12.10.2024 14:15
2424
Петер Шмейхел — текстил фабрикасида ишлагани, қўл тўпи дарвозабонлари услубини «кўчиргани» ва Рой Кин билан муштлашгани ҳақида

«Манчестер Юнайтед»нинг афсонавий дарвозабони Петер Шмейхел собиқ жамоадошлари Гари Невилл, Рой Кин ва Англия футболи машҳурлари Жейми Каррагер ҳамда Жилл Скот билан «Sky Sports» каналида суҳбат уюштириб, Даниядаги ҳаёти, Манчестерга келиши ва клубдаги саргузаштлари ҳақида гапириб берди.

Гари Невилл: «Петер, сўнгги кунларда бу суҳбатга тайёрланаётиб, бир маълумот ўқиб қолдим: сенинг биринчи ишинг текстил корхонасининг бўёқлаш бўлимида бўлган экан. Шу ростми?»

Петер Шмейхел: «Ҳа, шундай бўлган. Менга катта ўрамларда матолар олиб келишарди ва вазифам уларни махсус машиналарга солиб, керакли рангларга бўялишини таъминлаш эди. Кимёвий газларга тўла хонада ишлардим, ёшинг ўтгач бунинг таъсирини билар экансан, мен соғлиғим учун хавфли шароитда ҳимояланиш воситаларисиз ишлаган эканман. Адашмасам, 4-5 ой ўша ерда ишлаганман. Менимча, 18 ёш атрофида эдим.

Мен буткул бошқа тизимдан футболга кириб келганман, академияда таҳсил кўрмаганман, бизда бунинг имкони йўқ эди. Гап шундаки, 1978 йилгача Дания қонунчилигига кўра, ҳеч бир спорт профессионал фаолият тури ҳисобланмасди, улар ҳаваскор даражада иш юритиши керак бўларди. Бизда, одатда, болалар ўрта мактабни тугатишади ва олий ўқув юртларида ўқишни давом эттиришади. Мен эса мактабдан кейин бироз ўқишдан танаффус олишни хоҳладим ва бир нечта оддий ишларни қилиб кўрдим. Университетга яхшилаб ўйлаб, фикримни бир жойга қўйган ҳолда ҳужжат топширмоқчи эдим. Қариялар уйида фаррош бўлиб ҳам ишлаганман. Ўйлашимча, бу мен учун жуда ҳам фойдали амалиёт бўлган. Шу каби ишлар орқали дунё аҳолисининг катта қисми ҳар куни қандай ишлар қилишига тўғри келишини тушуниб етасан».

Рой Кин: «Академияда таҳсил олмаганман, деяпсан. Балки айнан мана шу сабаб ўз дарвозабонлик услубингни яратгандирсан, академиялар дастури бўйича шуғулланадиган посбонлардан шу жиҳатинг билан фарқ қилганингни ҳис қилмайсанми?»

Петер Шмейхел: «Ҳа, мен ҳам шундай фикрдаман. Бир жиҳатдан омадли ҳам бўлганман. Боиси, фаолиятим йўлида ўша давр Даниясидан ташқарини кўра оладиган ва анча ақлли мутахассислар билан танишганман. Биз шунчаки ҳаваскорлар эдик, бироқ мен ишлаган дарвозабонлар мураббийи Нидерландияда ўйнаб келганди. Унинг дарвозабонлик борасидаги қарашлари биз ўрганиб қолган тўпга сакраш, фишкалар бўйлаб машқ бажариш ва ҳоказолар билан чекланмасди. У ўша даврдаёқ бугунги мураббийлар дарвозабонлардан талаб қиладиган техник маҳорат, ўйинни ўқий олиш, вазиятларни тўғри баҳолаш кабилар юзасидан мен билан ишларди. Унинг фалсафаси шундай эдики, ўзаро машғулотимизни доим алоҳида бажарарди, жамоадан алоҳида. Бошқа вақтда эса мен қолган футболчилар билан бир хил машғулотлар ўтказардим. Менимча, у келажакни кўра олганди: қачондир ҳимоячинг ортга узатган тўпини ушлай олмайсан ва оёғингни ишлатишингга тўғри келади. Лекин бу каби машғулотлар ҳар куни ҳам бўлавермасди, дейлик ҳафтасига 2 кун.

Очиғи, мен ҳам дарвозабонлар жамоанинг қолган қисмидан ажратиб шуғуллантирилишини тушунмайман. Чунки шундай вазиятлар бўладики, дарвозабон ҳам ўйин сценарийсини тушуниши керак, у амалга оширмоқчи бўлган иш жамоадоши ўйлаганига мутаносиб келадими ёки йўқ — шуни ҳис қилиши керак. Бу каби машғулотлардан, балки, ёш дарвозабонлар нимадир ўрганар, лекин бир неча йилдан бери дарвоза чизиғи борасида ишлаётган посбон учун ушбу ҳаракатлардан нимадир ўрганиши амри маҳол. Бошқа тарафдан, агар сен бу машқларни сурункасига бажараверсанг, 30 ёшдан ўтганингдан кейин тўпга отилганда оғриқ ҳис қила бошлайсан. Бахтимга мен ҳар куни 20 марта ўнгга, 20 марта чапга сакрашимга тўғри келмаган».

Гари Невилл: «Текстил фабрикасида ишлаган вақтингда футбол машғулотларинг қандай кечарди?»

Петер Шмейхел: «Ўша вақтда мен ўзим ёшлигимдан бери шуғулланиб келадиган клубда эдим ва эндигина катта жамоага қўшилгандим. Аниқ эсимда йўқ, адашмасам, ҳафтасига уч марта машғулот ўтказардик. Ҳафта охирида эса ўйинимиз бўларди. Мен шунчаки ҳаваскор футболчи мақомида эдим, бундан менга ҳеч қандай молиявий фойда йўқ эди. 2 йилдан кейин Даниянинг энг юқори лигасида ўйнай бошладим ва ярим профессионал мақомини олдим. Аслини олганда, текстил фабрикасида ҳам жуда кам пул олардим, лекин мактабни битириб чиққан мен каби болакай учун оладиган маошим кўп кўринарди. Ҳар ҳолда, дўстларим билан айланишга чиқиб туришим учун етарди. У пайтда менда ҳеч қандай молиявий мажбуриятлар йўқ эди, шунинг учун пулим ўзимга етиб турарди, бироқ ростдан ҳам ойлигим жуда паст эди. Ундан кейин ҳам бир нечта жойларда ишладим, одатда, соат 9:00дан 17:00гача кундалик ишимни қилардим ва кейин машғулотларга борардим.

Шароитим ҳақида клубимиз раҳбарига айтиб берганимда у мени ўзига тегишли газетада ишлашга таклиф қилди. Очиғи, буни иш ҳам деб бўлмасди, у шунчаки менинг футбол ўйнашда давом этишим учун шароит яратиб берганди. «Брондбю»га ўтгунимча, яъни 2 йил унинг қўл остида ишлаганман. Ўшанда 23 ёшда эдим. 1986 йилдан эътиборан клуб тўлиқ профессионал мақомда ишлаётганди ва мен 1987 йилда уларга қўшилганман».

Жейми Каррагер: «Эслаб ўтганингдек, академияда таҳсил кўрмагансан ва футболга вақт орттиришинг ҳам муаммо бўлган. Ушбу даврадаги йигитлар босиб ўтган йўлдан мутлақ фарқ қиладиган бир тарзда элита футболигача йўлни босиб ўтгансан. Ўша даврларда дунёнинг энг яхши дарвозабонига айланишинг мумкинлигини ўйламаган бўлсанг ҳам керак, амбицияларинг қандай бўлган ўзи?»

Петер Шмейхел: «Мен ҳеч қачон футболнинг бу каби персонал масалалари ҳақида ўйламаганман. Футбол ҳақидаги дастлабки хотираларимдан эслайманки, менинг бирдан бир орзум «Манчестер Юнайтед» таркибида тўп тепиш бўлган. Нега айнан шуни ният қилганимни тушунтириб ҳам бера олмайман. Ҳар тун уйқуга ётар эканман, фақат шу ҳақида ўйлардим ва энг катта орзум «Уэмбли»да «МЮ» либосида Англия кубоги финалида ўйнаш бўлган. Дастлабки йили бунинг уддасидан чиқа олмагандик. Ройнинг «Ноттингҳэм Форест»ига ютказиб қўйганмиз. Лекин кейин буни бир неча бор уддаладик. Мана шу менинг энг катта орзум эди, қандайдир қаҳрамон, энг яхши футболчи бўлиш эмас».

Гари Невилл: «Болалигингдаги қаҳрамонинг ким бўлган?»

Петер Шмейхел: «Зепп Маерни эслайсанми? Узун иштонларда, катта қўлқопларда «Бавария» ва Ғарбий Германия дарвозасини қўриқларди. Менинг кийиниш услубим ҳам унинг кўринишидан келиб чиққан. Уни ёқтиришимнинг боиси, уларнинг жамоаси 70 йиллар аввалида жуда кучли эди, ҳамма нарсани ютишарди. У кетма-кет тарзда клуби билан Чемпионлар кубоги ва миллий жамоаси билан жаҳон кубогида зафар қучганди.

Кўп телевизор кўрардик, Данияда мавсум тугаган пайтда Европанинг кўплаб лигалари қизғин давом этаётган бўларди. Уларни диққат билан кузатардим ва, айниқса, дарвозабонларнинг ўйинини кузатишни ёқтирардим. Ҳар биридан ниманидир ўзлаштиришга ҳаракат қилардим, лекин уларнинг айнан биттасини тўлақонли кумирим деб айта олмайман».

Гари Невилл: «Сен Англияга келиб, ўзингнинг яхши маънодаги ғалати услубинг билан ҳаммани ҳайратда қолдиргандинг. Тўпни узоқ масофага қўлинг билан улоқтирардинг. Дарвозага келаётган тўпларга ўргимчак услубида қўлларинг ва оёқларингни чўзиб ташланишинг дарвозабонликда янги тренд ярата олди, ҳанузгача бу услубни сен билан эслаймиз. Бу услуб қаердан пайдо бўлган?»

Петер Шмейхел: «Дания — совуқ мамлакат ва ўша даврдаги шароитлар ҳозиргисидан анчагина фарқ қиларди. Ҳозир 12 ой давомида у ерда футбол ўйнаш мумкин, лекин авваллари бизда бундай имконият бўлмаган. Шунинг учун, қиш пайтида йигитлар билан қўл тўпи (ҳандбол) ўйнардик. Бу спортда эса дарвозабоннинг техникаси футболникидан анча фарқ қилади. Сен тананг билан дарвозани ёпиш билан бирга жуда тезкор реакция кўрсатишга тайёр туришинг керак. Бундан ташқари, мен ўзимиздан бир ёш катта йигитлар машғулотида дарвозада эмас, майдонда ўйнардим, боиси, биздан катталар жамоасида яхши дарвозабон бор эди. Қўл тўпида коптокни эгаллаб олганингдан сўнг қанот бўйлаб югураётган ҳужумчиларга тезлик билан тўпни етказиб беришинг муҳим. Биз болалигимиздан дўстларим билан бу икки спортда бирга ўйнардик ва табиий равишда улардаги элементлардан фойдаланардик. Эсимда, «Манчестер Юнайтед»даги дастлабки меҳмондаги учрашувим «Эвертон»га қарши кубок доирасида бўлганди, мен қўлларим-оёқларимни икки тарафга ёзиб, тўпни қайтариб қолдим ва эртасига ҳамма шу сейв ҳақида гапира бошлади. Лекин менинг вазифам қандай қилиб бўлса ҳам тўпни қайтариш, шунинг учун бу футбол услубими ёки қўл тўпиникими — менга фарқи йўқ эди».

Рой Кин: «Манчестерга келган пайтингда дарвозабонлар мураббийи сени «қолипга солишга» ҳаракат қилмаганми?

Петер Шмейхел: «Душанба кунлари алоҳида машғулотларга келишимизни айтяпсанми? Йўқ, уларда шунчаки одатий машқлар билан банд бўлардик. Ёш дарвозабонлар билан ишлар эдик. Мен клубга келган пайтимда ҳеч бирингиз йўқ эдингиз, ўшанда жисмоний ҳолатим ажойиб эди.

Мавсумолди машғулотларга катта эътибор қаратаман. Қаттиқ ишлаш керак, деб ҳисоблаганман. Биринчи машғулотда жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий дарвозабонлар жарима майдончасида шуғулланиш мумкинлигини айтди. Мен эса қанақасига бундай бўлиши мумкинлигини тушунмаганман, ахир мен бутун гуруҳга қўшилиб узоқ масофаларга югуришга тайёр ҳолда машғулот базасига келгандим. Мен жамоа билан қолиб, баъзи асосий таркиб йигитларини тўп билан бажариладиган машқларда енга олгандим. Ҳамма бу йигит ким, қаердан келиб қолди деб ўйлагандир, лекин мен бутун умр бу машқларни қилиб юргандим. Ҳа, мен дарвозабонлар мураббийи билан қилинадиган машқларни бажаришга тайёрман, лекин асосий жамоа машқ қилаётганда улар билан бўлишим керак — мен уларнинг биттасиман».

Рой Кин: «Ҳозирги давр дарвозабонлари оёқ билан анча кўп ўйнамоқда ва баъзида улар тўпни олдириб, дарвозасига гол олиб келади. Бунда айб тўлиқ дарвозабонда бўладими?»

Петер Шмейхел: «Вазиятга қараб. Агар мураббий машғулотларда уларга шундай пас беришни ёки шундай ўйнашни буюрган бўлса, унда мураббий ҳам бунда масъулиятни бўйнига олиши керак. Техник хато туфайли кўнгилсизлик юз берса, дарвозабон 100 фоиз айбни олиши мумкин, бироқ мураббий айтган томонга тўпни узатсаю, тўпни рақиб илиб кетса, ўша позицияни қўриқлаётган шериги, тактикани тузиб чиққан мураббий ҳам у билан бир даражада айбдор бўлади».

Гари Невилл: «Петер, кел Манчестерга келишинг ҳақида гаплашамиз. Манчестердан кимдир ёки агентинг сенга ушбу имконият ҳақида айтган биринчи вақт эсингдами?»

Петер Шмейхел: «Яна 80 йиллар Даниясига қайтишимиз керак, бу пайт бизда агентлар йўқ эди. У пайтда ёки ўзимиз, ёки ота-онамиз биз учун музокара ўтказарди. Кейин эса менга бир агент алоқага чиқди, унга менинг ўйинларим ёққан экан ва мен билан ишлашни хоҳлашини айтди. Ўшанда унга «Манчестер Юнайтед»да ўйнамоқчи эканлигимни айтгандим ва 18 ой ўтиб у менга клубдан қизиқиш борлигини айтди. Стив Брюс билан мавсумолди йиғинда гаплашгандим. Кубок доирасида «Манчестер Юнайтед» «Ҳерфорд»га қарши ўйнаши керак ва ўша пайтда сэр Алекс Фергюсоннинг клубдаги келажаги хавф остида эди.

«Манчестер Юнайтед»нинг ашаддий мухлиси сифатида Стивнинг олдидан ўтаётганда оғзимни очиб қолганман. Биринчи марта трансферим масаласи муҳокама қилинганда «Брондбю» мен учун 1,2 миллион фунт сўраб юборган ва бу жуда катта қиймат эди. Трансфер амалга ошмади ва менинг ҳафсалам пир бўлди. Кейин эса агентимга қўнғироқ бўлди ва унга ёрдам бера оладиган одам билан учрашиши кераклигини айтишди. Биз бирга бордик, агентим кўришиши керак бўлган одам Алекс Фергюсон эди. «Жуда ҳам хафа бўлганингни билиб турибман, лекин мен сенда ўзимга керак бўлган нарсани кўрдим. Ёзда яна кўришамиз», — деди. Кейин эса ёзда улар Кубок эгалари кубоги финалида ўйнашидан бир ҳафта олдин ўша пайтдаги клуб раҳбари Мартин Эдвардс билан кўришгандим. Лекин ўша ёзда ҳам осонликча шартнома имзоламагандим. Мен яна ўша агентимга ишонишга мажбур эдим, ваҳоланки, қишда у ишнинг уддасидан чиқа олмаганди. Лекин мен жамоа билан мавсумолди йиғинга киришдим, ҳатто улар билан Норвегиядаги машғулотларда қатнашаётгандим, бироқ ҳануз шартнома имзоламагандим. Норвегиядан қайтган кунимиздаёқ Шотландияга «Абердин» билан ўйнаш учун учишимиз керак эди, бу мен шартнома имзолашим мумкин бўлган сўнгги кун эди. Мен Норвегиядан Манчестерга қўниб, офисга бориб, шартнома имзолаб, кейин яна жамоа билан Шотландияга учиб кетгандим. Трансфер 500 минг фунт-стерлингга айланган ва ўша пайтдаги маошим Давид Де Хеанинг «Мю»даги сўнгги маошидан 100 баравар кам эди. Адашмасам, ҳафтасига 3500 фунт маош олардим. Лекин менга рақамларнинг фарқи йўқ эди. Агар шартномага нол деб ёзилган бўлса ҳам, уни имзолардим. Мен клуб офисига келаётганимда хаёлимда агентим ва клуб одамларининг қоғозбозлик қилишларини томоша қилиб ўтираман, деб ўйлагандим. Аммо келгач Мартин Эдвардс менга ҳамроҳлик қилиб, 2 соат давомида клуб музейини айлантирган ва тарихини гапириб берганди.

Машғулотларга келиб, ўзимни жаннатдагидек ҳис қилганман. 17 яшар Раян Гиггзнинг даражасини умримда кўрмагандим, Андрей Канчелскис мен билан битта меҳмонхонада турарди, у билан гаплашиб турардик. У ҳақида Манчестерга келгунимча эшитмагандим, лекин майдонда кўргач, лол қолдим. Кийим алмаштириш хонасида ёшлигимдан ўйинларини томоша қилганим — Брайан Робсон ёнгинамда ўтирарди. Бу мен учун нимани англатишини тушунтириб бериш қийин.

Ва яна бир нарсани айтишим керакки, Алекс Фергюсон жамоамизга нисбатан ҳеч қачон шубҳа билан қарамаган, у таркибдаги йигитлар дунёнинг энг яхши жамоаси бўла олишини биларди. Алекснинг миясида ҳаммаси режалаштирилган эди, у ҳатто сиз йигитларни ҳам қайсидир нуқтада таркибга қўшилишингизни кўзлаб юрарди. У ҳаммасини ўйлаган ҳолда лойиҳалаштирарди ва ниҳоят, сўнгги унсур — Эрик Кантона келди. У билан бир хонада ётардим, жуда кўп нолирди. Мендан қутулгунича бир неча йил кетди (кулади). Жиддий гапирадиган бўлсак, мен Эрикни жуда яхши кўраман, ажойиб инсон. Одамлар уни билишмайди, у ҳаётда ҳамма ўйлайдиган Кантона эмас. У жуда ақлли ва фаросатли, бироқ шу билан бирга ўта уятчан йигит. Ҳа, концертлар бериб юриши ва актёрлик қилишини кўриб, уни ҳеч ким уятчан деб ўйламаса керак. Мен Эрикни ўйинимизни буткул ўзгартирган инсон деб биламан. Чунки у келгунича биз нима қилишимизни тахмин қилиш осон эди: қанотлардаги тезкор футболчилар билан жарима майдончасига кросслар амалга ошириб ўйнардик. Кантона келгач, бизда ўйинни марказ орқали давом эттириш имконияти ҳам пайдо бўлди ва бизнинг нима қилишимизни тахмин қилиш қийин бўлиб қолди».

Жилл Скотт: «Петер, менга айта оласанми, нима сени дунёнинг энг яхши дарвозабонига айлантирган?»

Петер Шмейхел: «Менга яхши таълим-тарбия беришган, деб ҳисоблайман. Лекин энг муҳими бу — сен ўйнаётган жамоа. Чунки агар мендан энг яхши дарвозабон ким деб сўрасангиз, аниқ жавоб айта олмайман. Бундай баҳолашда посбон ўйнаётган жамоа, унинг жамоадошлари даражаси, мураббийининг ундан талаб қилаётган нарсалари ва клубдаги шарт-шароитларга эътибор қаратиш керак. Мен бу фикрларимни доим битта мисол билан тушунтириб келганман, бу мисолни ўйлаб топганимда Де Хеа Манчестерда эди: сиз Манчестернинг иккала жамоаси асосий дарвозабонларини алмаштириб қўйсангиз, буткул бошқача ўйин картинасининг гувоҳи бўласиз. Эдерсон Давиднинг ақлбовар қилмас сейвларини ижро этолмайди, ўз навбатида Де Хеа ҳам унинг оёқ билан бажарадиган ишларини амалга ошириши имконсиз. Ўйлайманки, мен футболчилари индивидуал жиҳатдан ғоятда кучли бўлган жамоага келганман ва бундан ташқари ўша кийим алмаштириш хонасидаги ҳар бир йигит фақат ва фақат ғалаба қозонишни истарди. Улар мени ҳам ўз атмосфераларига олиб кира олишган. Машғулотларда бизнинг жамоани қаттиқ ишлашга ундайдиган нарса ҳам ўша ғалабаларга бўлган мислсиз очлик эди».

Рой Кин: «Лекин бунинг қийин тарафлари ҳам бор-ку. «Манчестер Юнайтед»да хато қиладиган дарвозабонга осон бўлмаслиги турган гап».

Петер Шмейхел: «Мен ҳеч қачон хато қилмаганман, шунинг учун билмайман (кулади)».

Рой Кин: «Бир неча бор қилгандинг. Лекин гап унда эмас, энг муҳими сен ушбу хатоларга нисбатан муносабатингда, тўғрими? Чунки жуда кўп дарвозабонларни кўрганмиз, «МЮ»га бориб бир нечта хатоларга йўл қўйишади ва шу билан тамом».

Петер Шмейхел: «Бу фақат дарвозабонларга эмас, ҳаммага алоқадор. Мисол учун, Рой, сен ҳам «Ювентус»га қарши яримфинал баҳсидаги воқеани ҳали ҳам эсласанг керак. Тўғри айтдинг, ҳаммаси хатоларга қандай муносабатда бўлишингда. Мураббийлик учун Б лицензиямни олиш учун «Манчестер Сити» академиясига борганман, у ерда Симон Дэвис исмли одам ишлайди. Унинг тренингига борганимизда бизга жуда ғалати бир гапни айтганди: «Мураббийликдаги энг қийин топшириғимиз футболчиларни қандай мағлуб бўлишга ўргатишдир». Ҳаммамиз ҳайрон қолгандик, гапнинг мазмунига умуман тушунмаганмиз. Лекин айнан сенинг ҳаёт ва спортнинг турли паст-баландликларига қандай муносабатда бўлишинг даражангни белгилаб беради. Сенга мен ҳеч қачон хато қилмаганман, деб айтганимда ҳазиллашмадим.

Ҳа, мен янглишиб тураман, лекин ҳеч қачон буни тан олмайман, мен хатойимдан кейинги бир сонияни ҳам у ҳақида ўйлашга сарфлашни хоҳламайман. Чунки энди уни тўғрилай олмайман ва олдинга ҳаракатланмасам, навбатдаги хатога йўл қўяман».

Гари Невилл: «Петер, сен ҳаётимдаги энг қўрқинчли жанжалларнинг бирида бош қаҳрамонсан. Эсингдами, 94 ёки 95 йилда «Энфилд»га сафар қилдик, 1994 йил эди адашмасам, чунки мураббий мени у ерда ўйнаш учун жуда ёшлик қилади, деб ўйлади ва шунчаки томоша қилиб ўтиришимни айтди. Ўша ўйинда мағлуб бўлдик ва сен ўша ўйинда Сер Алекс билан қаттиқ жанжаллашдинг. Ҳатто муштлашиб кетасиз, деб ўйлаганман. У сени ўтказиб юборилган голда айблаганмиди?»

Петер Шмейхел: «Бўлиши мумкин, эслолмайман. Мен тушуниб етган нарса шуки, нимадир кўнгилсизлик бўлса, унга қандайдир сабаб, вазиятдан чиқиб кетиш воситаси керак. Ҳатто ютаётган ўйинларимизда ҳам нималардандир айб қидирарди. Лекин бу каби ишларни фақат бир нечта ҳадди сиғадиган йигитларга қиларди ва мен уларнинг биттаси эдим. Рой ва Райан ҳам шу рўйхатда бўлган. Эсимда, у кийим алмаштириш хонасига жаҳл билан кириб келди. Тўғри айтдинг, бизнинг жанжалимиз даҳшатли бўлган, лекин Алекснинг бир жиҳатини жуда яхши кўраман: у сенга бақирар экан, сенга ҳам ўз фикрингни билдиришга, унга қарши чиқишга имкон беради. Очиғи, у буни хоҳларди ҳам. Мен бир нарсани тушуниб етганманки, у гапирган гапларнинг 95 фоизи олдиндан ўйланган режа бўлади ва жамоага таъсир қилишни кўзланган ҳаракатлардир. У шундай ишларни қилиш учун мақбул пайтни танлай оларди ва энг яхши тарафи жанжал ўтдими, ҳаммаси ўша ерда қоларди».

Рой Кин: «Кейин узр сўраган эдинг-а?»

Петер Шмейхел: «Йўқ, униси 3:3 ҳисобида якунланган ўйин кунида бўлган. Ливерпулдаги мағлубиятда мен ундан узр сўрамаганман, чунки жуда кўп сейвлар қилгандим. Унинг эътирози эса менинг дарвоза олдидан ўйинга киритган тўпларимнинг нотўғри жойга бориши ҳақида бўлган ва мен бир неча ярд масофани назорат қила олмаслигимни айтиб у билан охиригача жанжаллашганман. Ич-ичимдан бу гал мен билан уришиш орқали вазиятни тўғриламоқчилигини тушунганман, бироқ ўша пайтда миям ўзимга бўйсунмай қолган. Тўғрисини айтсам, ўша кунги жанжал футболдаги фаолиятимда энг кўп афсусланадиган воқеаларимдан бири. Лекин унга нималар деганимни айтмайман. Китобимда ёзаман, ўша ерда ўқирсиз, балки (кулади). Бу шанба куни бўлган воқеа ва у менга душанба куни телефон қилиб, офисига чақирди. «Мен сени бўшатаман, футболчимнинг бундай муносабатини қабул қила олмайман», – деди. Лекин мен нима бўлганда ҳам ўз узримни сўрадим. Кейин эса машғулотда жамоадан ўзимни ноқобил тутганим учун кечирим сўрадим. Баъзида чегарани ҳам билиш керак. 90 дақиқа ичида хоҳлаган гапингни вайсашинг мумкин, чунки ҳаммаси ғалаба учун. Ўйиндан аввал ва ундан кейин эса ҳеч нарса дейишга ҳаққинг йўқ. Мураббийлар вазиятни баҳолаши, индивидуал ҳаракатлар бўйича хулосалар бериши мумкиндир, лекин сен футболчи сифатида шерикларингга сен ёмон ўйнадинг, сен мана бундай қилишинг керак эди, дея олмайсан. Мен эса қилишим мумкин бўлмаган ишга қўл урдим. У машғулот залида йигитларни йиғиб, узримни айтаётганимни ташқаридан кузатди ва шундан кейин бу мавзуга қайтмадик, мен Манчестерда ўйнашда давом этдим».

Гари Невилл: «Рой, Петер, Сингапурдаги меҳмонхона коридорида тунги соат 2да уришган эдингиз, эсингиздами? Ўша воқеа ҳақида гапириб бера оласизларми?»

Рой Кин: «Нега шунақа ишлар доим кечқурун соат 2да бўлаверади?!

Петер Шмейхел: «Бундай воқеалар жамоа ичида бўлиб туради ва уларга жиддий бир нарсадек қарамаслик керак. Баъзида мана шундай воқеалар медиада олиб чиқилишидан ғижиниб кетаман, ахир бу умуман ташқарига чиқиши керак бўлмаган ички масалалар-ку! Яна ўша гапга қайтаман: биз ғалаба учун ҳамма нарса қиладиган одамлар эдик. Бундай одамларнинг ҳарактери қолганларникидан фарқ қилади. Фаолиятингни тугатганингдан сўнг шундай бўлганинг ҳақида гапиришса, сенинг ўзингга ҳам ғалати туюлади».

Рой Кин: «Бундай урушлар ростдан ҳам жамоа ичида бўлиб туради. Бироқ ҳеч қачон унинг бирдамлигига зарар етказмайди. Эртасига яна битта залга машғулот учун йиғилардик ва ҳеч нарса бўлмагандек давом этаверардик. Мен шанба куни яна Питер билан битта жамоада ўйнашни хоҳлайверардим, чунки ғалаба қозонишни истардим».

Петер Шмейхел: «Энг қизиғи, ўша уришган кунимизнинг эртасига Токиода биргаликда матбуот анжуманига борганмиз. Мураббий юзимдаги қонталаш жойларимни кўриб, нима бўлганини сўраганда, Рой мени дўппослади, деб айтганман.

Умуман олганда, мен бу атмосферага бегона эмасдим. «Брондбю» ҳам Даниядаги биринчи профессионал клуб эканлигидан келиб чиқсак, улар ўзларида энг кучли футболчиларни йиғишган ва уларда ҳам ғолиблик менталитети шунга ўхшаш эди. Ҳар куни демайманку, лекин ҳафтасига 2 марта кимдир ким биландир муштлашар эди. Чунки ҳамма ютишни хоҳларди, ҳа, Дания жамоасида эдик, лекин жамоанинг менталитети мағлубиятларга бетоқат эди. Шу ҳарактер туфайли Европада ўша вақтгача ҳеч бир Дания жамоаси етиб бора олмаган марраларгача борганмиз».

Гари Невилл: «Ҳозирги Премьер-лига жамоаларига қараб, энг яхши дарвозабон сифатида кимни кўрасан?»

Петер Шмейхел: «Эдерсон. Нега Мартинес ёки Аллисон эмас? Мен учун Райя ҳозирги пайтда бу мақомга улардан ҳам кўра яқинроқ келяпти. Айниқса, ўзини «Арсенал»нинг биринчи рақамли дарвозабонига айлантирганидан сўнг ва Рамсдэйл клубдан кетгач, Давид ўз аураси билан ҳайрон қолдирмоқда. Сўнгги беллашувларда у бир нечта ажойиб сейвлари билан жамоасини қутқариб қолди ва оёқда ўйнашдаги хатоларини ҳам шу орқали ювиб юборяпти. Аллисонни бирга-бир вазиятлардаги устунлиги сабаб алқаш мумкин. Лекин у оёқ билан ўйнашда анча қийналади. Бундай ҳолатни Эдерсонда кўрмайсан. Мартинес «Арсенал» уни қўйиб юбориб, хатога йўл қўйганини исботлай олди. Унинг шахсияти жуда маҳобатли ва бу жамоасига катта ёрдам беряпти. Лекин у ҳам «Манчестер Сити»да ўйнаб кета олишига амин эмасман».

Гари Невилл: «Петер, сўнгги савол ўрнида Каспер ҳақида сўрамоқчиман. Уни машғулот майдонларимизга олиб келган даврларингни яхши эслайман. 4-5 ёш бола эди ва бугун ажойиб фаолият ўтказмоқда. Сен унинг ўйинини томоша қилишда ўзинг дарвозада тургандан ҳам кўпроқ ҳаяжонланасанми?»

Петер Шмейхел: «Ҳа, мен ўзим майдонда ҳеч қачон асабийлашмаганман. Лекин Каспер энди бошлаган даврда менга жуда қийин бўлганди. Унинг биринчи учрашуви 19 ёшида бўлган, «Ман Сити» таркибида меҳмонда «Вест Ҳэм» билан ўйнаган. Ўша пайтдаги «Сити»ни биласизлар, жуда катта гавдали, забардаст йигитлар чиқиб келмоқда ва дарвозабон сифатида 19 яшар озғингина йигит — менинг ўғлим чиқиб келган. Ҳали кўп пул ҳам топмасди, сочини ҳам эътибор бериб тарамаган. Атрофимдаги ҳамма унинг ёш болалиги ҳақида гапирган, лекин майдонда озгина ҳаракатлангач ва ўзини кўрсата олгач, анча енгил тортганман. Мени асабийлаштирадиган нарса шуки, сен футболга бир марта кириб қолганингдан кейин у берадиган босим сени ҳеч қачон тарк этмайди. Аммо йилдан йилга унинг ўйинлари масаласида хотиржам бўлиб бордим. Ҳозир «Селтик» билан Чемпионлар Лигасига қайтди, мураббийни яхши билади ва жуда бахтли. Еврода Англияга қарши ўйнаганимизда «Fox Sports» учун эксперт бўлиб ишлагандим ва ўз ўғлимдан интервю олганман. Бу — жуда ғалати нарса, лекин шу билан бирга ажойиб ҳиссиётларни бахш этади ва хотирамда абадийга қолди».

Гари Невилл: «Сен «Юнайтед»да жуда кўплаб титуллар ютгансан. Лекин Каспернинг АПЛ кубоги сен эришган ҳаммасидан ҳам буюкроқми?»

Петер Шмейхел: «Бу — футболнинг энг гўзал ҳикояларидан бири. Ўша кубокни кўтарган кунлари трибунада ўтиргандим ва бу ҳаётимдаги энг бахтиёр лаҳза бўлганига шубҳам йўқ. Биз бу ишни кўп қилганмиз, ҳар бирининг ўрни бўлакча. Бироқ «Манчестер Юнайтед»да сен шундай қилишга мажбурсан. «Лестер»да бундай талаб йўқ эди. Яна бир қизиқ воқеани айтиб берай. Ўша сўнгги беллашувда улар «Эвертон»ни 3:0 ҳисобида ютишаётганди ва бу «қуруқ ўйин» Касперга «Олтин қўлқоп»ни олиб келиши керак эди. Сўнгги 10 дақиқада трибунадан туриб, оилавий тарзда майдон тарафга туша бошладик. Финал ҳуштаги чалинганда Касперни ўта ғазабга минган ҳолда кўрдик.

Билсак, у сўнгги дақиқаларда тўп ўтказиб юборган экан. Тушуняпсизми, у тарихир кубокни кўтариш арафасида, аммо унинг мақсади энг яхши бўлиш эди. Бу — менталитет масаласи».

Абдулбасит Валихонов таржимаси

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар