ЖЧ-2026 саралаши 2-тури доирасидаги Қирғизистонга қарши ғалабали ўйиндан (3:2) кейин бош мураббий Сречко Катанец ва ҳужумчи Элдор Шомуродов матбуот анжуманида иштирок этди.
- «Энг аввало, футболчиларимни ғалаба билан табриклайман. Бундай ўйинларда бунақа голларни ўтказиб юборишга ҳақимиз йўқ. Чунки бундай голлар ҳар қандай жамоа учун сюрпризга айланиши мумкин. Ўтказиб юборилган голларга тезкор жавоб бера олдик. Айниқса, Шомуродовнинг голи вақтида урилди. Октябр ойида бизни яна иккита муҳим ўйин кутиб турибди.
Ўзингиз ҳам кўрдингиз, ўйинни бошлагач диққат эътиборни йўқотиб қўйдик. Бундай бўлмаслиги керак эди. Билмадим, майдон ҳолати учунми концентрацияни бир муддат йўқотиб қўйдик. Жаҳон чемпионатининг ҳал қилувчи босқичида бундай хатоларга йўл қўйишга ҳақимиз йўқ, - дейди Сречко Катанец.
«Биринчи навбатда вазифамиз томон яна бир муҳим қадамни ташладик. Бу энг муҳими. Голдан кейин муҳими ўйинни ташлаб қўймай, олдинга бордик ва ғалабани қўлга киритдик. Ортиқча хурсандчиликка берилмаймиз, мақсадни бажариш учун олға боришда давом этамиз. Олдинда ҳали ўйинлар кўп.
Майдоннинг ҳолати? Рақиб билан битта майдонда ўйнадик, шу боис майдоннинг ўйинга таъсир қилгани ҳақида гапириш қийин. Чимнинг ҳолати ёмон эди, деб айта олмайман. Бугун рақиб уйида ўйнаётгани боис жуда кучли иштиёқ билан ўйнади. Шундай ўйинни кутгандик. Улар иккита зарбадан иккита гол уриб кетишди», - дейди Элдор Шомуродов матбуот анжуманида.