Криштиану Роналду ўзининг YouTube'даги саҳифасида Рио Фердинанд билан суҳбатининг 4-қисмини эълон қилди. Унда португалиялик ҳужумчи янги авлод юлдузлари борасидаги фикрлари билан бўлишди.
Рио: «Тарихдаги энг яхши футболчилардан бирининг янги авлод юлдузлари ҳақидаги фикрини билиш қизиқ бўларди. Балки, улар тез орада қироллик тожига эга чиқар, масалан, Ламин Ямал. Бу ёш футболчида нималарни кўрасан?»
Роналду: «Мен унда катта потенциал кўряпман. Жуда иқтидорли бола, лекин унга омад керак бўлади, чунки ҳали жуда ёш. У ҳеч қандай муаммога йўлиқмаслигига умид қиламан».
Рио: «У бу ёшда на сен, на Месси қилган ишларни амалга оширмоқда»
Роналду: «Албатта, у Испания миллий жамоасининг ғалабасида катта ҳисса қўшди. Лекин шошмаслик керак. Кўрамиз, узоқ йиллар давомида нима бўлар экан. Лекин ишонаманки, у бу янги авлоднинг энг яхшиларидан бири бўла олади».
Рио: «Жуд Беллингҳэмнинг «Реал»даги стартига қандай баҳо берасан, сен бу жараённи биласан, Мадриддаги биринчи йил қийинчиликларини босиб ўтгансан...»
Роналду: «У ҳақида ҳам бир хил гапни такрорлайман. Улкан имкониятларга эга футболчи, яхши атмосферадаги жамоага бориб қўшилди ва жамоадошлари — Камавинга, Родриго, Винисиус сингари ўсишга эришмоқда. Ўйлашимча, у ўзининг топ футболчи бўлишига ёрдам бера оладиган жамоада. Унинг ҳам янги авлод футболчиларининг энг яхшиларидан бирига айланишига ишонаман».
Рио: «Бу ҳақда суҳбатлашар эканмиз, ўғлинг тўғрисида ҳам гаплашишимиз керак. Уни профессионал футболга қўйиб юборишни қандай тасаввур қиласан?»
Роналду: «Олдин ҳам айтганимдек, ўз мисолимда унга муваффақият харитасини бераман. Бу авлод болаларига бир нарсани буюриб қилдириш қийин. Болаларимиз барибир қайсидир нуқтада қийинчиликларга учрашини қабул қилишимиз керак. Бунинг учун эса барчасини уларнинг ўзига қўйиб бериш керак. Улар керак жойда қоқилишлари, бир четда ёлғиз йиғлашлари ва кейин эса ҳаракатда давом этишлари керак».
Рио: «Ўша «Спортинг» академиясида ўйнаб юрган кезларингда ҳам ўзингда қандайдир ўзига хос иқтидор борлигини сезармидинг?»
Роналду: «Менинг таълим-тарбиям қолган болаларникидан фарқ қиларди, туғилган шароитим бошқачароқ эди ва шу боисдан дунёқарашим ҳам ўзгача шаклланганди. Мендан бу ҳарактеримнинг сабабини сўрасанг, аниқ жавоб бера олмайман. Чунки ҳар биримиз бошқачамиз ва бир-биримизни такрорламаймиз. Мен ўзимни сендан ёки бошқадан иқтидорлироқ демайман, шунчаки сизлардан бошқачаман. Бу каби дунёқарашнинг шаклланишида, албатта, оила ва сенинг атрофингдаги дўст-яқинларингнинг ўрни катта бўлади».
Рио: «Футболдан кейинги ҳаётинг қандай кечади?»
Роналду: «Бизнесларим бор, улар билан машғул бўламан. Тадбиркорлик олами менга бегона эмас, шу билан бирга у ерда биринчи рақамли ўйинчи ҳам эмасман. Мен футболда ақллиман, бироқ бизнес дунёсида мендан ҳам ақллилар бор эканлигини яхши ҳис қиламан. Имкон қадар уларга яқинроқ бўлиб, янги нарсаларни ўрганишга ҳаракат қиламан».
Рио: «Интервю учун раҳмат, оғайни. Ажойиб суҳбат бўлди».
Роналду: «Сенга ҳам раҳмат, Рио. Умид қиламанки, бу охиргиси эмас. Ҳаётимиз давом этади, сен ижодда давом этасан, менинг каналим ҳам тўхтамайди. Келганинг учун раҳмат».
Абдулбасит Валихонов таржимаси