«Ред Булл» Юрген Клоппни футбол йўналиши раҳбари этиб тайинлаганини элон қилди.
Немис мутахассиси 2025 йилнинг 1 январидан иш бошлайди.
57 ёшли Клопп ўзининг янги лавозимида «Ред Булл« клубларининг халқаро тармоғини стратегик бошқаришга масъул бўлади. Лойиҳа «Лейпциг», Австриянинг «Залцбург» ва Американинг «Ню-Йорк Ред Буллс» жамоаларини ўз ичига олади.
Компания мутаҳассиснинг клублар кундалик фаолиятида иштирок этмаслигини маълум қилди. У спорт директорларига ягона футбол фалсафасини тарғиб қилишда ёрдам беради. Шунингдек, у скаутлик хизматларини назорат қилади ва мураббийларни тайёрлайди.
Шартномада Клоппга Германия миллий жамоасидан таклиф тушса, исталган пайтда кетиши мумкинлиги борасида банд бор.
Ёзда Клопп 2015 йилнинг октябридан буён ишлаб келган «Ливерпул»ни тарк этганди. У инглиз клуби билан Англия чемпионати, мамлакат кубоги ва суперкубоги, Англия лига кубоги (икки марта), шунингдек, Чемпионлар лигаси ва УЕФА Суперкубогида ғолиб бўлган.
Истеъфога чиққанидан сўнг Юрген яқин орада мураббийликка қайтиш нияти йўқлигини айтганди.