09.10.2024 08:56
12166
Агуэро «Барселона»ни судга берди

Серхио Агуэро «Барселона»дан 3 миллион евро талаб қилмоқда.

Аргентиналик собиқ ҳужумчининг фикрича, клуб унга бир мавсум учун маошини тўлаши керак.

2021 йилнинг ёзида «Манчестер Сити»ни тарк этган Агуэро «Барселона»га ўтган ва икки йиллик шартнома имзолаганди. У каталонияликлар сафида атиги 5 та ўйин ўтказиб, 1 та гол урган.

30 октябр куни Ла Лига доирасида «Алавес»га қарши ўйинда (1:1) Серхио кўкрак қафасидаги ноқулайлик ва тахикардия туфайли 41-дақиқада алмаштирилганди. Ўшанда клуб аргентиналик футболчининг юраги билан боғлиқ муаммолар туфайли 3 ойни ўтказиб юборишини маълум қилган. Аммо 2021 йил 15 декабрда футболчи фаолиятини якунлашини эълон қилди.

Агуэро иккинчи мавсум учун пулдан воз кечган, бироқ шартноманинг биринчи йили учун маошлари тўланишини кутаётганини айтган. «Барса» футболчининг талабига розилик билдирган ва унга суғурта орқали 3 млн евро тўламоқчи бўлган.

Бироқ суғурта компанияси Агуэронинг Барселонага кўчиб ўтишидан олдин ҳам юраги билан боғлиқ муаммолар бўлганини айтиб, пулни тўлашдан бош тортган. Форвард томони бунга эътироз билдириб, футболчининг юраги илгари фарқли муаммоларга дуч келганини айтган. 

«Кўк-анорранглилар» Агуэрога пул тўламаган ва бир мунча вақт ўтгач, у клубни судга берган. Шу билан бирга, Серхио ишни суддан ташқари якунлашга тайёр. Суд жараёни ҳали бошланмаган, собиқ футболчи ҳамма нарсани ортиқча шовқинсиз ҳал қилмоқчи.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар