«Аркадаг» клуби кетма-кет иккинчи йил Туркманистон чемпионига айланди.
Жамоа бу сафар ҳам очко йўқотмасдан, худди ўтган йилгидек 100 фоизлик кўрсаткич қайд этди. Очколар сони — 72. Тўплар нисбати — 119:17.
Эслатиб ўтамиз, Аркадаг шаҳри ва клуби Туркманистоннинг иккинчи президенти Гурбангули Бердимуҳамедов шарафига ташкил этилган. Бу сўз собиқ давлат раҳбарининг расмий номи бўлиб, «қўрғон, таянч ва умид» деган маъноларни англатади.
«Аркадаг» клуби 2023 йил баҳорида ташкил этилган ва дастлабки йилдаёқ 24 ўйиннинг барчасида ғалаба қозониб, Туркманистон чемпиони бўлганди. Ўтган мавсум бошланишидан олдин жамоа лиганинг энг яхши футболчилари билан шартнома имзолаган. Ўшанда клуб керакли футболчиларни сотиб олиши учун ҳатто трансфер ойнаси узайтирилганди.
Умуман олганда, «Аркадаг»нинг ички мусобақалардаги ғалабали серияси 60 ўйиндан ҳам ўтди. Аммо шунгу қарамай, клуб Гиннесга киритилмаган. Аввалроқ китоб вакили жамоанинг ғалабали серияси нима учун рекорд сифатида ҳисобга олинмаганини тушунтирганди: «Туркманистон лигаси ҳақида нисбатан кам маълумотлар мавжуд. Бу ва шунга ўхшаш рекордлар бўйича олиб борган тадқиқотларимиз биз хоҳлаганимиздан камроқ маълумот беради. Бундан ташқари, биз одатда бошқарув ва рақобат даражасига ҳам қараймиз.
Шуларнинг барчасини ҳисобга олиб, биз «Ал Ҳилол»ни рекордчи сифатида тасдиқладик».