10.09.2024 13:07
2144
Карвахал — Евродаги ғалаба, можарога сабаб бўлган қўшиқ ва «Реал»даги келажаги ҳақида

Дани Карвахал 32 ёшида футболда эришиш мумкин бўлган деярли барча нарсага эришди, бироқ мана шундай катта футболчи учун ҳам шу йилнинг ёзи унутилмас ўтгани аниқ. У Чемпионлар Лигаси финалидаги голи орқали «Реал»га ўз рекордини янгилаб, 15 карра қитъанинг тенгсиз клуби бўлишига ёрдам берди. Испанияга эса Евро-2024даги ғалабада кўмаклашиб, миллий жамоасининг Европа чемпионликлари сони бўйича «кўҳна қитъа» етакчисига айланишида иштирок этди.

The Athletic Дани билан эксклюзив интервю уюштириб, «Олтин тўп» учун кураш олиб бораётган ҳимоячидан барча қизиқарли мавзулар юзасидан саволларга жавоб олди.

Еврони ютган жамоага қандай баҳо берасиз, хусусан, Ламин Ямалнинг ўйинига?

— Бизда яхши жамоа бор. Ўзаро ҳурмат ва қийин вазиятлардан чиқиб кетишимизга ёрдам берувчи, бир-бирига нисбатан меҳр-муҳаббатга қурилган муносабатлар кийим алмаштириш хонасида ажойиб атмосферани юзага келтирган.

Ямалнинг ёшида «Барселона»дек клуб ва Испания миллий жамоасида элита даражасини кўрсатишни ақлга сиғдириш қийин. У жамоага яхши киришиб кетди. У ҳали бола ва бундай пайтда сен оёқларинг ердан кўтарилиб кетмаслигига эътибор қаратишинг керак. Лекин Ламин — ажойиб бола.

Чоракфиналда Германияга қарши баҳс охирида Мусиалани тортиб қолиб, майдондан четлатилишинг билан Испанияни қийин вазиятга тушириб қўйдинг. Шу ҳақида гапириб берсанг…

— Мен Жамолга зиён етказиш ниятида эмасдим, бу шунчаки ҳазиломуз ҳаракат эди. Буни уларнинг қарши ҳужумини тўхтатиш учун қилдим. У тўпга ажойиб тарзда тегди ва мени ортда қолдирди. Уни ушлаб қолишга ҳаракат қилишим давомида беҳосдан бўйнидан тутиб қолдим. Қаеридан ушласам ҳам, уни тўхтатиб қолсам бўлди эди.

Англияга қарши финалга қандай тайёрландинг ва уларга жамоа сифатида қандай баҳо берасан?

— Биз ўз таҳлилларимизни қилгандик — уларнинг кучли жиҳатларини билардик. Чап тарафда Жуд Беллингҳэм ичкарига ёриб кириши мумкин, қанотда Букайо Сака хавф туғдира олади. Биз уларни зарарсизлантиришга ҳаракат қилдик. Яхшироқ ўйнашга эришдик, кўплаб вазиятлар яратдик ва охирида Микел Ойарсабалнинг голи бизга Еврони ютиб берди.

Инглизлар жуда рақобатбардош, иқтидорли футболчилар кўп ва улар кўп нарсага қодир. Уларнинг сўнгги икки Еврода финалгача етиб келганликлари кучли ёшлардан таркиб топган авлодлари борлигини кўрсатади.

Мората ва Родрининг «Гибралтар Испанияники» дея куйлаган қўшиғи ва ундан кейин юзага келган можароларга муносабатинг қандай? (Изоҳ: Мората ва Родри чемпионликни нишонлаш маросимида шу сўзлар билан қўшиқ куйлашган ва УЕФА уларни биттадан ўйинга дисквалификация қилганди)

— Бу ҳақда кўп гапирилди, лекин бу кимгадир зиён етказиш ёки можарога сабаб бўлишни кўзлаб қилинган иш эмасди. Ҳаммаси оддий: Испания Пиреней яриморолида жойлашган Гибралтар учун Буюк Британия билан доим кураш олиб борган ва финал Англияга қарши эди. Финалдан аввал ҳам трибуналардан шундай қўшиқни эшитгандик ва биз Еврони ютдик, қўшиқ қисман ҳазил тариқасида куйланди. Агар бундан кимдир ўзини ҳақоратлангандек ҳис қилган бўлса, узр сўраймиз. Лекин англиялик кимдир нимадир дедими? Менимча, йўқ, қўйсангиз-чи!

Мбаппенинг келишидан сўнг «Реал»ни қандай кўряпсан?

— Тони Кроос, Начо ва Хоселу бизни тарк этганидан сўнг унинг келиши муҳим ўзгариш бўлди. Килианнинг келиши ортидан мураббийнинг мослашиши керак бўлган кучли футболчилари рўйхати яна биттага кўпайди.

«Маллорка» ва «Лас-Палмас»га қарши беллашувларда бизнинг ўйинимизга бироз изчиллик етишмади ва тез орада биз бунга эришамиз. «Бетис»га қарши ўйинда (2:0) жамоа анча яхши жиҳатларини кўрсата олди. Биз анчайин мукаммал ўйин кўрсатдик ва ФИФА кунларидан сўнг жамоа сифатида шаклланишни давом эттирамиз.

Таркибда чап қанотдан тезлик олувчи футболчиларнинг кўплиги сабаб қандайдир муаммолар кузатиляптими?

— Табиийки, ҳужумдаги учлик (Мбаппе, Винисиус ва Родриго) чап қанотда ўйнаганда ўзини қулай ҳис қилади, бироқ ўтган мавсумда ҳам бизда шу муаммо бор эди ва менинг ҳужумга қўшилишим билан бу масалани ечгандик. Бу йил ҳам бизда қандайдир муаммо бўлади, деб ўйламайман. Тўпни йўқотган вақтингда майдон бўйлаб тўғри тизилиш муҳим, тўп билан эканмиз, мураббий бизга эркинлик беради. Жамоадаги тизим мураббийга боғлиқ ва у якуний қарорни қабул қилади.

Крооснинг фаолиятини якунлаши сени ҳам келажагинг ҳақида ўйлашга мажбур қилмадими? Сен ҳам Мадридда фаолиятингни якунлайсанми?

— Шартнома бўйича яна 1 йил Мадриддаман. Ҳозирча фаолиятимни якунлаш ҳақида ўйламаяпман. Бу масалани оилам билан маслаҳатлашишим керак. Ҳозирча эса ҳар бир ўйин, ҳар бир машғулотдан завқланмоқчиман. Йиллар ўтиши билан ҳар бир сония лаззатини ҳис этиб, ундан роҳат олишни ўрганасан. Менинг клуб билан муносабатларим жуда соф ва очиқ. Агар клуб бунга хоҳиш билдирса, мен яна кўп йиллар шу ерда қолишни хоҳлайман.

Мадрид клубида болалигингдан бери фаолият олиб борасан. Флорентино Переснинг президент сифатидаги жамоага таъсирини қандай баҳолайсан?

— У — энг зўр президент. У спорт мажмуасини, стадионни ривожлантирди, трансферлар масаласида ақл билан иш тутади, ҳақиқий етакчи ва клубнинг росмана раҳбари. Клубда президентдан ҳам муҳимроқ шахс бўлмаслиги муҳим ва Флорентинонинг «Реал» учун қилган ишлари беқиёс.

Авваллари жароҳатларга мойиллиги юқори футболчи сифатида қаралсанг-да, сўнгги йилларни топ-формада ўтказяпсан. Бунинг сири нимада?

— Менга тинимсиз машқ қилиш ёқади, чидамлилик устида ишлашни яхши кўраман. Кикбоксинг билан шуғулланаман, чунки уни югуришдан афзалроқ, деб биламан. Лекин очиғи — икки йилдан бери тўғри овқатланиш, диэта ва яхши дам олиш тартибига риоя этиш орқали жароҳатларга қарши курашяпман. Бу рецептни анча кеч топганим учун бироз афсусдаман, лекин жароҳатлар билан боғлиқ муаммоларга шу тахлит ечим топа олганимдан хурсандман. Йиқилган ҳолатингда қайта ўрнингдан тура олсанг, бунинг гашти ўзгача.

«Реал»ни тарк этсанг, АҚШдан бўладиган таклифларни кўриб чиқасанми?

— Бунинг эҳтимоли катта. Мен «Реал»да ўйнамасам, фаолиятимни Европада давом эттирмоқчи эмасман ва менда танлов имконияти у қадар катта бўлмайди.

Демак, АҚШ, Саудия Арабистони ёки Қатар?

— Ҳа, мана шу 3 давлатнинг бирига йўл олсам керак.

Сен академия футболчилари учун намуналардан бирисан. Чунки айнан сенинг «Байер»га қайта сотиб олиш имконияти билан кетишинг ва қайтарилгач, катта муваффақиятга эришишинг ортидан «кантера» футболчилари «Реал»ни тарк этишдан қўрқишмаяпти. Сен бунга қандай қарайсан?

— Кўплаб футболчилар учун намуна бўлиш — шарафли ҳиссиёт. «Реал» асосий жамоасига кириш учун сен ниҳоятда кучли футболчи бўлишинг керак. Айниқса, ҳужум ва яримҳимояда бу ўта мушкул. Шунинг учун, клуб кўплаб футболчиларни трансфер қилиб юборади ва уларнинг шартномаларига қайта сотиб олиш бандини қўшиб қўяди. Буни «Карвахал йўли» дейишлари мени фахрлантиради. Бу йўл йигитларга клуб асосий таркибига қайтиш учун яхши ривожланиш мактаби

«Реал» ёшлари орасида кимларни ажратиб кўрсата оласан?

— Нико Паз («Комо»га ўтди) — ажойиб футболчи, Марио Мартин («Валядолид»га ижарага берилди) ҳақида ҳам шундай дея оламан. Хакобо Рамон, яқинда жароҳатланган Хоан Мартинез ва чап қанот ҳимоячиси Юсининг келажаги порлоқ, деб ўйлайман.

Абдулбасит Валихонов таржимаси

 

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар