11.09.2024 21:32
8001
Теглар
Роналду — «Реал»даги фаолияти, Мбаппенинг Мадридга ўтиши ва Крооснинг фаолиятини якунлагани ҳақида

Куни кеча Криштиану Роналду ўз «YouTube» саҳифасида Рио Фердинанд билан подкастининг навбатдаги қисмини эълон қилди ва унда Мадрид клубидаги фаолияти, Мбаппенинг «Реал»га мослашиши ҳақидаги фикри ва Тони Крооснинг фаолиятини якунлашига муносабати ҳақида гап боради.

Рио: «Кел, Европа футбол клублари ҳақида гаплашамиз. Сенинг улар билан катта ҳикоянг бор. «Реал Мадрид», сен у ерда фантастик йилларни ўтказгансан. Аввало, уларнинг ўтган мавсуми ҳақида қандай фикрдасан?
Роналду
: «Реал Мадрид» яхши кўринмоқда. Бу шундай жамоаки, босим остида бўлса ҳам, шошмайди. Кўпчилик уларни омадли дейди, лекин гап омадда эмас. Улар ўз мияларини мана шундай вазиятлар учун тайёрлайдилар. «Бернабеу»даги муҳит бутунлай бошқача. У ердаги энергия бошқаларникидан фарқ қилади. Бошқа жамоалар келиб гол урса ҳам, 90-95 дақиқани даҳшатли босим остида ўтказадилар. «Реал Мадрид» мен учун тарихдаги энг яхши клуб. Улар бундан кейин ҳам шундай бўладими-йўқми, билмайман, лекин келинг, кўрайликчи! Ҳозир у ерга Мбаппе борди ва ўйлашимча, у билан жамоа кучли бўлишда давом этади. Лекин улар ўтган йилдан кўра яхшироқ бўладиларми, билмайман. Фақат Худо билади, лекин у ерда фантастик жамоа бор. Ишонаманки, улар яна дунёнинг энг кучли клубларидан бири бўладилар».

Рио: «Ушбу клубдалигингда ҳар мавсум ақлбовар қилмас даражада кўп голлар урардинг. Бу даражадаги босим остида қандай қилиб буни уддалардинг?
Роналду
: «У ерда титуллар ютдим, голлар бўйича рекордчига айландим ва мен учун ушбу клубда 8-9 йил давомида ўйнаш, 4 карра Чемпионлар Лигасини ютиш росмана бахт бўлган. У ерда ҳамма нарсани ютишга эришганман. Мен бу клубни жуда севаман.

Рио: «Сен босиб ўтган йўлни ҳозирда Мбаппе ҳам ўтамоқда. Бироқ сенинг бу клубга ўтишинг ўша вақт учун жуда катта воқеа эди ва бир гал суҳбатлашганимизда кийим алмаштириш хонасидаги испан контингенти билан мослашиб кетиш қийин кечганини айтгандинг».
Роналду
: «Ўша пайтда футбол тарихидаги энг қиммат футболчига айлангандим. Бу ўзига яраша босим берарди, бироқ ўзимга ўзим, агар мен Премьер-лигада энг зўр футболчи бўлсам, «Олтин тўп» ва Чемпионлар Лигасини ютган бўлсам, нега қўрқишим керак, дедим. Мен муваффақият қозонишимга ишонардим. Ўз иқтидорим ва имкониятларимга ишонаман. 24 ёш эдим ва янги давлатга кўникишим керак эди. Аммо доим позитив кайфиятда қолганман. Дунёдаги энг зўр клуб ва бу ерда «Манчестер Юнайтед»да қилганимдек тарих яратмоқчи эдим. Менимча, бунинг уддасидан чиқдим. Мени биласан, чақириқларга доим лаббай деб жавоб берадиган инсонман ва одамларга ўзимни исботлашни яхши кўрардим. Ҳатто шу ёшимда ҳам одамлар мен ҳақимда ўйлаётганларига буткул тескари натижалар билан уларни ҳайрон қолдиришга ҳаракат қиламан. Ҳа, бу қийин кечган, лекин «Реал Мадрид»да ўйнаганимдан бахтиёрман».

Рио: «Килиан Мбаппе у ерга мослашиб кетиши учун нима қилиши керак деб ўйлайсан?»
Роналду
: «Мен у катта қийинчиликка учрайди, деб ўйламайман. Чунки, бу клубда структура яхши шаклланган. Ва уларда яхши мураббий, ажойиб президент бор ҳамда улар клубда анча йиллардан бери ишлаб келмоқда. Килиан — рақобатбардош йигит ва у ҳаммага нималарга қодирлигини аллақачон кўрсатиб бўлган. Фикримча, у кейинги йилларда «Олтин тўп»ни юта оладиган қобилиятга эга. Шунингдек, Ҳоланд, Беллингҳем, Винициус, Ламин… Ўйлашимча, бу янги авлодда ажойиб иқтидорлар бор.

Рио: «Сенинг шу ёшда бу қадар зўр ўйнашингдан ҳайратга тушамиз ва Пепе менга сен билан муносабатлари ҳақида гапириб берганди. Менга тушунтириб бера оласанми, сен ва у бундай даражани 40 ёш арафасида қандай ушлаб қолгансиз?»
Роналду
: «Биз Пепе билан Еврода экстра тайм ўйнадик, 4 кундан кейинги ўйинимиз яна қўшимча бўлимларга ўтди ва биз уни ҳам тўлиқ ўтказдик. Одамлар буни етарлича қадрлашмайди, нега бизнинг майдондалигимиз ҳақида саволлар берадилар. Лекин бу мен қилишни хоҳлаган нарса. Грузияга қарши 90 дақиқа ўйнамадим. Бунинг барчаси дунёқараш билан боғлиқ. Қайсидир ёшга етганингда фарқни дунёқарашинг белгилайди, тананг эмас. Агар ўзингга яхши қарасанг, тананг сенга 10-15 йил яхши хизмат қилиши мумкин. Ундан кейин эса сенга ақл керак бўлади. Чунки, барча спорт турларида фаолиятни якунлашнинг ўртача ёши 30 ва 40 оралиғида. Теннис, Формула 1, футбол ва бошқалар… Сендаги гармонлар ва барча хусусиятлар шуни талаб қилади. Бу — ҳаёт қонуни. Лекин Пепе ва мен инсон ўз танасини парвариш қилса, қанчалик узоққа бора олиши мумкинлигига яхши намуна бўла олдик.

Рио: «У майдонга тушса, энг жанжалкаш одамга айланади-а?»
Роналду
: «Ҳа, лекин ҳаётда жуда яхши йигит ва уни ўта профессионал одам сифатида биламан».

Рио: «Тасаввур қил, сен мавсумни «Олтин бутса» билан якунладинг. Миянгдан қандай ўйлар ўтадики, кейинги мавсум яна шу ишни қилишга ўзингда мотивация топасан?»
Роналду: «Мен буни иштиёқ билан боғлайман. Бу менда футболга нисбатан ҳамон сақланиб турган очлик. Мен футболнинг касалига айланиб қолганман. Мен голлар уришга шу қадар боғланиб қолганманки, шу ёшимда ҳам буни бирдек хоҳлайвераман».

Рио: «Фаолиятини узоқ давом эттириш ҳақида гапирарканмиз, баъзи футболчиларнинг уни анча эрта якунлаши ҳақида ҳам фикр алмашсак. Мисол учун, Тони Кроос 34 ёшда тўхтатди ва менимча, у ҳали ўйнай оларди. Менга у ҳақида гапириб бер, у билан бир неча йил ўйнагансан?»
Роналду: «Бу — унинг футболга ва ҳаётга бўлган қараши. Биз футболдан ташқариги ҳаётида нималар бўлаётганини билмаймиз. Биз уни ҳурмат қилишимиз керак. Баъзилар узоқ йиллаб футбол ўйнаяпти, бироқ ҳаммамиз ҳам бир хил эмасмизку. Унинг қарорини ҳурмат қиламан, чунки Тони бир нарсани қиламан дедими, албатта охирига етказадиган инсон. Агар мендан у яна бир неча йил ўйнай олармиди, деб сўрасанг, ҳа дейман. Лекин балки, унда футболга алоқадор бўлмаган муаммолар бордир. Биз уни ҳурмат қилишимиз керак», - дейди Роналду.
 

Абдулбасит Валихонов таржимаси.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар