Германияда мавсумнинг марказий ўйинларидан бири, Англияда омадсизлар жанги, Испанияда эса Мадрид дербиси. Кучли бешлик чемпионатлари бу сафар ҳам бизни зериктирмайди ва қизиқарли ўйинларни тақдим этишда давом этади.
НЮКАСЛ – МАНЧЕСТЕР СИТИ (28 сентябр, 16:30)
Эдди Хаунинг “Нюкасл”и “Манчестер Сити”га қарши доим муносиб ўйин кўрсатиб келмоқда. Икки йил аввалги 3:3 ни ҳамма эсласа керак, ўтган мавсумда ҳар икки ўйинда “шаҳарликлар” ғалаба қозонган бўлишса-да, Англия Лига кубогидан айнан нюкаслликлар “Сити”ни чиқариб юборганди. АПЛ доирасида “Жеймс Парк”да кечган ўйин ҳам осон ўтмаган – ўйин охирларигача мезбонлар ҳисобда олдинда боришган, фақат ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда Бобб “Манчестер Сити”га ғалаба келтирган голини урганди.
Бугунги ўйин ҳам қизиқарли ўтиши турган гап. Зеро меҳмонлар таркибидаги баъзи йўқотишлар имкониятларни тенглаштириши мумкин. Родрининг жароҳати даражаси маълум бўлди, Пеп Гвардиоланинг матбуот анжуманида хабар беришича, у фақат келаси мавсумда сафга қайтиши мумкин. Шунингдек Кевин де Брюйненинг ҳам бу учрашувда шерикларига ёрдам бера олмаслиги аниқ. Мезбонлар сафида эса Ласселс, Ботман каби марказий ҳимоячилардан ташқари, Каллум Уилсон ҳам ҳали тўлиқ тиклангани йўқ. Умуман бу номларни йўқотишлар сафинга қўшмасак ҳам бўлади, зеро “Нюкасл” мавсум бошидан бери уларсиз ҳаракат қилмоқда.
Айтиш мумкинки, Хау шогирдлари айни дамда жадвалда юқори ўринларда бораётган бўлса-да, ўйин сифати у қадар ишончли эмас. Уч ғалаба ҳам минимал ҳисобда қозонилди. “Вулверҳэмптон” майдонидаги тенг учрашув сўнггида Хау шогирдлари иродали ғалабани илиб кетган бўлишса-да, Лондонда буни такрорлай олишмади. “Фулҳэм”нинг ғалабаси анча ишончли чиқди. “Нюкасл” еврокубоклардан “озод бўлгач”, ниҳоят икки йил олдинги кучли “Нюкасл”ни кутгандик. Ҳозирча ўйин борасида муаммолар бўлса-да, очколар олишда ёмон эмас. “Манчестер Сити” эса мотивация учун зўр рақиб – “Нюкасл” ўз майдонида доим жиддий куч бўла олган.
Пеп Гвардиоланинг Родрисиз қандай ҳаракат қилиши эса яна бир интрига. Ҳа, ўтган мавсумларда ҳам баъзида испаниялик футболчида кичик жароҳат ёки дисквалификациялар бўлган, аммо у ҳолат вақтинча эди. Ҳозир эса Гвардиола бутун мавсум учун Родрисиз янги тизимни ишлаб чиқишига тўғри келади. Ковачич асосий футболчига айланадими, Гундўған ва Стоунзга Родрининг вазифалари тақсимлаб бериладими ёки Люисни янги қирралари очиладими – бу саволларга бугундан жавоб излашни бошлаймиз.
БАВАРИЯ – БАЙЕР (28 сентябр, 21:30)
“Байер” августнинг охирида “Лейпциг”дан ўз майдонида мағлубиятга учрагач, айниқса, ҳужум чизиғида ажойиб формани намойиш этмоқда – уч ғалаба ва учала ўйинда ҳам ливеркузенликлар тўрттадан гол уришга муваффақ бўлишди. Ўтган йилги сеҳр ҳам жойида турибди – сўнгги турда фақат ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда урилган гол “Волфсбург” устидан 4:3 ҳисобидаги ғалабани таъминлади.
“Бавария” эса ундан ҳам даҳшатли формада. Компани келганидан буён жамоа ҳали дуранг нималигини билмаяпти – олти расмий учрашувда олти ғалаба қўлга киритилди. Охирги уч ўйин умумий ҳисобда 20-3 голлар билан “Бавария” фойдасига якунланди. Харри Кейннинг ўзида сўнгги уч учрашувда 7 гол ва 3 ассист мавжуд. Олисенинг кўрсаткичлари ҳам ажойиб, жамоага янги қўшилган футболчи аллақачон 5 гол ва 3 ассистни амалга ошириб улгурди. Мусиала ҳам деярли ҳар ўйинда майдонни голсиз тарк этмаяпти. Айнан шу ҳолатда ливеркузенликларга қарши учрашув айни муддао, “Бавария”да ўтган мавсумдаги йирик мағлубият учун қасос олиш имконияти бор. Умуман Бундеслига доирасида охирги уч ўйинда “Бавария” ғалаба қозона олмаяпти – бир дуранг ва икки мағлубият.
Таркиблар борасида икки томонда ҳам деярли йўқотишлар йўқ. Фақат Саша Боенинг жароҳати ва Мазрауининг трансферидан сўнг, ҳозирча “Бавария” таркибида ҳақиқий ўнг қанот ҳимоячиси йўқ. Аввалги мураббийлардан фарқли равишда Компани бу позицияга Киммихни эмас, Лаймерни қўйишда давом этмоқда. Шунингдек, ёзда харид қилинган марказий ҳимоячи Хироки Итонинг тўлиқ тикланишига ҳам бир неча кун бор.
“Бавария” сўнгги беш ўйинда 25 гол уришга муваффақ бўлди, “Байер” ҳисобида эса шунча ўйиндан кейин 15 гол бор. Бошқа тарафдан, ҳар икки жамоада ҳам ҳимояда муаммолар йўқ эмас – “Бавария”нинг 5 ўйиндан 5 гол ўтказиб юбориши албатта, топ клубларга хос натижа эмас. “Байер” эса Бундеслигада атиги 4 тур ўтганига қарамай, аллақачон 9 гол ўтказиб улгурди. Демак, ҳимояда мукаммал бўлмаган икки ҳужум қироллари баҳсида жуда кўп голни умид қилсак бўлади.
МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД – ТОТТЕНҲЭМ (29 сентябр, 20:30)
Ҳар икки жамоа ҳам деярли ўхшаш вазиятда – ўйин борасида анча ижобий жиҳатлар кўзга ташланаётган, кўп кўрсаткичларда лигада етакчи ўринларда бўлишса-да, очколар кам. “Тоттенҳэм” Лестерда, “МЮ” “Кристал Пэлас” билан ўринсиз дурангга рози бўлди, “Тоттенҳэм” Нюкаслда, “МЮ” эса Брайтонда камида дурангга мос ўйин кўрсатиб ҳам, мағлубиятга учради. Ҳар икки жамоа ҳам юқори прессинг қилади, ўйинларда биринчи рақамда ўйнашга интилади, ҳозирча буни амалга ошириш қийин кечаётган бўлса-да, ҳар икки мураббий ўзига яраша қайсар, принципга эга. Эрик тен Хаг деярли бутун жамоа жароҳатланган бўлса-да, ўтган мавсумда очиқ футбол ўйнашга уринди, Постекўғли “Челси” билан ҳатто тўққиз киши қолган бўлишса-да, юқори ҳимояланиб жазоланди. Шу жиҳатдан бу ўйин сценарийси жуда қизиқ – қайси мураббий ўз қарашларидан воз кечиб, қарши ҳужумда ўйнашни танлайди? Меҳмон бўлгани учун “Тоттенҳэм”ми ёки сўнгги ўйинлардаги муваффақиятсизликлар туфайли мажбур бўлган тен Хагми?
Куни кеча “МЮ” раҳбарияти Эрик тен Хагга ишонишда давом этишини маълум қилган бўлса-да, кейинги ҳафтадаги уч ўйин нидерландиялик мураббий тақдири учун жуда муҳим саналади. Манчестерликлар бу даврда “Тоттенҳэм” билан ўйиндан ташқари, меҳмонда “Порту” ва “Астон Вилла” каби кучли жамоаларга қарши тўп суради. Бу ўйинлардаги салбий натижа тен Хагни истеъфога чиқармаса-да, босим энг чегара палласига етиб келиши, бу кейинги ўйинларга ҳам таъсир қилиши мумкин.
Жароҳатлар борасида, “Манчестер Юнайтед”да янги йўқотишлар йўқ, аксинча, Маунт. Хойлунд каби футболчилар сафга қайтиб улгуришди. Фақат чап қанот ҳимоясидаги муамммо ҳали ҳал бўлмаган. Люк Шоу катта эҳтимол келаси ой охирларига тўлиқ тикланса керак. Маласия умумий машғулотларга аллақачон қўшилган бўлса-да, қарийб бир ярим йилдан бери футбол ўйнамаган ўйинчини мураббий бирданига “Тоттенҳэм”га қарши туширмаса керак. Меҳмонлар сафида Одобер ва Ришарлисонларда жароҳатлар бор.
Ҳар икки жамоа ҳам ҳафта ўртасида еврокубокларда майдонга тушишди. Аммо жисмоний томондан меҳмонларда кўпроқ муаммо бўлишини кутса бўлади. Чунки, “Тоттенҳэм” ўз ўйинини бир кун ўтиб, пайшанба оқшомида ўтказди. Бундан ташқари, “Карабах” билан ўйиннинг бошларидаёқ лондонликлар бир киши кам бўлиб қолишди ва бутун ўйин давомида табиийки, кўпроқ куч сарфлашди, дейиш мумкин. Яна бир жиҳат шундаки, Постекўғли “Тоттенҳэм”га келганидан бери илк марта еврокубок ўйинида қатнашмоқда. Ушбу мураббий қўл остида бундай режимда футболчилар қай даражада кўринишади, бу ҳам яна бир масала.
АТЛЕТИКО – РЕАЛ (29 сентябр, 23:55)
Килиан Мбаппе жароҳат олди ва камида уч ҳафтада сафдан чиқди. Бу бир тарафдан меҳмонларга фойда ҳам бўлиши мумкин, сабаби, мавсум бошидан буён жамоа Мбаппега мослашишга ҳаракат қилмоқда, футболчининг “Реал”га интеграция жараёни сабабли, баъзида ҳужум чизиғида муаммолар ҳам вужудга келаётганди. Мбаппенинг йўқлиги Анчелоттининг вазифасини бироз осонлаштириши мумкин, зеро ўтган мавсумдаги таркиб ва тактикага қайтиш имконият мавжуд. Шунингдек, ўйиндан олдин Камавинга тестлардан муваффақиятли ўтди ва клуб уни илк дақиқалардан майдонга тушириш ҳақида ўйламоқда. Демак, фақат Давид Алабанинг ҳолати сўроқ остида турганидан ташқари, “Реал” деярли оптимал таркибда “Атлетико”га қарши сафланиши мумкин.
Агар ўзаро ўйинларга эътибор қаратадиган бўлсак, сўнгги мавсумларда “Атлетико”да ҳатто устунлик борлигини ҳам кўришимиз мумкин. Ўтган йили айнан “Атлетико” “Реал”нинг илк мағлубиятига сабабчи бўлганди. Кейинроқ Симеоне шогирдлари Испания кубогидан ҳам “Реал”ни чиқариб юборди, чемпионатдаги жавоб ўйинида ҳам мағлубиятга учрамади. Умуман Ла Лига доирасида “Бернабеу”дан кечган охирги 2 ўйин бир хил – 1:1 ҳисобида якунланган.
Турнир жадвалида қараганимизда, ҳар икки жамоа ҳам ҳали мағлубиятга учрамаган. “Реал”да иккита, “Атлетико”да эса учта дуранг бор ва шу туфайли йўқотишсиз кетаётган “Барселона”дан ортда боришмоқда. Демак, бу ўйиндаги очко йўқотиш ҳар икки жамоага ҳам қимматга тушиши, “Барселона” билан фарқ янада ошиб кетиши мумкин. “Реал” кейинги ўйинларни “Вильяреал” ва “Селта” билан, “Атлетико”ни эса Сосьедад сафари кутиб турганини ҳам инобатга олсак, ҳар икки жамоа бироз қийин ва муҳим давр бўсағасида турибди. Шу пайтда мағлубиятга учраш эса табиийки, руҳий томондан ҳам зарба бўлиши турган гап. Яна бир қизиқ факт, “Атлетико” ушбу мавсумда уйида ўз дарвозасидан ҳали гол олиб чиққани ҳам йўқ.
БОШҚА ЎЙИНЛАР
28 сентябр. Удинезе – ИНТЕР (18:00), АРСЕНАЛ – Лестер (19:00), ЧЕЛСИ – Брайтон (19:00), Женоа – ЮВЕНТУС (21:00), Вулверҳэмптон – ЛИВЕРПУЛ (21:30), Болонья – АТАЛАНТА (23:45), Осасуна – БАРСЕЛОНА (23:55)
29 сентябр. Ипсвич – АСТОН ВИЛЛА (18:00), РОМА – Венеция (18:00), НАПОЛИ – Монца (23:45)