Суперлиганинг 20-тури доирасидаги «Динамо» - «Сурхон» (3:0) учрашувидан кейин мезбонлар бош мураббийи Вадим Абрамов матбуот анжуманида журналистлар саволларига жавоб қайтарди.
«Бугунги ўйинни иккига бўлиш мумкин – қизил карточкагача ва ундан кейинги қисмга. Очиғини айтсам, рақиб ўйинчиси қўполлиги учун четлатилганидан кейин бироз хавотирландим ҳам. Сабаби биз икки марта рақибдан сон жиҳатдан кўпчиликда ўйнаб, очко йўқотиб қўйгандик. «Сурхон» жамоаси очиқ футбол ўйнади, биринчи голни уриб олганимиздан сўнг бўш ҳудудлар пайдо бўла бошлади.
- Кожо бугун яхши ўйнади, аммо гол ура олмади, шунингдек ўйин давомида сариқ карточка олди. Бу борада фикрингиз қандай?
- У ҳаракат қилди, аммо бу – футбол. Афсуски, бугун Кожодаги карточкалар сони 4 тага етди ва энди у «Пахтакор»га қарши ўйнай олмайди.
- Анваржон Ҳожимирзаев Суперлигадаги 9-голини урди. У чемпионатда тўпурарлар жадвалида етакчилар қаторида бўлган маҳаллий футболчи. У миллий жамоага муносиб эмасми?
- Бу савол менга эмас. Буни миллий жамоа бош мураббийига берилса, тўғри бўларди. У чинданам ажойиб ўйинлар намойиш этаяпти.
- МТЖ собиқ бош мураббийи шахсий фикрингизни айтингчи, Ҳожимирзаев миллий жамоа даражасидаги футболчими?
- Албатта, бунга шубҳам йўқ. Унинг ҳозирги даражаси миллий жамоа талабига жавоб беради.
- Хислат Халилов кетма-кет чиройли голларни киритмоқда. Унинг ўйини ҳақида фикрингиз?
- Хислат Халилов миллий жамоага номзод футболчи. У ўйинлар давомида кутилмаган зарбаларни йўллайди ва дарвозани ишғол қилади. Бугун ҳам чиройли гол киритди. У бироз дангасароқ йигит, ҳали ўз имкониятини ярмини ҳам ишга солгани йўқ. Ўз устидан тиним билмай ишласа, янада ўсади. Биз ундан кўпроғини кутяпмиз.
- Кожо ўйиндан кейин хурсанд эмасдек кўринди, бу гол ура олмагани билан боғлиқми?
- Ҳужумчи учун гол уришга кўпроқ ҳаракат қилиш нормал ҳолат, бу фақатгина гол ура олмагани учун эмас, сариқ карточка учун ҳам хафа бўлиши мумкин. Чунки кейинги ўйинини ўтказиб юборади.
- Жамоанинг энг яхши ўйинчиси сифатида кимни танлаган бўлардингиз?
- «Динамо» жамоасини.
- Кейинги ўйинларда «Пахтакор» ва «Навбаҳор»га қарши ўйинлар кутиб турибди...
- Бизни қизиқарли ўйинлар кутиб турибди.