афтидан, у иш ҳали очиқ бўлишидан қўрқади ва таваккал қилишни хоҳламайди.
Унинг БАА фуқароси паспортига келсак, катта эҳтимол билан, бу масалада барчаси қонуний», дейди мутахассис.
Маълумот учун, 2014 йилдан буён «Ал Васл» сафида ўйнаб келаётган Фабио 2018 йил февралида ОЧЛ гуруҳ босқичи доирасида «Насаф»га қарши ўйинга ҳам келмаганди. 2024 йил сентябрида эса Ўзбекистоннинг бошқа бир клуби «Пахтакор» Элит ОЧЛ доирасида «Ал Васл» билан ўйнади, Фабио ўшанда ҳам Тошкентга келмади.
Эслатиб ўтамиз, ЖЧ-2026 саралаши, охирги гуруҳ босқичи А гуруҳи 4-тури доирасидаги Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги ўйин 15 октябр куни соат 19:00 да «Бунёдкор» стадионида бошланади. Айни вақтда гуруҳда ўзбекистонликлар 3 ўйинда 7 очко тўплаган ҳолда пешқадамлик қилмоқда, БАА 4 очко билан 3-ўринда жойлашган.