Ўзбекистон миллий жамоаси беш кун ичида иккита муҳим ва кутилмаганда қийин учрашув ўтказди ва 100 фоизлик натижа билан Эронга шерик сифатида гуруҳ пешқадами бўлиб олди. Тажрибалар аллақачон тугагани ва бош мураббий Сречко Катанец ўзи учун асосий футболчиларни танлаб бўлганини эътиборга олган ҳолда, ўтган икки ўйинга айнан майдонга тушган футболчилар бўйича баҳо берамиз. Бундан буёғига қаердандир янги юлдуз пайдо бўлиши ёки кимдир сафга қайтишидан ҳам кўпроқ, айнан машғулотлар ва тактика орқали мавжуд таркибдан оптимал фойдаланиш асосий вазифага айланади.
Дарвозабон
Ўткир Юсупов
Қирғизистондаги ўйинда дарвоза соҳасига тўғри борган икки зарбадан икки гол ўтказган бўлса-да, ўша голларда ҳимоячиларнинг хатоси кўпроқ бўлгани, қолаверса, зарбалар етарлича яқин масофадан йўлланганини эътиборга олиш керак. Шимолий Кореяга қарши Тошкентда кечган ўйинда эса у пеналти қайтарди ва ҳисобдаги устунликни сақлаб қолди.
Умуман олганда, биринчи рақамли дарвозабон Ўткир Юсуповнинг икки ўйинини ҳам яхши деб баҳолаш мумкин. Камида, миллий жамоадаги ўз ўрнини мустаҳкамладики, пасайтириб қўймади. Юсупов – Неъматов рақобатида ҳозирча Ўткир бироз устунликка эга. Табиийки, Неъматов ҳам борлиги мухлисларни хотиржам қилади. Юсуповга Эрон тажрибаси ҳам қўл келишни бошласа керак, айниқса, стандарт вазиятларда, юқори узатмаларга чиқишда ижобий ўзгаришни кутиш мумкин.
Латераллар
Шерзод Насруллоев:
Ўйин вақти – 180 дақиқа
Ассист – 2
Аниқ паслар – 83/108
Тўп йўқотиш – 1
Ердаги яккакурашлар – 2/8
Юқори қаватдаги курашлар – 5/7
Қоида бузиш – 1
Алдаб ўтилди – 2
Тўпни эгаллаб олиш – 14
Зарба – 1
Голли вазият яратиш – 3
Ўртача баҳо – 7,7.
Ҳожиакбар Алижонов:
Ўйин вақти – 133 дақиқа
Аниқ паслар – 76/97
Тўп йўқотиш – 1
Ердаги яккакурашлар – 5/10
Юқори қаватдаги курашлар – 0/0
Қоида бузиш – 0
Алдаб ўтилди – 1
Тўпни эгаллаш – 10
Зарба – 3
Голли вазият яратиш – 1
Ўртача баҳо – 7.
Умуман олганда, қанот футболчиларимиз ёмон таассурот қолдиришмади. 3-5-2 ёки 3-4-3 схемаси айнан қанот ҳимоячиларнинг функциялари нуқтайи назаридан 4 ҳимоячили схемалардан кескин фарқ қилишини инобатга олсак, Катанец айнан мана шу позициядаги футболчиларга мослашишга ҳаракат қилганини тахмин қилиш қийин эмас. Ушбу позиция мазкур схемада энг муҳим саналади ва мос ижрочиларсиз уч марказий ҳимоячили схемада ўйнашнинг сира иложи йўқ.
Қанотларга эътибор берилса, ўзига хос мувозанатни кўриш мумкин – чапда тўпни ўнг оёққа қабул қиладиган ва марказга ўтиб ўйнайдиган Машарипов ва услубан унинг акси бўлган, яъни тўпни йўлига қабул қиладиган ва асосан тезлик билан ёриб киришга ҳаракат қиладиган Насруллоев. Ўнг қанотда эса бунинг акси, Алижонов кўпроқ Машарипов услубига ўхшаш ҳаракат қилади, Ўрунов ўнг қанотда ўнг оёқли классик вингер, жарима майдонига ёриб киради.
Машарипов (Файзуллаев ҳам) тўпни ўзида сақлаган ҳолда қанот футболчиси ёриб киришини кутса, Ўруновнинг вазифаси умуман бошқача – у олдинги чизиқда тўпни ҳимоячидан ўзи қабул қилиши лозим. Шунинг учун ҳам Алижонов ва Насруллоев бир қараганда айни позицияда бўлишса-да, майдондаги вазифалар нуқтайи назаридан бир-биридан кескин фарқ қилишади.
Шу жиҳатдан, Машарипов билан бирга Сайфиев эмас, Насруллоев ўйнаётгани ўзини оқлаяпти, дейиш мумкин. Машарипов билан бирга Насруллоевда ҳужумга қўшилиш ва ассистлар амалга ошириш учун кўпроқ имконият бўлади. Унинг рейдлари чап қанотдан ҳам хавфли узатмалар амалга ошишига имкон яратмоқда. Кейинги ўйинлар учун ҳам қайд этиш мумкинки, Шерзод айнан шу йўналишда кўпроқ фойда келтириши мумкин. Агар рақиб жарима майдонида очилишларни кўпайтирса, унга етарлича узатмалар бўлишини кутсак бўлади. Алижоновдан эса, бошқача услубни кутамиз – унинг кўпроқ марказий ҳимоячилар билан ўйнаши ва олдинги чизиқдаги зоналарни ўз вақтида пайқаши лозим бўлади. Таққослаш ўринли бўлса, «Ливерпул» қанот футболчиларидан олсак, Насруллоев кўпроқ Робертсон, Алижонов эса Трент-Александр Арнолддан намуна олишига тўғри келади.
Марказий ҳимоячилар
Ҳусниддин Алиқулов:
Ўйин вақти – 180 дақиқа
Гол – 1
Зарбалар – 4
Аниқ паслар – 78/98
Тўпни қайтариш – 12
Тўпни эгаллаш – 9
Алдаб ўтилди – 1
Ердаги яккакурашлар – 4/7
Юқори қаватдаги кураш – 5/10
Қоида бузиш – 2
Ўртача баҳо – 7,6.
Умар Эшмуродов
Ўйин вақти – 180 дақиқа
Аниқ паслар – 57/66
Тўпни қайтариш – 7
Тўпни эгаллаш – 5
Алдаб ўтилди – 1
Ердаги яккакурашлар – 2/4
Юқори қаватдаги кураш – 0/5
Қоида бузиш – 0
Ўртача баҳо – 6,5.
Рустам Ашурматов:
Ўйин вақти – 152 дақиқа
Аниқ паслар – 72/93
Тўпни қайтариш – 6
Тўпни эгаллаш – 14
Алдаб ўтилди – 1
Ердаги яккакурашлар – 5/10
Юқори қаватдаги кураш – 3/8
Қоида бузиш – 1
Ўртача баҳо – 6,9.
Аслида, рақиблар савиясидан келиб чиқсак, марказий ҳимоямиз мукаммал ўйинни намойиш қилиши кутилади. Шимолий Кореяга қарши ўйинда жиддий эътирозлар йўқ ҳам. Аммо Қирғизистондаги ўйиннинг айниқса, биринчи бўлимида айнан марказий ҳимоячиларимизда саросима сезилди. Ўтказиб юборилган биринчи голни ушбу учлик гарданига юклаш мумкин.
Қуйида қирғизлар ҳисобга очган ҳужумнинг бошланиши акс этган. Қарши ҳужумда, узоқ масофага берилган пас ҳисобига ушбу вазият юзага келганини эътиборга олсак, Насруллоевнинг юқори позицияси ҳам тушунарли. Аммо узатма бироз ноқулай ва хавфсиз ҳудудга берилганини инобатга олсак, бирданига икки ҳимоячимизнинг қанотдаги вингерга ҳужум қилиши, айниқса, Кожонинг қулай позицияга чиққанини ҳам ҳисобга олсак, нотўғри бўлди. Бу вазиятда қирғизистонлик футболчи биргина пас билан шеригини Юсупов билан яккама якка чиқариб юбориши мумкин эди.
Юқоридаги расмга яна бир бор эътибор беринг, Алимардон Шукуров фаол ҳужумга қўшилишга ҳаракат қиляпти, унинг ёнида таянч яримҳимоячиларимиздан ҳеч ким йўқ. Бу эса, оддий вазиятни 3 га 3 хавфли ҳолатга айлантирмоқда.
Биринчи расмдаги ҳолат голли вазиятга олиб келмади, узатма ноаниқ чиқди, аммо иккинчи темпда етиб келган Алимардон Шукуров тўпни эгаллаб олди. Иккинчи расмдан кўриш мумкинки, Ҳамробеков уни ёпишга улгурмади ва анча орқада қолиб кетди. Ўнг қанотда бирданига икки марказий ҳимоячимиз ташлангани учун Алиқулов қийин вазиятда қолди. У ҳам Шукуровга пешвоз чиқиши, ҳам Кожони қочирмаслиги керак. Бу вазиятда Эшмуродов Кожони Алиқуловдан «қабул қилиб олиши» лозим эди. Аммо ҳеч ким ҳеч нарсага улгурмади.
Биринчи бўлим охирида Алиқулов ҳисобни 2:2 кўринишига етказиб, жуда муҳим бурилишга сабаб бўлди. Аммо барибир, учлигимиз ҳатто Қирғизистон билан муаммоларга дуч келаётгани кишини бироз хавотирга солади. Назаримда, кейинги ўйинларда қайтадиган Абдуқодир Ҳусанов айнан Умар Эшмуродовнинг ўрнини эгалласа керак.
Марказ
Отабек Шукуров:
Ўйин вақти – 161 дақиқа
Ассист – 1
Аниқ паслар – 100/118
Голли вазият – 4
Зарбалар – 3
Рақиб жарима майдонига узатмалар – 12
Тўпни олиб қўйиш – 5
Тўпни эгаллаш – 11
Алдаб ўтилди – 2
Ердаги яккакурашлар – 7/13
Юқори қаватдаги курашлар – 2/5
Қоида бузиш – 3
Ўртача баҳо – 7,8.
Одил Ҳамробеков:
Ўйин вақти – 180 дақиқа
Аниқ паслар – 78/101
Голли вазият – 1
Зарбалар – 1
Рақиб жарима майдонига узатмалар – 13
Тўпни олиб қўйиш – 5
Тўпни эгаллаш – 11
Алдаб ўтилди – 4
Ердаги яккакурашлар – 7/15
Юқори қаватдаги курашлар – 3/3
Қоида бузиш – 3
Пеналтига сабаб бўлиш – 1
Ўртача баҳо – 7,1.
Юқоридаги рақамлар икки ўйин бўйича олинган, аммо агар ҳар икки учрашувни алоҳида кўриб чиқсак, Шимолий Кореяга қарши ўйинда айнан марказий яримҳимоя чизиғи панд берганини кўрамиз. Ўз майдонимизда фаворит сифатида тушган ўйинимизда айнан таянч зонаси ўйинни бошқариши кутилади. Аммо биз ўша ўйинда тўпни кўнгилдагидек назорат қила олмадик, ҳатто фоиз ҳисобида устунлик рақибда бўлди. Масалан, Ҳамробеков бутун ўйин давомида атиги 25 та аниқ пас берди – икки жамоа футболчилари орасида 13-ўрин. Агар Ўзбекистоннинг Эрон, Австралия каби кучли жамоаларга қарши ўйинлари билан таққосласак ҳам, Одил аввалги ўйинларда икки баробар кўпроқ тўп билан муомала қилганди. Айниқса, ҳам Шукуров, ҳам Ҳамробековнинг тўпни эгаллаши ҳамоно олдинги чизиққа ўткир пас беришга уриниши, кўп ўринларда шошилиши натижасида ўйиннинг бироз хаотик кўринишига замин яратди.
Юқорида Қирғизистоннинг биринчи голини кўриб чиқдик. Стандарт вазиятда ўтказиб юборилган иккинчи голда бутун жамоа, жумладан, таянч зонаси вакилларининг ҳам айби бор.
Узоқ масофадан юқорилатиб оширилган тўп қайтарилгач, бу сафар ҳам иккинчи темпни бой бердик. Зарипбеков бош билан тўпни жарима майдони марказига қайтараётган пайтда етарлича катта ҳудудда Абдураҳмонов очиқ қолдирилган. Биринчи голдаги хатога ўхшайди – бирданига уч футболчи Зарипбековга ташланиши ва жарима майдонида бизникилар икки баробар кўп бўлса-да, катта очиқ зона пайдо бўлди. Стандарт вазиятларда персонал ёки зонал ҳимоя амал қилинишидан қатъи назар бундай жойлашув кечирилмайди – ҳам катта зона, ҳам рақиб футболчиси эътиборсиз қолдирилган.
Ҳужум
Жалолиддин Машарипов (Ўртача баҳо – 8,2)
Остон Ўрунов (Ўртача баҳо – 7, 5)
Элдор Шомуродов (Ўртача баҳо – 8,1)
Қўшимча кўрсаткичлар шарт эмас, оддий кўз билан ҳам ушбу футболчиларнинг ўйиндаги таъсирини илғаш мумкин. Учала футболчи ўз ҳисобига биттадан гол ёзиб қўйди – Машарипов ва Ўрунов ҳал қилувчи голларни урган, Шомуродов ҳисобни тенглаштириб, қайсидир маънода жамоани ўйинга қайтарган.
Миллий жамоа аввалги циклда сўнгги босқичгача етиб келолмаганини яхши эслаймиз. Бунинг бугунги кунга таъсир қиладиган салбий ҳолатлардан бири шундаки, таркибда бундай жиддий ўйинлар тажрибасига эга футболчилар кўп эмас, ахир сўнгги босқич тажрибаси бўлиши учун футболчи 7 йил олдин ҳам миллий жамоага жалб қилинган бўлиши керак. Саралаш босқичидаги сўнгги ўйин – Жанубий Корея билан Тошкентдаги аламли дурангда иштирок этган футболчилардан фақат уч нафари ҳозир ҳам таркибда: Отабек Шукуров, Жалолиддин Машарипов ва Элдор Шомуродов. Демак, айнан мана шу учликка бошқалардан кўра кўпроқ вазифа юкланади.
Шукуров ва Шомуродовнинг жамоадаги фойдали ўйинлари янгилик эмас, Отабек ўтган икки ўйинда фақат аввалги ўзи билан солиштирганда бироз ишончни оқламаган бўлса-да, унинг салоҳияти маълум. Айнан Жалолиддин Машариповнинг ўйини айтиш мумкинки, яхши томондан сюрприз бўлди. Икки сафар ҳам Машарипов ўйинни бошқаришга уринди, авваллари кўп кузатиладиган ноўрин финтлар ва ноаниқ зарбалар кўринмади. Имкон қадар жамоа учун ўйнаётгани, керакли пайтда оддий, аммо ишончли қарорлар қабул қилаётгани одамни хурсанд қилади. Айниқса, юқорида тилга олганимиздек, унинг Насруллоев билан жуфтлиги ҳужум чизиғида янги чизгилар яратяпти. Машариповнинг Шомуродов билан ҳам ўзаро боғлами кўнгилдагидек дейиш мумкин. Агар Машарипов худди шу шаклда марказий яримҳимоячилар билан ҳам тушуниш даражасини оширса, кўп қаватли комбинацияларда иштирок этишни кучайтирса, ёки масалан, Файзуллаев ва Эркинов билан ҳам бирга самарали ўйнай олишини намойиш қилса, жиддийроқ, ҳал қилувчи ўйинларда илгари кузатилмаган Машариповни кўришимиз мумкин.
Остонни эса, ҳар томондан Қирғизистондаги муҳим индивидуал гол қутқариб қолди.
Сречко Катанец
Қирғизистон билан ўйин сценарийси Катанец учун янгилик эмас. Унинг Ўзбекистондаги фаолиятида мана шундай кечган учрашувлар кўп бўлди – ўйинда бурилиш ясаш, очиқ футболда ижрочилардан фойдаланиш ёмонмас – майдонда Машариповни эмас, Ўруновни олиб қолиш қарорининг ўзи ҳам якунда ғалабага сабаб бўлганини эътироф этиш керак.
Аммо кўпроқ Шимолий Корея билан ўйин бироз пессимистик ҳиссиётларни яратди. Ўз майдонимизда кучсиз рақиб билан бемалол ўйинни назорат қилиш мумкин бўлган шароитда қониқарли даражада ўйин кўрсата олмадик. Агар пеналтидан ҳисоб тенглашганида, кейинги голни уриш жуда қийин бўлиши сезилиб турганди. Кучли жамоалар билан муносиб ўйнаш, камбэклар жуда яхши, аммо икки йилдан бери деярли ўзгаришсиз таркиб ва тактикада жамоани бошқараётган, биргаликда Осиё кубоги тажрибасига эга бўлган мураббий ҳозирги паллада ўзгармас ўйин базасига эга бўлган жамоани шакллантириб бўлиши керак.
Ўйин базаси нима дегани? Масалан, жамоа рақибга қараб турли режа тузиши, ҳимоявий ёки ҳужумкор режимда ҳаракат қилиши, тўпни назорат қилиш ёки рақибга топширишга қарор қилиши мумкин. Аммо бундан мустақил равишда жамоада доимо ишлайдиган асослар бўлиши шарт. Квадрат ўйнайсиз-ку, мана шу ишни каттароқ зонада, яриммайдонда қилиш мумкин, маълум ҳаракатлар орқали очиқ зоналар ва футболчилар пайдо қилинади. Баъзида тез. Баъзида пастроқ темпда. Бу нима учун керак? Рақиб босим қилиши, ўйин услуби бузилиб кетиши, режа иш бермаслиги, футболчилар спорт формаси пасайиб қолиши мумкин, шундай ҳолатларда тўплаб ушлаб турилади, майдоннинг турли ҳудудларида сон жиҳатдан устунликни ташкил қилиб, тўп ўша ҳудудларга олиб борилади ва ҳоказо.
Ёки аутдан тўп отганда жойлашув орқали тўпни сақлаб туриш, дарвозабон ўйинга киритаётганда олдириб қўймаслик, хуллас, гол уришдан ташқари вазифалар – ўйин темпини назорат қилиш орқали қулай ўйин картинаси яратишга уриниш.
Бусиз жамоа савияси бўйича устунлик йўққа чиқиб қолади, рақиб Шимолий Корея бўладими, Қирғизистонми, тенглик юзага келиб қолади, маҳорат ёрдам бермайди. Ғалаба қозониш шарт бўлган ўйинларда ҳам кутилмаганлик фактори пайдо бўлади. Бу эса жаҳон чемпионатига чиқиш учун энг катта ва хавфли тўсиқ.
Қаҳрамон Асланов