09.10.2024 15:16
4149
«Манчестер Сити» ва Премьер-лига урушида янги босқич: «шаҳарликлар»дан жавоб зарбаси

Англия Премьер-лигасида йил воқеаси «Манчестер Сити»га қарши молиявий фэйр-плей қоидаларини 115 марта бузиш борасида иш очилгани ва мавсум охиригача якунланувчи суд жараёнларига кўра уларни кутувчи санкциялар мавзуси бўлиб турибди. Аммо манчестерликлар ҳам қўл қовуштириб ўтирмаяпти, улар Премьер-лиганинг ўзига қарши даъво билан ушбу урушда янги фронт очди ва сезиларли муваффақиятларга ҳам эришишга улгурди.

Июнь ойида «Манчестер Сити» Премьер-лигани тармоқ компаниялари орасидаги ўтказмалар қоидасининг адолатсизлиги юзасидан мустақил арбитражга тортганди. Бу клубнинг 115 бор молиявий фэйр-плейни бузганлиги тўғрисидаги ишидан алоҳида кейс бўлса ҳам, табиий равишда ушбу асосий фронтдаги ҳаракатларнинг истиқболида ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Душанба куни узоқ муддатли кутишдан сўнг, уч мустақил арбитрларнинг иш юзасидан хулосаси эълон қилинди. Иш юзасидан «Ман Сити» ҳам, Премьер-лига ҳам ўзларини ғолиб тараф деб ҳисобламоқда ва ютқазилган пунктлар масалаларини минималлаштирган ҳолда кўрсатмоқда. «Сити»нинг бу ишни бошлаши кўпчилик мутахассислар томонидан Премьер-лигага қарши узоқ давом этиши кутилаётган қонуний жангда янги фронт очиш сифатида баҳоланяпти. Уларнинг даъво қилишича, лиганинг молиявий фэйр-плей қоидалари адолатсиз тузилган ва бу клубларнинг кўпроқ молиявий даромад олиб келувчи шартномалар имзолашдан чеклаб қўймоқда, Премьер-лиганинг ҳамкор ташкилотлар билан ҳомийлик алоқалар ўрнатишдаги чекловлари бунда асосий айбдор сифатида қараляпти. Улар ушбу чекловлар ўрнига компаниялар билан тузиладиган шартномалар амалдаги бозор нархларига мос келадими ёки йўқ — шуни текширишни ва уларни имзолаш олдидан Премьер-лигадан даромад миқдорини тасдиқлаб олишни таклиф қилмоқдалар. «Нюкасл»нинг Саудия қироллиги фонди маблағлари эвазига харид қилиниши ва бунинг Премьер-лига томонидан тасдиқланиши «шаҳарликлар»ни бу борада мустақил арбитраж судига мурожаат этишига ва лигани рақобат қонунларини бузаётганликда айблашига имкон яратди. Июнда очилган иш бўйича «Сити» юристлари амалдаги низомни «қўрқув қўзғатувчи» регламент деб ҳисоблаяпти ва ўзларини кўпчилик томонидан камситилиш қурбонига айланаётганини даъво қилмоқда.

«City Footbaal Group» лойиҳаси сифатида тармоқ компаниялари орасидаги транзакциялар чекловидан энг кўп зарар кўриб келган клуб сифатида «Манчестер Сити»нинг қачондир бу борада қонуний иш қўзғатиши мумкинлигини тахмин қилиш қийин эмасди. Ва клуб бошлаганда ҳам энг яхши тайёргарлик билан ушбу ишга киришди. Июнда бўлиб ўтган икки ҳафталик эшитув ишларида «шаҳарликлар» тарафи судьяларига Лорд Пенник — Буюк Британиядаги энг катта ҳақ олувчи тажрибали юристлардан бири етакчилик қилди. У ҳозирда 115та қоидабузарлик борасида ҳам манчестерликлар номидан судда қатнашмоқда. Мустақил судьяларнинг текширувлари натижасига кўра, яна 8та Премьер-лига клуби даъвони тасдиқловчи ҳолатлар юзасидан далиллар олиб келган. Булар: «Арсенал», «Манчестер Юнайтед», «Ливерпул», «Вест Ҳем», «Брентфорд», «Борнмут», «Фулҳем» ва «Вулверҳемптон».

Эълон қилинган ҳужжатда акс этганидек, натижа ҳар иккала тарафга 25 сентябрда ўқиб эшиттирилган ва уларга икки ҳафта ичида аппеляция бериш имконияти берилган. Лекин ҳар иккала тараф ўзини судда ғолиб санамаганиданми, муддат ўтиши билан дарҳол баёнот билан чиқиб, ўзлари ғолиб чиққан пунктларни «мақтана кетишди». Мисол учун, «Сити» ўз баёнотида 8та пункт бўйича арбитраж суди уларнинг даъвосини қаноатлантирганини иддао қилган бўлса, Премьер-лиганинг версиясида трибунал «Манчестер Сити» очган ишдаги жуда кўплаб масалаларда улар тарафни ҳақ деб топган. Аслида ким ютган? Қарорнинг мазмунига кўра, арбитраж суди Премьер-лига регламентининг мавжудлигини асосли деб топган, бироқ шу билан бирга ундаги англашилмовчиликлар юзасидан лигага қарши ҳукм ўқиган. Жумладан, манчестерликларнинг «Etihad Airways»га тармоқ компания ҳисобланган «First Abu Dhabi Bank» билан ҳомийлик юзасидан шартнома имзолашига қўйилган чекловни ноқонуний деб топган. «Сити»нинг қаноатлантирилган шикоятларидан бири ҳомийлик шартномаларини кўриб чиқиш жараёнининг регламентда белгиланганидан кечикаётганлигидир. Судьялар манчестерликлар келтирган далилларга кўра, «First Abu Dhabi Bank», «Emirates Palace» ва «Abu Dhabi Hotel» билан ҳомийлик шартномаларининг кўриб чиқилиш муддати, дарҳақиқат, низомда белгиланганидан кўп вақт олгани ва Премьер-лига ўз қонунларини бузганини эътироф этишди. Аммо юқоридаги ҳеч бир ҳолатда клуб ҳомийларни йўқотмаганидан келиб чиқиб, бу вазиятни қарши тарафга катта жазо қўллаш учун етарли эмас, деб топилди. Ваниҳоят, «Сити»нинг ушбу ишдаги энг катта ютуғи — акциядорларнинг кредитларини ҳам Тармоқ компаниялар ўртасидаги транзакциялар тўғрисидаги низом орқали рўйхатга олинишига эришди. Улар шу тахлит Премьер-лига клубларининг тенг молиявий имкониятлар билан баҳслашиши мумкинлигини таъкидламоқда ва арбитраж суди уларнинг даъвосини қаноатлантирди. Акциядорлар кредитлари бу клубларнинг ўз эгаларига тегишли компания орқали фоизсиз тарзда пул кредитга олишларидир. Мисол учун, «Арсенал» 2022/2023 йилги мавсумда «Kroenke Sports & Entertainment» компаниясидан 259 миллион фунт-стерлинг фоизсиз кредит олган. «Эвертон»нинг Фарҳод Моширига тегишли компаниядан олган ҳудди шу типдаги қарзи 450 миллион фунт-стерлингни ташкил қилади. «Брайтон»нинг катта миқдордаги акциялари эгаси ҳисобланган Тони Блум клубни 2009 йилда қўлга олганидан бери 400 миллион фунт-стерлинг фоизсиз кредит жалб этган. Манчестер «мовийлар»ининг таъкидлашича, Премьер-лига бир тарафдан уларни тармоқ компаниялар билан ҳомийлик шартномаларни тузишдан чеклаб, молиявий фэйр-плей қоидаларини рўкач қилаётган бўлса, бошқа тарафдан қолган клубларнинг мана шу каби қонунни четлаб ўтиш ҳаракатларига беэътиборлик билан ёндашмоқда. Лекин Премьер-лига ушбу бандга ўз баёнотида тўхталар экан, айнан акциядорлар кредитларининг Тармоқ компаниялар ўртасидаги ўтказмалар тўғрисидаги низом бўйича тартибга солинмаслигига лиганинг 19 клуби, шу жумладан, «Манчестер Сити» ёқлаб овоз берганини маълум қилди.

Хўш, ушбу жараёнларнинг «Сити»га қўйилган 115та айблов бўйича ишга қандай таъсири бор? Умуман олганда, бу жараённинг асосий суд ишига бевосита таъсир ўтказиши қийин масала. Манчестерликлар бир нечта пунктлар бўйича ғалаба қозонган эрсалар-да, суд Премьер-лиганинг Тармоқ компаниялар ўртасидаги ўтказмалар тўғрисидаги низомини тўлиқ адолатсиз деб топмади. Демакки, лиганинг молиявий фэйр-плей бўйича ҳам жиддий айбловларга кўмиб ташлаш учун асос йўқ. «Манчестер Сити»нинг ташаббуси билан очилган ушбу суд Премьер-лига клублари ҳисобига келиб тушадиган пулларнинг янада жиддий текширилиши ва тармоқ компаниялар томонидан футболники бўлмаган пулларнинг жамоаларга кириб келмаслиги ҳамда барчанинг янада тенгроқ молиявий имкониятлар билан баҳслашишини таъминлайди. Бироқ, «Сити» ютиши керак бўлган суд ҳали давом этмоқда ва унинг жавобини баҳорда биламиз.

The Athletic маълумотлари асосида Абдулбасит Валихонов тайёрлади

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар