25.09.2024 15:40
3454
Теглар
«Барса»да ажойиб старт ва катта муаммо: тер Стегенсиз қолган жамоанинг аҳволи қандай кечади?

Испания Ла Лигаси дастлабки 6 та турининг барчасини ютган «кўк-анорранглилар» бу мавсумда барча совринлар учун курашда катта фаворит эканлигини исботлагандек туюлаётганди. Бироқ энди барчаси ўзгарди: жамоа асосий сардори ва дарвозабонини йўқотди. Хўш, бунинг жамоа натижаларига таъсири қандай бўлади?

«Вилярреал»га (5:1) қарши учрашувни замбилда тарк этган Марк-Андре тер Стегенга бир кун ўтиб тизза пайларининг ёрилиши ташхиси қўйилди ва германиялик посбон операция столига ётадиган бўлди. Бу каби жароҳатлардан тикланиш тахминан 8-10 ойгача вақт олиши хабар қилинмоқда. Демак, 32 ёшли футболчи учун мавсум аллақачон якунланди. Бу эса Ҳанси Флик қураётган янги «Барселона» учун катта зарба. Клуб физиотерапия бўлими раҳбари Луис Пучнинг The Athletic’га берган интервюси орқали ушбу жароҳатнинг нақадар мураккаб эканлигини билишимиз мумкин.

«Пай тўқимаси ёрилиб кетган тақдирда, уни қайтадан тиклаб чиқиш талаб этилади. Дастлабки икки ой давомида ҳаракатланиш имконияти тикланиб борар экан, бу жараёнда ўта эҳтиёт бўлиш талаб этилади. Муолажа қилинаётган жойга катта кучланиш келмаслиги лозим. Жараён ривожлангани сари ҳаракатчанликни унга мос равишда ошириб бориш мумкин бўлади. Бу жуда ҳам секин кечадиган тикланиш жараёни бўлиб, ўта машаққатли ва оғриқли кечиши аниқ. Устига-устак, гап дарвозабон ҳақида кетмоқда ва унинг фаолияти сакраш ҳамда тўпга отилишдан иборат. Иккиланмасдан муолажани 8-10 ой давом этишини тахмин қилсак бўлади».

Тер Стегеннинг тиззаси билан муаммолари 2020 йилдан бери бор ва клуб раҳбарияти бундан доим хабардор бўлган. Хўш, унда нега унга ўринбосар олиб келинмаган? Чунки улар ўз тарбияланувчилари Иняки Пеняга ишонч билдирган. Ҳозирда 25 ёш бўлган дарвозабон 13 ёшлигидан бери клуб тизимида шуғулланиб келади. 2022 йил январида «Галатасарой» уни 6 ойлик ижарага таклиф этди ва бу келишув анча муваффақиятли кечди. Айниқса, «Барселона»нинг ўзига қарши Европа Лигасида кечган беллашувларда испаниялик дарвозабон ўзини яхши кўрсата олди ва келгуси мавсумдан жамоанинг иккинчи дарвозабони сифатида олиб қолинди. Унга бўлган ишончнинг юқорилигини ёш дарвозабон Арнау Тенаснинг «ПСЖ»га текинга ўтиб кетишига йўл қўйиб берилганида янада яққол намоён бўлади.

Бироқ «Барселона» мухлисларининг Пеня борасидаги ўтган мавсумдаги таассуротлари у қадар яхши эмас. Мавсумнинг ўртасида тер Стеген белидан жароҳат олган ва операция сабаб 3 ой майдонга туша олмаганди. Унинг ўрнида 17 та баҳсда қатнашган Иняки жами 32 бор тўп ўтказиб юборган ва 3 тагина учрашувда дарвозаси даҳлсизлигини таъминлай олганди. Албатта, ўтган мавсум Хави жамоасида кузатилган умумий инқироз даврига биргина Пеняни айбдор қилиб қўйиш ноҳақлик бўлади, бироқ айнан унинг хатоси эвазига каталонлар дарвозасидан ўрин олган тўплар ҳам йўқ эмас. Ёш дарвозабонлар Диэго Кочен ва Андер Астралага доимий равишда жамоа машғулотларига жалб қилиб келинаётган бўлса-да, уларга ҳозирча ҳеч бир расмий ўйинда дарвозани қўриқлаш насиб этмади.

Дарвоза позициясидаги муаммони ҳал қилишнинг яна бир йўли эркин агент бўлиб турган посбонларнинг бири билан шартнома имзолашдир. Аммо «кўк-анорранглилар»нинг молиявий фэйр-плей билан боғлиқ қийинчиликларини ҳисобга олган ҳолда бу вариантнинг ҳақиқатга у қадар яқин эмаслигига амин бўламиз.

Таркибдаги муаммолар дарвоза чизиғисиз ҳам анча жиддий тус олган. Жамоа ҳозирда биргина ҳақиқий таянч яримҳимоячиси Марк Касадо билан қолган ва бу мавсумда асосий жамоада рўйхатдан ўтказилган 20 ёшли футболчига ҳимоячи Эрик Гарсия ёрдам бериб келмоқда. Аммо бу ҳамкорликни муваффақиятли ечим деб айта олмаймиз. УЕФА Чемпионлар Лигаси 1-туридан ўрин олган «Монако»га (1:2) қарши беллашувда айнан Гарсия таянчда тўпни олдириб, Минаминога нисбатан фол ишлатишга мажбур бўлди ва «Барса» 10-дақиқадаёқ бир киши кам бўлиб қолди. Албатта, бу вазиятда тер Стеген ҳам шериги атрофида бўлаётган босимни тўғри баҳолай олмади. Матбуотда германиялик посбоннинг икки ён тарафидаги бўш футболчилар туриб, Эрикка тўпни узатгани кескин танқид қилинди. Лекин Флик жамоасини мавсум аввалидан кузатиб келаётган мухлислар айнан марказдаги футболчига пас ва ўша ўйинчининг қанотга узатмаси орқали рақиб олд чизиқ прессингини ёриб ўтаётганини яхши билишади. Эрик Гарсия эса бу вазиятда ҳушёрликни қўлдан бой берди ҳамда ўз хатоси эвазига жазоланиб, жамоасини оғир аҳволга солиб қўйди.

Шунингдек, ҳимоя марказида ҳам аҳвол оғир. Ҳозирда асосий жамоа футболчиларидан Пау Кубарси ва Иниго Мартинес тандемда доимий равишда марказий ҳимояда ҳаракатланмоқда. Эрик Гарсия яримҳимояга ёрдам бермоқда, Жюл Кунде ўнг қанотда ўйнамоқда, Андреас Кристенсен ва Роналд Араухо жароҳат билан сафдан чиққан. «Вилярреал»га қарши ўйинда академия тарбияланувчиси Серхи Домингес илк бор бошланғич таркибда майдонга тушди.

Ўз навбатида, Ла Лигадаги муваффақиятли старт шунчаки омад маҳсули эмаслигини каталонияликлар исботлаб улгуришди. Уларнинг ғалабаларини осон рақиблар устидан эришилганини даъво қилаётганлар бор, бироқ «Атлетик» ўтган мавсум «Барса»ни Қирол кубогидан чиқариб юборган жамоа эди, «Жирона» ҳар иккала даврада ҳам қўшниларини 4:2 ҳисобида енгишга эришганди, «Вилярреал»нинг «Монжуик»даги 5:3 ҳисобидаги ғалабасидан кейин эса Хави мавсум якунида истеъфога чиқишини эълон қилиб юборганди. Албатта, уларнинг йўлидан росмана элита жамоалари чиқмади ва октябр ойи якунида қаторасига икки азалий рақибларга қарши беллашувлар кутиб турибди: «Бавария» ва «Реал». 3 кун оралиғида «Барса» иккала жамоа билан тўқнаш келади, лекин унгача ҳали бир ой вақт бор.

Ҳозирги кунда Ансу Фати нормал ҳолатда машғулот ўтамоқда. Френки де Йонг ҳам жамоа билан умумий машғулотларда қатнашмоқда ва унинг қайтиши ФИФА кунларидан сўнг рўй бериши тахмин қилинмоқда. Октябр охирларигача Гави ҳам 1 йилга чўзилган тикланиш ишларини якунлаб яна майдонга қайтиши мумкин бўлади, у ҳам машғулотларда мунтазам ишламоқда. Яқиндагина жароҳат олиб, сафдан чиққан Фермин Лопес ва Дани Олмо ҳам юқорида эслатиб ўтганимиз — катта ўйинларгача Ҳанси Флик ихтиёрига қайтиши кутиляпти. Бироқ на уларнинг ўз вақтида қайтиши ва на ҳозирги таркиб футболчиларининг ўша вақтгача соғ ҳолатда етиб бориши кафолатланмаган.

«Барселона» мухлисларига умид бахш этаётган жиҳат эса Ҳанси Фликнинг таркибдаги бор футболчилар билан яхши ўйин қура олиш маҳоратидир. Дани Олмо жароҳат олиб, Педри орқароқда Касадога ёрдам бераётганидан келиб чиқиб, жамоага креативликни ким бера олиши ҳақида саволлар бўлаётганди. Германиялик мураббий ўтган мавсум Хави жамоасида жой топилмай «Жирона»га ижарага кетган ва у ерда ҳам асосий таркибга кира олмаган Пабло Торрени ўз услубига мослаштирди. 21 ёшли яримҳимоячи эса Ла Лигада «Барса»дан кейинги энг кўп гол урган жамоа бўлиб турган «Вилярреал»га қарши 66 дақиқа ўйнаб, биттадан гол ва ассистга муаллифлик қилишга эришди.

Дарвозабон масаласидаги савол билан бошлагандик. Хўш, тер Стегеннинг майдонда эмаслиги жамоага таъсир қиладими? Ҳа, бироқ у қадар катта фарқ бўлмайди. Боиси, германиялик посбон билан ҳам «Барса» ҳимояси идеал эмасди ва Флик ҳимоядаги хатоларни, асосан, кўпроқ голлар уриш орқали ёпиб келмоқда. Ваниҳоят, бу клуб тарбияланувчиси ҳисобланган Иняки Пеняга ўзини кўрсатиб олиш учун росмана катта имконият ва ушбу мавсумда ўзини қандай тутиши унинг фаолиятида ҳал қилувчи аҳамият касб этади. 25 ёшли посбон ўтган мавсумда Куртуанинг йўқлигида катта саҳнага чиққан Андрей Луниндан ўрнак олса, не ажаб.

The Athletic маълумотлари асосида Абдулбасит Валихонов тайёрлади

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар