24.09.2024 20:57
4092
Теглар
Ҳакамлар комиссияси хулосаси: «Динамо» дарвозаси томон белгиланган пеналти – нотўғри қарор, «Металлург»нинг голи бекор қилиниши керак эди

Суперлига 19-туридаги баҳсли вазиятлар юзасидан Эксперт-ҳакамлар комиссияси хулосаси эълон қилинди.

Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази мазкур учрашувлар тугагач, Эксперт-ҳакамлар комиссиясининг навбатдаги йиғилишини ўтказди ва тур доирасида кузатилган баҳсли вазиятлар таҳлил қилинди. Бу беллашувларда жами 13 та баҳсли вазият юзага келди. 

Қуйида уларнинг батафсил изоҳи ва чиқарилган якуний қарорлар билан танишишингиз мумкин:

1-вазият. «Нефтчи» - «Қизилқум» қарама-қаршилиги: баҳсли пенальти.

«Нефтчи» - «Қизилқум» учрашувининг 8-дақиқасида меҳмонларнинг 70-рақамли футболчиси рақиб жарима майдонига ёриб кирди. Зарба бераётган чоғида уни меҳмонларнинг 25-рақамли вакили тўхтатиб қолди. Бош ҳакам Хушнуд Суюнбоев пенальти белгилади, ВАР ҳам унинг қарорини маъқуллади.

 Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда ҳимоячи рақибига нисбатан қўполлик ишлатган. Эксперт-ҳакамлар комиссияси ҳакамнинг қарорини тўғри, деб топди.

2-вазият: «Нефтчи» - «Қизилқум» ўйини: баҳсли вазият.

«Нефтчи» - «Қизилқум» учрашувининг 15-дақиқасида мезбонлар дарвозаси олдида хавфли вазият юзага келди ва тўп дарвоза томон йўл олди. Бош ҳакам Хушнуд Суюнбоев тўп чизиқдан қайтарилди, деб топди ва баҳсни давом эттирди. 

 Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда тўп дарвоза чизиғини кесиб ўтган ёки ўтмаганлигини исботлайдиган кадр мавжуд эмас. Эксперт-ҳакамлар комиссияси камера ракурсидан ҳолат яхши кўринмаганини маълум қилган ҳолда ҳакамнинг қарорини қўллаб-қувватлайди ва уни тўғри, деб ҳисоблайди.

3-вазият. «Нефтчи» - «Қизилқум» қарама-қаршилиги: баҳсли 11 метрлик жарима зарбаси.

«Нефтчи» - «Қизилқум» учрашувининг 65-дақиқасида меҳмонлар қулай вазиятга эга бўлди. Навоийликларнинг 22-рақамли футболчиси рақиб жарима майдонида ҳимоячилар томонидан тўхтатиб қолинди. Бош ҳакам Хушнуд Суюнбоев монитор орқали ҳолатни ўргангач, нуқтага ишора қилди.

 Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда ҳимоячи рақибига нисбатан ўйин қоидасини бузган. У тўп учун ҳаракат қилмаган. Эксперт-ҳакамлар комиссияси томонидан ҳакамларнинг қарори тўғри, деб топилди.

4-вазият: «Локомотив» - «Навбаҳор» ўйини: баҳсли вазият.

«Локомотив» - «Навбаҳор» учрашувининг 57-дақиқасида мезбонларнинг 72-рақамли аъзоси яхши вазиятга эга чиқди. Бироқ меҳмонларнинг 12-рақамли вакили уни қўполлик эвазига тўхтатиб қолди. Бош ҳакам Никита Мустафин ҳимоячига сариқ карточка кўрсатди. 

 Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда ҳужумчи дарвозага нисбатан узоқ масофада жойлашганди ва қизил карточка бериш учун сабаб йўқ. Комиссия ҳакамнинг қарори тўғри эканини маълум қилади.

5-вазият. «Локомотив» - «Навбаҳор» қарама-қаршилиги: баҳсли қизил карточка.

«Локомотив» - «Навбаҳор» учрашувининг 63-дақиқасида мезбонларнинг 15-рақамли футболчиси наманганликларнинг 12-рақамли аъзосига тирсаги билан зарба берди. Бош ҳакам Никита Мустафин дастлаб футболчига сариқ карточка кўрсатди. ВАР ҳаками уни монитор ёнига чақиргач, рефери қарорни қизил карточкага ўзгартирди.

 Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда ВАР ҳолатга тўғри аралашган. Футболчи рақибига нисбатан ўта қўпол ҳаракат қилган. Бу ҳолат учун қизил карточка кўрсатилиши лозим эди. Эксперт-ҳакамлар комиссияси ҳакамнинг қарорини тўғри, деб топди.

6-вазият: «Сўғдиёна» - «Андижон» ўйини: баҳсли пенальти.

«Сўғдиёна» - «Андижон» учрашувининг 49-дақиқасида мезбонларнинг 14-рақамли аъзоси яхши вазиятга эга чиқди. Аммо кейинчалик у рақиб жарима майдони ичида йиқилиб тушди. Бош ҳакам Аҳрол Рисқуллаев баҳсни давом эттирди. 

 Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда ҳужумчи пенальти ишлашга ҳаракат қилган, унга нисбатан ҳимоячи қўполлик ишлатмаган. Комиссия ҳакамнинг қарори тўғри эканини маълум қилади.

7-вазият: «Сўғдиёна» - «Андижон» ўйини: баҳсли вазият.

«Сўғдиёна» - «Андижон» учрашувининг 81-дақиқасида андижонликларнинг 14-рақамли вакили мезбонларнинг 8-рақамли аъзосига нисбатан қўпол ҳаракат қилди. Бош ҳакам Аҳрол Рисқуллаев футболчига сариқ карточка кўрсатди. 

 Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда футболчи рақибга эҳтиётсизлиги сабаб қўполлик ишлатган, бу ҳолатда қизил карточка бериш учун сабаб йўқ. Комиссия ҳакамнинг қарорини тўғри, деб ҳисоблайди.

8-вазият. «Металлург» - «Пахтакор» тўқнашуви: мезбонларнинг голи.

«Металлург» - «Пахтакор» учрашувининг 72-дақиқасида мезбонлар ўзининг иккинчи голини урди. Бош ҳакам Аскер Нажафалиев мазкур ҳолатда фол қайд этилмаганини ва гол тоза урилганини қайд этди. 

 Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда ВАР ҳолатга аралашмасдан нотўғри қилган. Бу вазиятда меҳмонларнинг 7-рақамли футболчисига нисбатан ўйин қоидаси бузилганди. Эксперт-ҳакамлар комиссияси томонидан ҳакамларнинг қарори нотўғри, деб топилди.

9-вазият: «Олимпик» - «Динамо» ўйини: баҳсли вазият.

«Олимпик» - «Динамо» учрашувининг 72-дақиқасида самарқандликларнинг 10-рақамли вакили мезбонларнинг 18-рақамли аъзосига нисбатан қўпол ҳаракат қилди. Бош ҳакам Тимур Тўхтасинов монитор орқали вазиятни ўргангач, футболчига сариқ карточка кўрсатди. 

 Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда футболчи рақибга жиддий тарзда қўполлик ишлатмаган, бу ҳолатда қизил карточка бериш учун асос йўқ. Комиссия ҳакамларнинг қарорини тўғри, деб ҳисоблайди.

10-вазият: «Олимпик» - «Динамо» ўйини: баҳсли пенальти.

«Олимпик» - «Динамо» учрашувининг 82-дақиқасида мезбонларнинг 81-рақамли аъзоси рақиб жарима майдони ичида ҳимоячилар томонидан тўхтатиб қолинди. Бош ҳакам Тимур Тўхтасинов нуқтага ишора қилди. 

 Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда ВАР ҳолатга аралашиши керак эди. Ҳужумчи пенальти ишлашга ҳаракат қилган ва унга нисбатан ҳимоячи қўполлик ишлатмаган. Комиссия ҳакамларнинг қарори нотўғри эканини маълум қилади.

11-вазият. «Сурхон» - «Бунёдкор» қарама-қаршилиги: баҳсли 11 метрлик жарима зарбаси.

«Сурхон» - «Бунёдкор» учрашувининг 70-дақиқасида мезбонлар қулай вазиятга эга бўлди. Бироқ термизликларнинг 66-рақамли футболчиси рақиб жарима майдонида ҳимоячилар томонидан тўхтатиб қолинди. Бош ҳакам Иброҳим Исмоилов дастлаб  пенальти белгилади. Аммо реферига ВАР орқали тушунтириш берилгач, у офсайд қайд этди ва баҳсни эркин зарба билан давом эттирди.

 Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда ВАР ўйиндан ташқари ҳолат борлигини текширган. Ўз-ўзидан пенальти белгилаш учун сабаб йўқ. Эксперт-ҳакамлар комиссияси томонидан ҳакамларнинг қарори тўғри, деб топилди.

12-вазият: «Насаф» - ОКМК ўйини: баҳсли пенальти.

«Насаф» - ОКМК учрашувининг 17-дақиқасида мезбонлар посбони ва 22-рақамли тўп учун тўқнашди ва ҳимоячига теккан тўп майдон ташқарисига чиқиб кетди. Бош ҳакам Ғайрат Жўраев баҳсни давом эттирди. 

Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда тўп ҳимоячининг қўлига беихтиёр тарзда ўз шеригидан келиб теккан. Қоидага кўра, бу каби ҳолларда пенальти белгиланмаслиги лозим. Комиссия ҳакамларнинг қарори тўғри эканини маълум қилади.

13-вазият. «Насаф» - ОКМК қарама-қаршилиги: баҳсли 11 метрлик жарима зарбаси.

«Насаф» - ОКМК учрашувининг 37-дақиқасида мезбонлар қулай вазиятга эга бўлди ва шу ҳолатда тўп меҳмонларнинг 15-рақамли футболчисига тегиб, майдон ташқарисига чиқиб кетди. Ўзи учун яхши жой танлаган бош ҳакам Ғайрат Жўраев тўп қўлга тегди, деб ҳисоблади ва пенальти белгилади. 

 Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда ВАР ҳаками ҳолатни аниқ исботлаб берувчи кадр мавжуд эмаслиги боис вазиятга аралашмаган. Шу туфайли, Эксперт-ҳакамлар комиссияси томонидан ҳакамларнинг қарори тўғри, деб топилди.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар