10.09.2024 03:23
565
Теглар
Уй, автомобил, пул маблағлари: Паралимпиада-2024 совриндорлари қандай кутиб олинди?

XVII ёзги Паралимпия ўйинларида иштирок этган Ўзбекистон делегацияси Тошкентга қайтди. Миллий паралимпия қўмитасида совриндорларга хонадон, машина ва пул кўринишидаги “Президент совғалари” топширилди.

28 август – 8 сентябр кунлари Франция пойтахти Париж шаҳрида ташкил қилинган XVII ёзги Паралимпия ўйинларида тарихий натижа қайд этган ўзбекистонлик спортчилар ватанга қайтишди. Тошкент халқаро аеропортида расмийлар, спортчиларнинг оила аъзолари, мухлислар ҳамда ОАВ вакиллари иштирокида Паралимпиада совриндорлари ҳамда иштирокчиларини тантанали тарзда кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.

Маросимда сўзга чиққан расмийлар матонатли спортчиларимизнинг 10 та олтин, 9 та кумуш ва 7 та бронза – жами 26 та медални қўлга киритиб, ҳақиқий қаҳрамонга айланишгани, шу натижа билан делегация Паралимпия ўйинларини 168 та мамлакат орасида 13-ўринда якунлагани, жумладан, Осиёда учинчи, МДҲ, Марказий Осиё минтақаси, Ислом бирдамлиги ва Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар орасида биринчи ўринни эгаллагани таъкидланди.

Уч карра паралимпия ўйинлари чемпиони Ҳусниддин Норбеков ва олтин медал соҳиби Асила Мирзаёрова, мураббий Сардор Абдухолиқов, шунингдек, чемпионларнинг ота-оналари сўзга чиқиб, келгусида ҳам янги зафарларга эришиш учун бор куч-ғайратларини ишга солишларини билдиришди.

Шундан сўнг, Париж-2024 қаҳрамонлари махсус автобусларда Миллий Паралимпия қўмитаси томон йўл олишди. Қўмита ҳовлисида тақдирлаш маросими бўлиб ўтди, унда Сенат раиси Танзила Нарбаева ва унинг ўринбосари Содиқ Сафоев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов Париж-2024 қаҳрамонларига давлат раҳбарининг совғаларини топширдилар.

Президент қарорига мувофиқ,

-  Олтин медал соҳибларига 200 минг АҚШ доллари, Tahoe автомобили, 2 қаватли коттеж:

-  Кумуш медал соҳибларига 100 минг АҚШ доллари, BYD Song Plus EV Champion Flagship автомобили ва хонадон;

-  Бронза медал соҳибларига 50 минг АҚШ доллари, BYD Song Plus DM-I Champion Flagship автомобили ва хонадон ҳадя қилинди.

Паралимпия баҳсларида икки спортчи: Толиббой Йўлдошев (олтин ва бронза) ҳамда Нурхон Қурбонова (олтин ва бронза) иккитадан медални қўлга киритишди. Уларга 200 минг ва 50 минг доллар алоҳида тақдим этилди. Машина ва уй эса биттадан, яъни олтин медал соҳибларига бериладиган Таҳое ҳамда икки қаватли коттеж совға қилинди.

Эслатиб ўтамиз, совғалар давлат буджетидан ажратилади, мукофотлар миқдори давлат раҳбари томонидан 2022 йилнинг феврал ойида тасдиқланган.

Маълумот ўрнида, Париждаги Паралимпиада Ўзбекистон учун энг муваффақиятлиси бўлди. Жумладан, спортимиз тарихида илк бор 65 нафар ўзбекистонлик пара атлет Паралимпия ўйинларига 113 та лицензия қўлга киритди, миллий делегация биринчи бор Паралимпия ўйинларида 9 та спорт турида иштирок этди.

Паралимпия ўйинлари тарихида биринчи марта ўзбекистонлик пара енгил атлетикачилар 16 та медал билан умумжамоа ҳисобида 2-ўринни ва пара таеквондочилар 3 та медал билан умумжамоа ҳисобида 3-ўринни эгаллашди.

Ҳусниддин Норбеков 3 карра Паралимпия ўйинлари ғолиби бўлган илк спортчи, Шаҳина Йигиталиева делегация таркибида Паралимпия ўйинлари совриндори бўлган энг ёш спортчи сифатида тарихга кирди.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар