«Шеффилд Юнайтед» ҳимоячиси Анел Аҳмедҳожич Босния сафидан бутунлай четлатилди.
25 ёшли футболчи аввалроқ миллий жамоада ўйнашдан вақтинчалик бош тортганини маълум қилганди.
Бундан ташқари, у жамоа шифокорларини танқид қилиб, уларнинг ўз ишларига муносабатини «ҳаваскорлик» деб атаган.
Аҳмедҳожич шифокорларни ўтган йили жароҳатини оғирлаштирганликда айблаган, чунки тиббий ходимлар кичик жароҳати бор ҳимоячини Люксембургга қарши Евро саралаш ўйинига яроқли деб топишганди.
«Ҳеч ким, ҳатто жаноб Анел Аҳмедҳоджич ҳам миллий жамоада қачон ва қайси вақтда ўйнаш ё ўйнамаслигини танлай олмайди. Миллий жамоа — бу дин, муқаддас бурч, энг олий вазифа. Сиз танламайсиз, лекин танланасиз!
Айтишимиз мумкинки, унинг миллий жамоадаги фаолияти якунланади. Уни яқин ёки узоқ келажакда таклиф қилиш — бу ватан ва миллий жамоани севадиган ҳар бир киши учун катта ҳақорат бўлади. Унинг ҳаракатларида ҳеч қандай асос йўқ. У барча боснияликларни ҳақорат қилди. Шунинг учун биз бунга қатъий жавоб берамиз», — деди жамоа спорт директори Эмир Спаҳич.
Босниялик ва швециялик ота-онадан туғилган ҳимоячи миллий жамоа сафида 24 та ўйин ўтказиб, 1 та гол урган.