19.09.2024 17:38
7726
Теглар
Кожо «Истиқлол»га трансфери амалга ошмагач, «Динамо» раҳбариятини айблади. Клуб вазиятга ойдинлик киритди

«Динамо» ҳужумчиси Кожо Жоэлнинг Эроннинг «Истиқлол» клубига трансфери амалга ошмай қолгач, асли ганалик бўлган форвард ижтимоий тармоқда «Динамо» раҳбариятини айблади ва кўп ўтмай бу ҳақдаги постини ўчирди. Кўп ўтмай, унинг рафиқаси клуб аслида 100 минг долларга розилиги, аммо музокаралар пайтида 300 минг долларлик таклифни рад этганини айтди. Клуб вазиятга ойдинлик киритди.

«Истиқлол»дан таклиф

Теҳроннинг «Истиқлол» клуби Эрондаги трансфер ойнасининг сўнгги куни – 18 сентябрда Кожо Жоэл бўйича Самарқанднинг «Динамо» клубига таклиф билан чиқди. Эрон нашрлари хабарига кўра, Теҳрон клуби 26 ёшли ҳужумчининг трансфери бўйича Самарқанд клубига 500 минг АҚШ доллари беришга рози бўлган. «Динамо» эса футболчи учун 1 миллион доллар сўраган. Чоршанба куни бир қатор форс нашрлари Кожо «Истиқлол» билан 2 йиллик шартнома имзолагани ҳақида хабар бера бошлади. Кожонинг ўзи ҳам ОФК Элит лигасида пешқадамлик қилаётган Жалолиддин Машарипов тўп сураётган Теҳрон клубига ўтишни истаганди.

«Уч баравар кўп таклиф қилишганди»

18 сентябрдан 19 сентябрга ўтар кечаси, Теҳрон вақти билан соат 23:59гача (Тошкент вақти билан 01:30) «Истиқлол» клуби Кожо трансфери масаласида Самарқанд клуби билан музокара ўтказган, аммо 100 минг АҚШ долларидан бошланган музокаралар 300 минг долларга етганда «Динамо» музокарани тўхтатган. Якунда трансфер амалга ошмай қолган. Бу ҳақда Кожонинг турмуш ўртоғи шундай дейди:

«Менимча, ҳақиқатни айтиш керак. Эрон клуби трансфер учун 300 минг доллар таклиф қилди. Тунги соат 00:30 га қадар музокара давом этди. Сўнгги лаҳзада «Динамо» директори мураббий кўрсатмаси билан шунчаки қўнғироқларга жавоб бермай қўйди.

Мураббий йил бошида бизга «Агар, Кожога кучли клуб таклиф билан чиқса, уни қўйиб юборилишини ва футболчи учун хурсанд бўлишини айтганди. Ўшанда 100 минг долларга қўйиб юборишга рози бўлишини айтганди. Энди эса уч баравар кўп таклиф қилишганди. Кеча кун бўйи улар бизни умидлантиришди, аммо сўнгги лаҳзада трансфер амалга ошмай қолди», - дейди футболчининг рафиқаси.

 «Мураббий ва раҳбарият ҳаётимни барбод қилишди»

Трансфер амалга ошмай қолгач, Кожо Жоэл жаҳл устида «Динамо» директори ва бош мураббийини айблади.

«Энг катта мақсадим ҳали олдинда. Аммо мураббийим ва клуб раҳбарияти келиб тушган таклифни рад этишди. Бу менга жуда оғир ботди. Мураббий ва клуб раҳбарияти ҳаётимни барбод қилишди.

Мураббий ва раҳбарни менга нисбатан қилган иш учун Аллоҳ кечирмайди. Мен футболга бўлган бор умидимни йўқотдим дўстлар, футбол ўйнаш учун умуман кайфият, хоҳишим йўқ», - дея ёзди Кожо 200 мингдан ортиқ обуначисига эга инстаграмдаги саҳифасида. Бироқ кўп ўтмай, ушбу постни ўчириб ташлади.

«Динамо» Кожога нисбатан чора кўради

«Динамо» ПФК матбуот хизмати жамоа ҳужумчиси Жоэл Кожо бўйича Эрон, Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг бир қатор нашрлари, ижтимоий тармоқларда тарқалган трансфер хабарлари бўйича расмий муносабат билдиради.

«Динамо» ПФК шуни маълум қиладики, дарҳақиқат Эрондаги трансфер ойнасининг сўнгги кунида жамоамиз ҳужумчиси Жоэл Кожо бўйича Эроннинг «Истиқлол» клубидан расмий таклиф тушди. Аммо Ўзбекистон Суперлигасида трансфер ойнасининг аллақачон ёпилгани, ҳозирда Жоэл Кожонинг ўрнини тўлдиришнинг имкони йўқлиги сабабли «Динамо» ПФК форс клубининг таклифини рад этди. Клуб футболчининг ижтимоий тармоқларда эълон қилган фикрларини ички тартибда кўриб чиқади ва тегишли чора кўради», - дейилади клуб баёнотида.

«Кожо «Динамо»да шу даражага етганини унутмаслиги керак» - Абрамов

Жоэл Кожонинг трансферига боғлиқ вазият ва футболчининг мураббий шаънига айтган фикрларидан кейин Вадим Абрамовнинг бу борадаги фикри билан қизиқдик.

«Эрондаги трансфер ойнаси сўнгги кунларида Кожо трансфери бўйича иккита таклиф олгандик. Уни нега қўйиб юбормадик? Биласиз, ҳозирда Суперлигада трансфер ойнаси ёпилган. Унинг ўрнини тўлдира олмасдик. Агар бунинг иложи бўлса, трансфер амалга ошиши мумкин эди, эҳтимол. Шунчаки, у «Динамо»да шу даражага етганини унутмаслиги керак. Унинг ҳали 1,5 йиллик шартномаси бор», - дейди Вадим Карленович Tribuna.uz мухбири билан суҳбатда.

Кожо «Олимпик» билан ўйинда ўйнайдими?

«Динамо» жамоаси Суперлига 19-тури доирасида 21 сентябр куни Тошкентда «Олимпик» меҳмони бўлади. Кожо ушбу учрашувда майдонга тушиши мумкин.

Клуб матбуот хизматининг Tribuna.uz сайтига маълум қилишича, Кожо Жоэл бугунги машғулотларда ҳам қатнашган ва «Динамо» жамоаси билан бирга бугун, 19 сентябр куни Самарқанддан Тошкентга жўнаб кетган. Футболчининг шанба кунги баҳсда майдонга тушиш масаласи мураббийлар штабига боғлиқ.

Маълумот учун, Кожо 2023 йилда Қирғизистон чемпионатидан «Динамо»га ўтиб, 2023 йилда Про лиганинг энг яхши тўпурарларидан бирига айланган, ҳозирда эса Суперлигада тўпурарлар қаторида бормоқда. Асли ганалик форвард Қирғизистон миллий жамоасининг тўпурарларидан бири саналади ва у Эрон ва Ўзбекистонга қарши ўйинларда асосий таркибда тўп суриб, миллий жамоамиз дарвозасини ишғол этганди. Ҳужумчининг «Динамо» билан шартномаси 2025 йил охирига қадар имзоланган.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар