«ПСЖ» бош мураббийи Луис Энрике ЕЧЛ 2-туридан ўрин олган «Арсенал» (0:2) билан ўйиндан кейин ўз фикрларини билдирди.
«Ҳеч кимни ажратиб кўрсатишни истамайман, мағлубият учун жавобгарлик ўзимда. Мағлубиятга лойиқ эдик. Доннарумма ҳам шериклари каби минимал даражада ўйнади. Рақиб яхшироқ эди ва, айниқса, ҳаводаги курашда дунёнинг энг яхши жамоаларидан бири.
Агар сиз яккакурашларни ютқазсангиз, натижага эришиш мумкин эмас. Ҳимоячилар ҳужумларимизни кутишди, ҳужумчиларимиз эса ҳимоядан ўта олишмади. «Тўпчилар» ҳар томонлама кучлироқ эди.
Жамоа қанчалик яхши эканини билиш учун мавсум охиригача кутиш керак. Бу — юқори савиядаги биринчи ўйинимиз, шунга ўхшаш бошқа баҳслар ҳам бўлади. Бу — юқори даражадаги футбол. Меҳмонда ўйнадик, юқори шиддат билан ҳаракат қилдик. Лекин сиздан яхшироқ бўлган рақибга қарши ўйнаганда, тафсилотларни тушунтириш қийин.
Бугун содир бўлган ўйинни такрорламаслигимиз керак», — дея испаниялик мутахассиснинг сўзларини келтиради RMC Sport.