Адриано декабр ойида хайрлашув ўйини ўтказишини эълон қилди.
2016 йилдан буён ўйнамаган 42 ёшли ҳужумчи фаолиятида 8 йилдан кўпроқ ҳаракат қилган икки клуб – «Фламенго» ва «Интер» ўртасидаги баҳс орқали хайрлашув ўйини ўтказади.
Хабарни футболчининг ўзи ижтимоий тармоқларда тасдиқлади. Ўртоқлик ўйини 15 декабр куни «Маракана»да бўлиб ўтади ва унда иштирок этадиган футболчиларни Адрианонинг шахсан ўзи таклиф қилади.
Бразилиялик собиқ ҳужумчи ҳар бир жамоада ярим бўлимдан ўйнашни режалаштирган.
Адриано «Фламенго» сафида 92 та ўйин ўтказиб, 45 та гол урган ва 2009 йилги Бразилия чемпионатида ғолиб чиққан. «Интер»да эса 177 та ўйинда 74 та гол урган ва 2006 йилдан 2009 йилгача кетма-кет тўрт карра Италия чемпионига айланган, шунингдек, Италия кубогининг икки карра ғолиби бўлган.
Собиқ футболчи Бразилия таркибида 2006 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этган, 2004 йилги Америка кубоги ва 2005 йилги Конфедерациялар кубоги чемпионига айланган.