«Бока Хуниорс» Серхио Ромерони мухлислар билан жанжаллашгани учун дисквалификация қилди.
Клуб шанба кунги дербида «Ривер Плейт»га 0:1 ҳисобида мағлуб бўлди. Беллашув ҳар икки жамоанинг 9 футболчиси сариқ карточка олиши билан якунланди.
Ўйин якунлангач, дарвозабон панжара устидан энгашиб, мухлис билан юзма-юз баҳслаша бошлаганида «Бока» фанатларидан бири қўлини Ромеронинг кўкрагига қўйди ва бу «Манчестер Юнайтед»нинг собиқ футболчисини ғазаблантирди. Бир неча киши, жумладан, «Бока»нинг захира дарвозабони Леандро Брей Ромерони олиб кетишга ҳаракат қилди. «Бока»нинг бошқа мухлислари жамоани ҳақоратлай бошлашди ва кейинроқ трибунада жанжал бошланди.
«Бока Хуниорс» Ромерони жамоанинг кейинги 2 ўйинидан четлатишга қарор қилди.
«Шунингдек, воқеага сабабчи бўлган уч нафар мухлиснинг шахси аниқлангани ва уларга нисбатан тегишли чоралар кўрилишини маълум қиламиз.
Клубимиз мухлислар, футболчилар, ходимлар ва директорлардан иборат катта оила бўлиши керак. Шундай экан, барчамиз бир-биримизни доимо ҳурмат қилишимиз ва клуб манфаати йўлида ҳамжиҳат бўлиб, «Бока» иштирок этадиган спорт ва мусобақалардан завқланиб, тинчлик ва ҳамжиҳатликда бўлишга мажбурмиз», — дейилади клуб баёнотида.